Ўзбекистон | 00:34 / 20.07.2018
4025
3 дақиқада ўқилади

Франция Ўзбекистонда туризм бўйича "онлайн-таълим"ни йўлга қўйишда кўмак беради

Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Умаров Париж Туризм академиясининг ҳаммуассиси ва масофавий таълимни ривожлантириш директори Клод Банвар билан музокаралар ўтказди. Учрашув давомида Ўзбекистонда "онлайн-таълим"ни ташкиллаштириш ва француз масофавий таълимини татбиқ этиш масаласи муҳокама этилди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Франциялик мутахассис Академия фаолияти 2016 йилда Франция туризмни ривожлантириш агентлиги (Atout France) билан ҳамкорликда ташкиллаштирилганини таъкидлади. Лойиҳанинг умумий нархи 1 миллион АҚШ долларидан ортиқни ташкил қилган. Бугунга келиб ушбу академияда 3500 талаба масофадан туриб таълим олмоқда.

Лойиҳа Бельгия, Германия, Хитой, Испания, Италия ва Нидерландия тажрибасини ўрганишга асосланган саккиз академик курсни ўз ичига олади. Жаноб Бонаврнинг фикрича, интернет майдонида фойдаланувчилар масофавий таълимга катта қизиқиш билдиришмоқда. Франциянинг машҳур университетлари мамлакатнинг туризм соҳасидаги етакчи позициясини инобатга олган ҳолда маърузалар ёзиш ва сотишга тайёр.

Франциялик мутахассис мазкур дастурлар Ўзбекистон бозорида ҳам катта муваффақият ва эътирофга эришишига ишонч билдирди. Франция томон Ўзбекистонда масофавий таълимни йўлга қўйишда ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.

Клод Банвар Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг биринчи босқичида уч муҳим пунктга эътибор қаратди:

  • Франция онлайн-таълим тажрибасини ўрганиш;
  • дастурни Ўзбекистон шароитларига мослаштириш ва уни инглиз ҳамда рус тилларига таржима қилиш;
  • Академиянинг расмий ҳамкори мақомига эга Анжи Университети қошида Кўчмас мулкка техник хизмат кўрсатиш ҳамда хавфсизлик, туризм ва меҳмонхона бизнеси, туризм инжинерияси институтига ўхшаш туризм факультетини очиш.

Учрашув якунларига кўра, Академия ўқув платформасида Ўзбекистоннинг бир вакили учун бепул кириш имкони берилишига келишиб олинди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Икки томон ҳам Франция академияси Ўзбекистонга сармоя киритувчи муассаса шароитларини муҳокама қилиш ва ишлаб чиқишга тайёр эканликларини билдиришди.

Тайёрлаган:  Лола Раҳманбаева

Мавзуга оид