Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Майда қуртдан бетакрор пиллагача — ипак қурти қандай боқилади?
Ипак қурти қишлоқларда катта машаққат билан боқилади. Ипак қуртининг қисқа ҳаёти эса жуда қизиқ ва ҳайратланарли. Kun.uz Ўзбекистондаги қишлоқларда бўлиб, оилалар ипак қуртини қандай боқишидан то пилла йиғиб олишгача бўлган жараённи кузатди. Биз суҳбатлашган пиллакорлар 40-45 йилдан бери шу иш билан шуғулланади ва бу авлоддан авлодга ўтиб келади.
Қисқагина 25 кунлик умри давомида 4 хил кўринишга эга бўладиган жонивор бор – аввал тухум, кейин қурт, ғумбак ва капалак. Бу – умрида фақат тут барги еб, бетакрор ипак тўқийдиган ипак қурти.
Ўзбекистон ипак қурти етиштириш бўйича дунё етакчиларидан биридир. Мамлакатимиз бу борада Ҳиндистон ва Хитойдан кейинги учинчи ўринда туради.

Ипак қурти етиштириш – жуда машаққатли иш. Kun.uz ипак қурти боқадиган қишлоқларда, бир нечта хонадонларда бўлиб, пилла етиштириш жараёни ва унинг ортидаги меҳнаткашларнинг оддий ҳаётини кўрсатишга қарор қилди. Биринчи манзилимиз – Бухоро.
“Биз бораётган жой – Зиёрат қишлоғи. Маҳаллий аҳолининг даромади асосан пилладан. Йилига 4 мавсум пилла боқилади. Биринчи мавсумда апрел ойида хонадонларга қурт тарқатилади, май ойида етиштирилади. Иккинчи мавсум август ва сентябрга тўғри келади”, – дейди Шуҳрат Қорёғдиев.
Уйларга ипак қурти қутиларда тарқатилади. Ҳар бир қуртга эътибор бериб боқиш керак. Хонадонлар ўз уйларида қуртнинг овқати – тут дарахтларни етиштиради. Ипак қурти фақатгина тут барги билан озиқланади.
“Эрталаб соат 6ларда [тут чопишни] бошлаймиз. Кечқурун яна берамиз, кунига 3-4 хўрак берамиз. Баргни майдалаб берамиз. Бу – уларнинг емиши. Эрталаб соат 7да барг ташлаймиз, 12-13ларда яна ташлаймиз, намозшом соат 19ларда, 23ларда яна ташлаймиз”, – дейди Саидқул Шоназаров.
Пилла боқадиган одамлар, айниқса, аёлларнинг қўллари қадоқ бўлиб кетади. Улар куни билан барг териш, чопиш ва навбатдаги озиқлантиришга захира баргларни тайёрлаш билан машғул бўлади.
“45 йилдан бери боқаман десам ҳам бўлади. Онамникида ҳам боқиб келганман. Келсам, қайнонам ҳам боқарканлар. Шундан кейин давом этиб кетди. Қийинчиликларни кўрдингиз, бироз совуқ бўлди. Ёшлигида печка ёқиш керак, кўпроқ эътибор бериш керак. Эътибор бермасангиз, катта-кичик бўлади, ярмиси қуриб қолади. Йилда битта қутидан 120-130 килограмм пилла бераман. Иссиқлигига, барг беришга эътибор бериш керак”, – дейди Ўғилой Пиримова.

Пилла боқиш – оилавий машғулот. Хонадонларда пилла учун алоҳида хоналар ажратилади. Хона ҳарорати қурт кичиклигида 26-27 градус бўлиши керак, катталашиб бориши билан ҳарорат ҳам тушириб борилаверади. Ҳаво совиб кетса, уйларда печка ёқишга тўғри келади. Хона ҳавосини шамоллатиб, тозалаб туриш керак.
Қишлоқларга пилла боқишда тажрибаси бўлган битта агроном бириктирилади. У оилаларга маслаҳат бериб туради.
Ипак қуртининг қуртлик даври 5 ёшдан иборат. Маҳаллий тилда қуртнинг ёши хўрак дейилади, қуртлар катта бўлиб бориши билан тут барги миқдори ҳам ошириб борилаверади.
“Пиллани биринчи чопқилаб берамиз, кейин сал каттароқ қилиб чопиб берамиз. Учинчиси пахта барг қилиб берамиз. 20 хўракда қайчида қирқиб берамиз. 40 хўракда тут шохлари катта-катта қилиб берилади”, - дейди Муқаддас Хидирова.


Ипак қуртининг қуртлик даври 25-27 кун давом этади. Шу даврда қурт 4 марта пўст ташлаб, 5 ёшни ўтайди ва пилла ўрашга киришади. Ипак қурти каттаргани сари оғзида ипак толасига айланадиган ёпишқоқ модда ҳосил қилиб, ундан пиллага айланади.
Пилла ўрашга киришиш вақтида қуруқ хашак ташланади. Бухородаги маҳаллий аҳоли бу ўсимликни сигерон деб атайди, Фарғонадаги айрим қишлоқларда эса даста дейилади.

Пилла ўраш 3 кун давом этади. Қурт пилла ичида ғумбакка айланади. Ривожланиш давом этиб, ғумбак капалакка айланади. Капалак оғзидан махсус суюқлик чиқариб, пилланинг бир учини ҳўллайди. Капалак пилланинг елим моддаси эриган ўша жойни оёқлари билан сўриб тешик очади ва ташқарига чиқади. Капалак ҳаво ҳароратига қараб, 5–10 кун яшайди.
Тайёр пилла қўлда битталаб хашакдан ажратиб олинади. Бу жараённи кузатиш учун Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги қишлоқлардан бирида бўлдик.

“Баҳорнинг биринчи даромади деса ҳам бўлаверади. Бизнинг қишлоқ шароитда буни ўтини учун боқамиз. Бу йил пиллалар яхши, катта-катта. Худо хоҳласа, 500 кгга бориб қолади. Килосига 30 минг сўм беради. 15 миллион бўлади даромад. 1 ойда меҳнати тугайди”, - дейди ёзёвонлик пиллакор Ҳамидулло Турғунов.
Яна бир пиллакор Санобархон Алиқулова йилига 200-300 килограмм пилла етиштиришини айтади.

“Ёшлигимизда 500 кг ҳам берганмиз”, - дейди у.
Бу иш жуда машаққатли, шунга қарамай, унга тўланадиган ҳақ жуда оз. Бир килограмм пиллага 32500 сўм пул тўланади. Тарозига тортилганда бир уюм пилла аранг бир килограмм келади. Агар бир қути қурт уруғидан 60 кг пилла олинса, бу 2 млн сўмга яқин даромад дегани. Аммо бу натижага эришиш учун бутун оила бир ой қаттиқ меҳнат қилади, тут барги доимий етарли бўлиши керак, бундан ташқари, уйнинг алоҳида бир хонаси пилла боқиш учун ажратилади.
Мадина Очилова тайёрлади.
Тасвирчи – Сарвар Зияев
Монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов
Матнни Мақсуда Абдуқаюмова ўқиди.
Мавзуга оид
17:15 / 06.05.2025
“Бунинг гашти бор”: уйида ипак қурти боқаётган оқбўйралик оила
11:08 / 09.04.2023
Номсиз муаллиф кимнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқда: ипакчилик соҳасиними ёки “Ўзбекипаксаноат”ни?
15:47 / 29.03.2023
Ўзбекистонда ипакчилик: самарасиз бюрократик бошқарув сақланиб қолмоқда
23:45 / 09.09.2019