Жамият | 17:02 / 26.10.2022
17526
3 дақиқада ўқилади

Фарғонада «права» олиш маркази очилаётганини билганлар уни «ГАИ» орқали тезроқ олиш учун тўпланди

Фарғона вилоятида ҳам ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш бўйича янги имтиҳон маркази очилиши кутиляпти. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ фаоллари хабар берди.

Хусусан ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг маълум қилишича, Фарғонада очилиши кутилаётган имтиҳон олувчи марказ худди Тошкентдаги каби замонавий, компьютерлашган бўлади.

“Айтишларича, буни эшитганлар ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун жуда катта навбат ҳосил қилишибди. Демак, ҳозир “права” олиш осон ва катта эҳтимол билан инсон фактори ҳам мавжуд. Эртага “права” олиш қийин ва инсон омилисиз бўлгач, кўпчилик имтиҳондан йиқилишини билиб турибди, шекилли”, дейди ҳуқуқшунос.

Ўз навбатида, блогер Никита Макаренко ҳам Фарғонада имтиҳон маркази очилиши кутилаётганини билдирди.

“Фарғона вилояти ЙҲХБда ҳайдовчилик гувоҳномасига имтиҳон топшириш учун узун навбатлар юзага келгани ҳақида хабарлар келиб тушяпти. Нега ҳамма бунчалик шошилиб қолди? Сабаби, у ерда ҳам яқинда автоматлаштирилган имтиҳон маркази очилади ва кўпчилик имкони борида “масалани ҳал қилиш” учун шошиляпти”, дейди у.

Маълумот учун, бундай автоматлаштирилган марказ Тошкент шаҳрида 4 февралдан, Тошкент вилоятида 9 июндан фаолият бошлаган эди. 

Синов жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган. Фуқаро марказга келганидан сўнг у биринчи ўринда рўйхатдан ўтиши ва индивидуал QR-код олиши лозим. Кейинги босқичда назарий ва амалий имтиҳонлар учун тўловни амалга ошириш зарур.

Назарий имтиҳон тест шаклида ўтказилади, унда 20 та саволдан камида 18 тасига тўғри жавоб бериш керак. Бунга 25 дақиқа ажратилади. Агар имтиҳоннинг бу қисми яхши топширилса, номзод ҳайдаш маҳоратидан имтиҳон топшириши мумкин. Кутиш залида бунинг учун унга кўрсатмалар берилади, шунингдек, қайси машқларни ва қандай кетма-кетликда бажариш кераклиги тўлиқ тушинтирилган видеокўрсатма ҳам мавжуд.

Амалий имтиҳон жараёнида жарима баллари 99 дан ошмаса, имтиҳон топширилган ҳисобланади. Амалий имтиҳондан йиқилган номзодларда 2 ой давомида ҳафтасига бир марта қайта топшириш имкони бўлади; муддат 2 ойдан ошиб кетса, назарий имтиҳонни ҳам қайта топшириш лозим.

Имтиҳонларнинг иккала босқичини муваффақиятли топширгандан сўнг, сертификат берилади. Номзодлар бу сертификат билан ЙҲХБга мурожаат қилишлари лозим: сертификат бошқарманинг маълумотлар базасида текширилганидан сўнг, уларга ҳайдовчилик гувоҳномаси тақдим этилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид