Ўзбекистон | 19:37 / 11.05.2020
12402
2 дақиқада ўқилади

Пенсионерларга хизмат кўрсатадиган банкларни танлаш имконияти берилади – Марказий банк

Марказий банкнинг банк назорати департаменти директори Аброрхўжа Турдиалиев АОКАда ўтказилган брифингда пенсионерлар дуч келаётган муаммолар ва уларнинг ечими бўйича маълумот берди. 

«Humo тўлов тизимида 7-8 май куни юзага келган муаммо ҳал қилиниши зарур бўлган бошқа масалалар борлигини ҳам яққол кўрсатди. Пенсия маблағларини ягона банк орқали пенсионерларга етказиш тизими ўз самарасизлигини ва бу амалиётдан воз кечиш лозимлигини кўрсатди.

Бундай муаммолар такрорланмаслиги учун Марказий банк Молия вазирлиги билан биргаликда пенсия маблағларини етказиш тизими тубдан қайта кўриб чиқилиб, тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.

Шу муносабат билан, пенсионерларга банк хизматларидан фойдаланишда максимал даражада қулайлик яратиш мақсадида хизмат кўрсатадиган банкларни танлаш имконияти берилади. Бу орқали пенсионерлар ўзларига мақбул бўлган ихтиёрий банкда ҳисоб рақами очиш орқали уларнинг банк картасидан фойдаланишга имконият яратилади. 

Танлаш имконияти бир марталик бўлмасдан, пенсионерлар кўрсатилаётган банк хизмати сифатидан қониқишидан келиб чиқиб, хизмат кўрсатувчи банкни ўзгартириши мумкин. Бу жараённинг яна бир ижобий томони шундаки, банклар томонидан мижозбай ишлашга бўлган рақобат муҳити яратилади. Бу, албатта, босқичма-босқич амалга оширилади ва маълум муддатни талаб қилади», деди Марказий банк вакили.

У Kun.uz мухбири билан суҳбат чоғида пластик карталарнинг умумий сони бўйича ҳам маълумот берди.

«Бугунги кунга қадар умумий ҳисобда 21,3 млн дона пластик карталар муомилага чиқарилган бўлса, уларнинг 4,1 млн донаси Humo карталари, қолган 17,2 млн донаси Uzcard тизимида ишловчи карталардир.

«Халқ банки» томонидан пенсиялар ва нафақалар учун жами 620 минг дона пластик карталар муомалага киритилган ва улардан 377 минг донаси Humo, 242 мингдан ортиқроғи Uzcard тизими карталари», дейди у.

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид