Ўзбекистон | 08:39 / 17.09.2020
5520
6 дақиқада ўқилади

Божхона органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш кучайтирилади - Ҳукумат қарори лойиҳаси

Давлат божхона хизмати органларида ўзининг меҳнати, хизмати, одоб-ахлоқи, соҳани ривожлантиришда сидқидилдан, самарали хизмат қилиб келаётган юқори малакали, тажрибали, ташаббускор ҳамда зиммасига юклатилган вазифани бажаришда жасорат намоён этган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш ҳамда маънавий-руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Белгиланишича, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

хизмат мажбуриятини бажариш чоғида ҳалок бўлган, шунингдек, хизмат мажбуриятини бажаришда олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган, контузия, шикаст олган ёки касалликларга дучор бўлган божхона органлари ходимларининг фарзандлари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг тавсияномаси асосида белгиланган қабул кўрсаткичларидан ташқари давлат гранти асосида Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) танловсиз қабул қилинадилар;

хизмат мажбуриятини бажариш чоғида ҳалок бўлган, шунингдек, хизмат мажбуриятини бажаришда олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган, контузия, шикаст олган ёки касалликларга дучор бўлган божхона органлари ходимларининг фарзандлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Давлат божхона қўмитасининг олий (магистратура, иккинчи ва олий ўқув юртидан кейинги таълимдан ташқари) ва ўрта махсус таълим муассасаларига қабул квоталаридан ташқари дастлабки ва касбий (ҳарбий-профессионал) танлов натижалари, шунингдек Давлат божхона қўмитаси раисининг тақдимномаси асосида қабул қилинадилар.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қўмитаси раисига тўлов-шартнома (оширилган тўлов-шартнома ставкаси бундан мустасно) асосида олий таълим муассасалари бакалавриатига (иккинчи таълимдан ташқари) ўқишга мазкур қарор қабул қилингунга қадар кирган, шунингдек, ўқиш давомида ушбу ҳолатларда ота-онасини йўқотган тақдирда:

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган божхона органлари ходимларининг фарзандларига - шартномаларнинг тўлиқ ҳажми;

хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган, контузия, шикаст олган ёки касалликларга дучор бўлган божхона органлари ходимларининг фарзандларига -шартномаларнинг эллик фоизи миқдори Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб беришга рухсат берилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб шундай тартиб жорий этиладики, унга кўра, мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, тартиб-таомилларни соддалаштириш, амалиётга илғор ахборот технологияларини жорий этиш, контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашишда ҳамда божхона органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшган, хизмат, илмий ёки педагогик фаолиятда юқори натижаларга эришган божхона органларининг амалдаги ходимлари фарзандларига:

олий таълим муассасаларига белгиланган давлат гранти асосида қабул кўрсаткичларининг уч фоизи миқдорида давлат гранти асосидаги қўшимча қабул кўрсаткичлари ажратилади;   

ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун курсантлар (ўқувчилар)ни қабул қилишнинг умумий сонидан икки фоизли квота ажратилади.

Давлат божхона хизмати органлари ходимлари фарзандларининг давлат олий таълим муассасалари ҳамда ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсиянома (тақдимнома) бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Белгиланишича:

ходимларнинг фарзандларини ажратилган уч фоизли квоталар доирасида олий таълим муассасаларига қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг тавсияномаси бўйича танлов асосида амалга оширилади ҳамда ўринлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари натижалари бўйича тўпланган баллардан келиб чиқиб, абитуриент кириш имтиҳонларининг энг юқори балидан камида ўттиз фоизини тўплаган тақдирда, кетма-кетлик тартибида тақсимланади;

ходимларнинг фарзандлари учун ажратилган икки фоизли квоталар доирасида ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилиш дастлабки ва касбий (ҳарбий-профессионал) танлов натижалари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг тақдимномаси асосида амалга оширилади;

ходимлар, шу жумладан хизмат мажбуриятини бажариш чоғида ҳалок бўлган, шунингдек, хизмат мажбуриятини бажаришда олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган, контузия, шикаст олган ёки касалликларга дучор бўлган божхона органлари ходимларининг фарзандларини олий таълим муассасалари ва ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун тавсиянома Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси томонидан Давлат божхона қўмитаси Кадрлар бошқармаси бошлиғининг илтимосномаси асосида берилади;

тавсиянома бир олий таълим муассасаси ёки ҳарбий таълим муассасасига бир марта кириш учун уч йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади;

ходимларнинг фарзандларига ушбу қарорда кўзда тутилган тавсиянома билан бир қаторда муддатли ҳарбий хизматни ўтаганлиги бўйича ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномаси ҳам мавжуд бўлса, уларни танлов асосида олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш қўмондонлик тавсияномасида белгиланган қўшимча балларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади;

тавсиянома бланклари қатъий ҳисобда турувчи, ҳисоб серияси, рақами ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлган ҳужжат бўлиб, “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан тайёрланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Кадрлар бошқармаси бошлиғига тавсиянома бериш тўғрисида илтимоснома киритиш борасида қарорлар қабул қилишда холисликни таъминлаш ва коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича шахсий жавобгарлик юкланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда божхона органлари ходимларини хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган, шунингдек, хизмат мажбуриятини бажаришда олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган, контузия, шикаст олган ёки касалликларга дучор бўлган деб топишнинг тартиби ва аниқ мезонларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди;

уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид