Жамият | 19:00 / 18.10.2019
10455
4 дақиқада ўқилади

Мингбулоқдаги тешик кўприклар. Халқ қийналаётганидан мутасаддиларнинг хабари борми?

Мурожаат ортидан навбатдаги сафаримиз Наманган вилояти томон бўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Мингбулоқ туманидаги Меҳнатобод қишлоғи ўртасидан «Охунбобоев канали» ва Наманган-Қўқон йўли ўтган. Айни пайтда қишлоқ аҳолиси ўз юмуши билан ўтадиган, болалар мактаб ва боғчага борадиган кўприк фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган. Бир йил олдин кўприк орқали транспорт воситалари қатнаши чеклаб қўйилганди.

Иншоот ўртасида ёриқлар пайдо бўлиб, ундан оқаётган сув кўриниб турибди. Хавфли ҳолатга келган кўприкдан кунига минглаб йўловчи ва болалар ўтади.

«Кўприкнинг аҳволи жуда чатоқ. Тўкилиб кетган. Болалар 19-мактаб ва иккита боғчага мана шу жойдан ўтишади. Серқатновлигини кўриб турибсиз. Сал нарироқдан йўл очиб беришди. У йўл эса жуда тор. Тезроқ тузатиб беришса бўлар эди», дейди маҳалла вакили Эргашали Бобоназаров.

Иншоотдаги ёриқларни тузатиш учун аҳоли уриниб кўрибди. Ёриқларни бетон билан сувашган. Бироқ фойдаси бўлмай, тешиклар яна очилиб қолаверган.

Кўприкдан ўтаётган ўқувчи қизлар, «Кўпригимизни тузатиб беришсин. Тешиклари бор. Остидаги сув кўриниб туради. Раҳбарларга айтинглар-а. Қўрқиб, зўрға қадам босиб ўтяпмиз», дея илтимос қилиб кетишди.

Меҳнатободдан уч километр йўл босгач Жийдақишлоққа келдик. «Уюрчи-Дамкўл» маҳалласидаги айнан мана шу канал тепасига қурилган иккинчи кўприк бундан-да баттар авария ҳолатига келган.

Ўн йиллар аввал яроқсиз бўлиб қолган кўприкнинг ўрталари ўйилиб ётибди. Транспорт қатнови тўхтатилмаган иншоотнинг икки ён томонидаги хавфсизлик панжаралари ҳам тўкилиб, қулаб тушган. Биз кўприкдан кундузи ўтдик, шунда ҳам ваҳимали эди.

Мингбулоқ тумани ҳокимлигида

Меҳнатобод ва Жийдақишлоқдаги кўприкларнинг ҳолати, таъмирланиши масаласига ойдинлик киритиш мақсадида Мингбулоқ тумани ҳокимлигига бордик. Туман ҳокими ўринбосари Олимжон Қодиров ҳар иккала кўприкнинг бугунги ҳолатидан хабари борлигини билдирди.

Мутасадди кўприк қуриш кўп маблағ талаб қилишини айтиб, «Уюрчи-Қирчек-Қолгандарё» автомобиль йўлининг Охунбобев канали устига қурилган кўприклар ҳозирги кунда транспорт оқими ва юк кўтариш қобилиятини йўқотгани сабабли Ўзбекистон автомобиль йўллари Давлат қўмитасига шу йилнинг февраль ойида кўприкни қайта тиклаш ва 2019 йил режасига қўшиш бўйича мурожаат қилинганини билдирди.

Ҳокимлик вакили кўприкни янгидан қуриш бўйича 2019 йил режасига киритиш юзасидан Мингбулоқ туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан Наманган вилоят автомобил йўллар ҳудудий бош бошқармасига юборилган ўтган йилги ҳужжатларни ҳам тақдим этди.

Ҳоким ўринбосарига Жийдақишлоқ ҳудудидаги кўприкнинг икки ёнидаги панжаралари йўқлигини, иншоот ҳали таъмирга тушмайдиган бўлса, қайта тиклаш ишлари бошлангунга қадар вақтинчалик панжараларни ўрнатиш кераклигини айтганимизда, мутасадди бу масалани туман ҳокимлиги ўзи ҳал қила олишини айтди.

2019 йил тугашига ҳам икки ярим ой вақт қолди. Меҳнатобод ва Жийдақишлоқдаги яроқсиз ҳолатга келган кўприклар қанча тез таъмирланса, аҳоли юзага келган ноқулайликлардан тезроқ халос бўлган бўлар эди.

Элмурод Эрматов, Сарварбек Назаров
тасвирчи, Аҳрорбек Ёқубжонов

Тайёрлаган:  Элмурод Эрматов

Мавзуга оид