Жамият | 15:25 / 10.04.2024
11346
5 дақиқада ўқилади

“Арчалар аллергиянинг янги турини пайдо қилаётганини аниқладик” – Аллергология маркази раҳбари

Аҳоли орасида олдин кузатилмаган арча гуллашига аллергик сезгирлик ошгани аниқланди. “Бурун, томоқ қичишиши, кетма-кет акса уриш кузатилганда, кўп шифокорлар бунинг аллергия эканини билмай, беморга антибиотиклар ёзиб беради. Аллергия белгилари кузатилган беморлар Республика аллергология марказига келиб, текширувдан ўтишлари тавсия этилади”, дейди марказ директори Илмира Розиқова.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Баҳор ойлари дарахт ва ўсимликлар гуллаши арафасида аҳоли орасида аллергия қўзғаляпти. Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори Илмира Розиқова Kun.uzʼга аллергия белгилари, уни нима пайдо қилаётгани ва даво чоралари ҳақида маълумот берди. Мутахассис йилдан йилга аллергик касалликлар кўпайиб бораётганини, Ўзбекистондаги ҳар бешинчи одамда аллергик касалликнинг у ёки бу тури пайдо бўлаётганини айтади.

Аллергия асосан гуллаш даврларига тўғри келиб, бу шартли равишда 3 га бўлинади: март, апрел, май ойларида дарахтлар ҳам гуллаши эвазига гул чанги энг кўп бўладиган давр ҳисобланади; кейингиси июн ва июл ойларида; учинчи давр эса август, сентябр ойидан ноябргача боради”, – дейди Розиқова.

Хусусан, тол, дўп, қайрағоч, терак каби дарахтларнинг гуллаш даври узоқ ҳисобланади. Терак юқори даражада аллергия чақириш хусусиятига эга бўлмаса-да, ундан учадиган моддаларда замбуруғлар, майда ўсимлик чанглари бўлади. Бу эса аллергияга олиб келади. Илмира Розиқова охирги пайтда Ўзбекистонда игнабаргли дарахтлар, хусусан, арчалар кўпайгани сабаб янги аллергик касалликлар пайдо бўлаётгани аниқлангани ҳақида маълумот берди.

“Марказимизда организмда арча (кипарис)га ҳам алоҳида сезгирлик борлигини аниқладик. Сўнгги вақтларда игнабаргли дарахтларга ҳаддан ташқари кўп урғу берилаётгани уларнинг ҳавода концентрацияси ошишига ва аллергик касалликлар кўпайишига олиб келади. Арчалар декабр, январ ойларида гуллайди. Айни мана шу арчалар кўпайгани сабаб янги аллергик касалликлар пайдо бўлмоқда”, – деди мутахассис.

Маълумот учун, Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази 2023 йил 18 мартда очилган. Марказ ўз йўналишида Ўзбекистонда ягона бўлиб, унинг қошида болалар ва катталар бўлимлари, поликлиника, молекуляр аллергологик лаборатория ташкил қилинган.

Мутахассис аллергия пайдо бўлишига олиб келувчи 3 омилни алоҳида санади. Улардан бири ўсимлик чангларининг тарқалишига сабаб бўладиган шамол ва ҳавонинг исиши ҳисобланади. Улар ўсимлик чангларининг инсон кўз, бурун шиллиқ қаватларига тушишига сабаб бўлиб, оғир касалликларни  келтириб чиқариши мумкин. 

Яна бир муҳим омил аллергиянинг ота-онадан болага ўтиши ҳисобланади. Яқин қариндошлари аллергия билан оғрийдиган болада, айниқса, мавсумий аллергия тури бўлиши мумкин.

Овқатлар таркибида кўплаб кимёвий моддалар, турли бўёқлар, консервантлар, қўшимча моддалар, тез тайёр бўлувчи овқатларга қўшиладиган таъм берувчи барча қўшимчалар ҳам аллергия пайдо бўлиши ёки кучайиб кетишига сабаб бўлади.

Шунингдек, мутахассис чанглардан аллергия ўзини қандай намоён қилиши ҳақида ҳам маълумот берди.

“Беморда аксириш, кўз ёшланиши, томоқ қичиши, терида катта-кичик эшакемилар пайдо бўлиши поллиноз касаллиги дейилади. Яъни аллергик ринит билан бирга тери шикастланиши поллиноз деб белгиланади. Ўсимлик чанглари беозор эмас. Бу чанглар организмга қайта-қайта тушавериши ёмон оқибатларга олиб келади. Чанглар организмга тушганда жавоб реакция сифатида йўтал, шиллиқ қаватда кўп суюқлик ажратиш кабилар бўлади. Баъзи шифокорлар бу аллергик ҳимоя реакция эканини билмасдан, антибиотик беришади ва юқори шиллиқ қаватдаги нофаол ҳимоя бактерияларни фаоллаштириб, оқибатда беморда иккиламчи гайморит, ринит, яллиғланиш пайдо бўлиши мумкин”, – дейди Илмира Розиқова.

Мутахассис юқоридаги каби белгилар кузатилган беморлар Республика аллергология марказига бориб, текширувдан ўтишлари мумкинлигини айтди. Маълум бўлишича, марказда молекуляр аллергологик текширувларда бир томчи қон билан 300 тадан ортиқ аллерген бўйича текширув ўтказилади. Молекуляр текширувда беморга овқат еганлик ёки дори қабул қилганлик халақит бермайди.

Беморни даволаш эса икки босқичли бўлади. Бемор симптомлар (кўз ёшланиши, аксириш, қичишиш кабилар) билан мурожаат қилса, антигистамин дорилар ёзилади ва муолажалар ўтказилади. Кейин иккинчи босқичга таклиф этилиб, молекуляр текширувлар эътиборга олинган ҳолда инвиво тестлари ўтказилиб, қиш фаслида даво чоралари кўрилади. Аллергик касалликлар иммун тизими шикастланиши билан кечувчи оғир касалликлардир. Беморга 1 ойдан 6 ойгача тузли сувли аллерген эритиаси осма укол кўринишида юборилади. Тадқиқотларимизга кўра, бемор буткул тузалмаса-да, асосий касаллик бир неча йил уни безовта қилмайди”, – деди марказ директори.

Мавзуга оид