Ўзбекистон | 13:00 / 06.05.2021
4725
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темир йўллари» электричкалар учун тезюрар поездлар сотиб олади 

Фото: KUN.UZ

Шаҳарлараро транспортни шаҳар транспорт тизими билан интеграциялаштирган ҳолда Тошкент транспорт узелида транспорт ҳаракатини яхшилаш мақсадида «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан яқин келажакда янги ҳаракат таркиб (электричка)ларни сотиб олиш ва шаҳарлараро транспортида йўловчилар сонини кўпайтириш режалаштирилган.

“Ўзбекистон темир йўллари” ахборот-таҳлилий медиа маркази маълумотига кўра, ҳозирги кунда Хитой, Жанубий Корея, Беларус ва Россияда ишлаб чиқарилган бу турдаги ҳаракат таркибларнинг техник хусусиятлари ва нарх сиёсати батафсил ўрганиб чиқилмоқда.

“Тошкентдан Бўстонлиқ туманида жойлашган Хўжакентгача мавжуд йўналишдаги электропоездлар қатновига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Бунинг сабаби Бўстонлиқ туманида дам олиш манзиллари жойлашгани, дам олиш масканлари ва санаторийларнинг мавжудлиги билан боғлиқ. Бугунги кунда ушбу йўналишда кунлик йўловчилар ташиш ҳажми қарийб 2000 кишини ташкил қилади. Ҳар ҳафтанинг дам олиш кунлари ушбу йўналишдаги электропоездларнинг қатнаши қулайлигини йўловчиларнинг ўзи таъкидламоқда”, дейилади маълумотда.

“Ўзбекистон темир йўллари” мазкур йўналиш учун яна 4та янги тезюрар электропоездлар ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу Тошкентдан Хўжакентгача ҳаракатланиш вақтини 2 соат-у 15 дақиқадан бир соатгача қисқартиришга, автомобил йўлларидаги тирбандликни камайтиришга, кунлик йўловчилар ташиш ҳажмини 2000 нафардан 12 000 нафаргача оширишга ва темир йўл шаҳарлараро транспорт тизимининг ривожланишига олиб боради.

Ушбу ҳаракатни ташкил этиш учун ҳозирги вақтда Тошкент – Хўжакент йўналишидаги темир йўл участкалари ҳам модернизация қилинмоқда, капитал таъмирланмоқда. Мавжуд ҳаракат таркиб (элекричка)лар ҳам модернизация қилиняпти. Ҳозирда Тошкент ва Бекобод ўртасида ҳаракатланаётган электропоездда юмшоқ ўриндиқлар ўрнатилган, юк сақлаш жойлари кенгайтирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид