Ўзбекистон | 14:09 / 17.03.2020
49475
3 дақиқада ўқилади

«Ҳаммаси ёлғон!» — Вазирлик Ўзбекистонда коронавирусдан илк ўлим ҳолати рўй бергани ҳақидаги хабарни рад этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирусдан илк ўлим ҳолати рўй бергани ҳақида тарқалган хабарга муносабат билдирди.

Асосан Осиёданги янгиликларни ёритишга ихтисослашган Asia-times.org сайтида «Ўзбекистонда бир кекса эркак коронавирусдан вафот этди» (В Узбекистане первая смерть от коронавируса умер мужчина) сарлавҳали хабар эълон қилинди.

Унда 14 март куни коронавирус аниқланган беморлардан бири, кекса эркак 17 март куни вафот этгани ҳақида айтилган. Хабарда манба сифатида «Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош санитар врачи Баҳодир Юсупалиев» номи келтирилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев ушбу хабар бўйича ойдинлик киритди.

«Бу хабар мутлақо асоссиз, буткул ёлғондан иборат. Аввало Баҳодир Қаҳрамонович Юсупалиев давлат бош санитар врачи эмас, вазирнинг биринчи ўринбосаридир. Иккинчидан, сайтимизда бундай хабар умуман эълон қилинмаган. Энг муҳими, Ўзбекистонда коронавирус туфайли ўлим ҳолати қайд этилмади, қайд этилмасин ҳам.

Яна бир бор эслатиб ўтаман, вазирлигимиз бу борада барча расмий маълумотларни тезкорлик билан эълон қилиб бормоқда, ҳамиша эшикларимиз очиқ, нафақат кунлик, балки соатлик ахборотни етказиб турибмиз. Юртдошларимиздан ёлғон ахборот тарқатиш учун жавобгарлик мавжудлигини, хорижий ОАВда бу масалага жиддий ёндошишларини сўраб қолардим», дейди у.

Ўзбекистонда 15 март куни коронавирусга чалинган илк бемор қайд этилди. Айни вақтга келиб бундай беморлар сони 10 нафарни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистонга коронавирус учта рейс орқали кириб келди.

Биринчиси, 11 март куни Париж-Тошкент рейси. Бу рейс орқали учган шифокор аёл Ўзбекистонда ўғли, қизи, турмуш ўртоғи, набираси ва қариндошига вирус юқтириб улгурди (6 бемор).

Иккинчиси, 15 март куни соат 05:15да Истанбул—Тошкент йўналишидаги 274- рейс (3 бемор).

Учинчиси, 14 март куни Лондон–Тошкент йўналишидаги 201-рейс (1 бемор). 

Бундан аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 16 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон шифохоналарида 641 киши карантинда сақланаётгани, шунингдек, 6 мингга яқин киши уй шароитида карантинга олингани ҳақида хабар берганди.

Мавзуга оид