Технология | 14:13 / 02.05.2018
2474
2 дақиқада ўқилади

Apple даромади 2-чорак якунлари бўйича 25 фоизга ўсди

Фото: Getty Images

Apple 2018 йилнинг 31 март куни тугаган чорак якунлари ҳақида ҳисобот берди. Компания бош директори Тим Кукнинг сўзларига кўра, бу чорак Apple учун тарихдаги энг муваффақиятлисига айланди.

Даромад 61,1 млрд долларни ташкил этди ва ўтган йил билан таққослаганда 16 фоизга ўсди. Биринчи ярим йилликда даромад 149,4 млрд долларни ташкил этди ва ўтган йилга солиштирганда 13 фоизга ошди.

Компания соф даромади ўтган йилнинг иккинчи чорагидаги 11 млрд доллар билан таққослаганда 13,8 млрд долларга етди. Ўсиш – 25 фоиз.

Соф фойда ҳар бир акция учун 2,73 долларни ташкил этди. Таҳлилчилар бироз паст кўрсаткични тахмин қилишганди – акция учун 2,68 доллар. 

Компания даромадининг 60 фоиздан ортиғи (38 млрд доллар) iPhone сотувлари орқали келди. Тахминан 6 фоизи iPad, 9 фоизи Mac компьютерлари ҳиссасига тенг бўлди.

Компания ҳаммаси бўлиб 52 миллиондан ортиқ iPhone, 9 миллиондан кўпроқ iPad ва 4 миллиондан зиёд Mac компьютерларини сотди. 

Даромадлар кўпроқ Хитой ва Японияда ўсган. Сотилган iPhone’нинг ўртача қиймати 728 долларни ташкил этди.

Apple’нинг 2018 йил иккинчи чорагидаги кўрсаткичлари биринчисидан пастроқ бўлди (даромад 31 фоизга, сотилган смартфонлар миқдори эса 32 фоизга тушиб кетди). 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид