Жаҳон | 13:28 / 05.08.2025
6450
8 дақиқада ўқилади

Айбига иқрор «Крокус» теракти ижрочилари, Ғазо узра кенгаядиган ҳужум ва Ҳиндистондан дарғазаб Трамп - кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бразилиянинг собиқ президенти Болсонару уй қамоғига олинди

Бразилия Олий суди собиқ президент Жаир Болсонаруни уй қамоғига олди. У интернет орқали тарафдорларига мурожаат қилиб, суд тизимига босим ўтказишга уринганликда айбланган.

Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонару Бразилиядаги уйида уй қамоғига олинди. Унга мобил телефонлардан фойдаланиш тақиқланган ва фақат чекланган миқдордаги одамлар билан мулоқот қилиш ҳуқуқига эга. Бундай қарор 4 август, душанба куни Олий суд судяси Александр ди Мораеc томонидан қабул қилинди. Ҳужжат суд сайтида эълон қилинган.

Мораеc ҳукмни Болсонарунинг 3 август куни интернет-алоқа орқали тарафдорларига мурожаат қилгани ва нутқдан парчалар ижтимоий тармоқларда эълон қилингани билан асослади. Судя буни адлия тизимига босим ўтказишга уриниш деб ҳисоблади.

Бразилиянинг 70 ёшли собиқ президенти 2022 йилги сайловларда мағлубиятга учраган Луис Инасиу Лула да Силва ҳукуматини ағдаришга уринганликда айбланмоқда. 2023 йил 8 январда Болсонару тарафдорлари Лула лавозимга киришганидан кўп ўтмай Бразилиядаги Конгресс, Олий суд ва президент саройига бостириб кирди.

19 июл куни Болсонаруга электрон билагузук браслет тақилди, тунда уйда қолиш буюрилди ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди. Болсонаруга қарши суд жараёни якуний босқичга кирди. Собиқ президент «демократик ҳуқуқий тартибни бузишга уриниш»да айбланмоқда.

Трамп Ҳиндистон учун божларни «сезиларли» оширишга ваъда берди

АҚШ президенти Ҳиндистоннинг Россиядан нефт сотиб олишига жавобан Ҳиндистон учун тарифларни кўтаришга ваъда берди, лекин қанча миқдорда эканлигини аниқлаштирмади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳиндистоннинг Россия нефтини сотиб олгани учун бож тўловларини «сезиларли» оширишини маълум қилди. Бу ҳақда Трамп 4 август, душанба куни TruthSocial ижтимоий тармоғида ёзган.

«Ҳиндистон нафақат катта миқдорда Россия нефтини сотиб олмоқда, балки унинг катта қисмини очиқ бозорда катта даромад эвазига сотмоқда. Уларни Украинада Россиянинг уруш машинасидан қанча одам ҳалок бўлаётгани қизиқтирмайди. Шу муносабат билан мен Ҳиндистон АҚШга тўлайдиган тарифларни сезиларли даражада ошираман», деб ёзган Трамп. Президент тарифларни қанчага оширишни режалаштираётганига аниқлик киритмади.

1 августдан бошлаб Вашингтон Ҳиндистонга Ню-Деҳли ва Москва ўртасидаги савдо мувозанати ва бизнес туфайли 25 фоизлик савдо тарифларини жорий қилди. Ҳиндистондаги тўртта давлат нефтни қайта ишлаш заводи бунга жавобан Россиядан нефт сотиб олишни тўхтатгани ҳақидаги илк хабарлардан сўнг, турли манбалардан Ҳиндистон таҳдидларга қарамай, Россия нефтини сотиб олишда давом этиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

Бир кун аввал Оқ уй маъмурияти раҳбари ўринбосари ва Трампнинг энг нуфузли ёрдамчиларидан бири Стивен Миллер Ҳиндистонни Москвадан нефт сотиб олиш орқали Россиянинг Украинадаги урушини молиялаштирганликда айблади.

Исроил ОАВ: Нетаняҳу Ғазо секторига ҳужумларни кенгайтиришга қарор қилди

Муҳокамалар чоғида Нетаняҳу Исроилнинг Ғазодаги бўлажак ҳаракатлари ҳақида гапирар экан, «сектор оккупацияси» атамасини ишлатган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу гуманитар фалокат давом этаётгани ва жанглар 22 ойдан бери давом этаётгани айтилган Ғазо секторига қарши ҳарбий амалиётларни кенгайтиришга қарор қилди, деб хабар бермоқда Исроил матбуоти.

KAN давлат телеканалининг хабар беришича, Нетаняҳу билан учрашувда иштирок этган бир қанча юқори мартабали вазирлар бош вазир Ғазонинг исроиллик асирга олинганлар сақланадиган ҳудудларга ҳужумларини кенгайтириш ниятида эканини айтган. Уларнинг сўзларига кўра, бош вазир бу қарорни хавфсизлик кучлари вакиллари билан келишмовчиликларга қарамай эълон қилган.

Вазирлар, шунингдек, мунозаралар чоғида Нетаняҳу Исроилнинг Ғазодаги кейинги ҳаракатлари ҳақида гапирганда, «сектор оккупацияси» атамасини қўллаганини таъкидламоқда.

Шу ҳафта бошида бош вазир Ғазода «ҳарбий мақсадлар»га эришишга қаратилган янги қарорлар қабул қилиш учун хавфсизлик масалалари бўйича тор доирада вазирлар маҳкамаси йиғилишини ўтказиш режасини эълон қилди.

«Крокус» теракти ижрочилари айбига иқрор бўлди

Москва яқинидаги «Крокус Сити Холл» биносида содир этилган терактнинг тўрт нафар бевосита ижрочиси ўз айбига иқрорлигини билдирди ва жабрланувчилардан кечирим сўради, деб хабар берди жабрланувчилар вакили Людмила Айвар. Унинг сўзларидан Interfax иқтибос келтирди.

«Фаридуний, Мирзоев, Файзов, Ражабализода ўз қилмишида айбини тан олди, пушаймон бўлди, жабрланувчилардан кечирим сўради», деди у журналистларга.

4 август куни Москва ҳарбий суди «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган теракт бўйича жиноий ишни мазмунан кўриб чиқишни бошлади. Мажлис ёпиқ режимда ўтказилмоқда. 19 нафар судланувчига теракт, террорчилик фаолиятига кўмаклашиш, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тайёргарликдан ўтиш ва бошқа жиноятлар бўйича айбловлар қўйилган.

Айвар сўзларига кўра, бошқа айбланувчилар айбини қисман тан олган ёки терактда айбини тан олмаслигини айтган. Шу билан бирга, улар теракт ижрочиларига пул ўтказганини, шунингдек, хонадонни ижарага берганини тасдиқлаган. Бироқ, уларнинг ниятидан бехабар эканини таъкидлаган.

Адвокатнинг айтишича, суд мажлисида судланувчиларнинг шахсига оид материаллар ўрганилади, шундан сўнг давлат айбловчиси уларни ҳибсга олиш муддатини яна 6 ойга узайтиришни сўрайди.

2024 йил 22 март куни Москва яқинидаги Красногорск шаҳрида «Пикник» рок-гуруҳининг концерти бошланишидан олдин «Крокус Сити Холл» концерт залига бир неча эркак бостириб кириб, томошабинлар ва ходимларга қарата ўқ узди. Шундан сўнг, бинода ёнғин юз берди. Россия Бош прокуратураси хабарига кўра, теракт оқибатида 147 киши ҳалок бўлди, 336 киши жароҳатланди. Уч киши бедарак йўқолди. Етказилган зарар 5,7 млрд рублни ташкил этди.

Уралдаги озарбойжон диаспораси раҳбари Москвада қўлга олинди

«Озарбойжон-Урал» ташкилоти раиси Шахин Шихлинский Москвада қўлга олиниб, сўроқ қилиш учун Екатеринбургдаги Тергов қўмитасига олиб кетилди, деб хабар берди 66.ru манбага таяниб. Маълумотни Уралдаги озарбойжон диаспораси раҳбарига яқин манба тасдиқлади, деб ёзади E1.ru. Унга кўра, Шихлинский ҳозирда илгари қўлга олишлар амалга оширилган жиноят ишларидан бири бўйича тергов ҳаракатларида иштирок этмоқда.

Ўз навбатида, 66.ru манбасининг даъво қилишича, Шахин Шихлинскийга қарши иккита жиноий иш қўзғатилган — қотиллик ва ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш моддалари бўйича. Диаспора раҳбарининг аниқ мақоми ҳозирча номаълум. Июл ойи охирида Россия Ички ишлар вазирлиги Шахин Шихлинскийга нисбатан қидирув эълон қилгани маълум бўлди. Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозирча Шихлинскийнинг қўлга олингани ҳақидаги маълумотга расман изоҳ бермаган.

Сўнгги икки ой ичида Шахин Шихлинский икки марта ушланган. 27 июн куни у Озарбойжон диаспорасининг бошқа вакиллари билан бирга қўлга олинган, бироқ кейинчалик қўйиб юборилган. Июл ойи бошида Шихлинский ўғли Мутвала билан бирга Екатеринбургда ушланган эди. Сўроқдан кейин Шахин Шихлинский қўйиб юборилган, ўғли эса тез орада ҳокимият вакилига зўравонлик қўллаганликда айбланиб, ҳибсга олинди. «Коммерсант-Урал» хабарига кўра, Мутвалани қўлга олиш чоғида Шихлинский ўз машинаси билан ҳуқуқ-тартибот идораси ходимини уриб юборган.

Нашрнинг ёзишича, Россия хавфсизлик кучлари Шахин Шихлинскийни этник гуруҳ раҳбари деб ҳисоблаши мумкин. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги «Коммерсант» манбасининг таъкидлашича, гуруҳ аъзолари турли хил ноқонуний фаолият билан шуғулланган — фоҳишаликни ташкиллаштириш ва порнография тарқатишдан тортиб, гиёҳванд моддалар савдосигача.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид