Жамият | 10:23 / 15.05.2018
6006
4 дақиқада ўқилади

Ёшлар ўртасида «Ёш китобхон» танлови мунтазам ўтказилади — Президент қарори

Фото: Адлия вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Улуғ аждодларимизнинг ақл-заковати ва бадиий даҳоси билан яратилган ноёб асарлар, хусусан, математика, минералогия, астрономия, кимё, тиббиёт, фармацевтика, меъморлик, тарих, адабиёт, санъат, илоҳиёт, фалсафа ва бошқа соҳаларга оид манбалар нафақат бизнинг халқимиз, балки жаҳон аҳлининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади.

Ана шундай беқиёс меросимиз асосида ташкил этилган «Ёш китобхон» танловида 250 минг нафарга яқин ёш иштирок этиб, танлов ғолибларига «Президент совғаси» – енгил автомашина топширилгани ёшлар ўртасида китобхонлик маданияти ривожланишига муҳим таъсир ўтказди, дейилади қарорда.

Буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда жамоатчилик вакилларининг мамлакатимиз ёшлари ўртасида ўтказилган китобхонлик танловларини ижобий баҳолаган ҳолда, ушбу танловларни ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланган.

Буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида «Ёш китобхон» танловини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланган.

Танловни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

Танловни юқори савияда ўтказиш учун:

  • Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ташкилий-амалий ишлар бўйича;
  • Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети илмий-ижодий ишлар бўйича масъул ташкилотлар ҳисобланади.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан биргаликда ўн кун муддатда «Ёш китобхон» танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқлайди.

Мазкур Низомда:

  • буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг меросини чуқур ўрганиш мақсадида алоҳида номинациялар бўйича танловлар ташкил этиш;
  • 2018 йилги танловларни Ватанимиз тарихи ва халқимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутадиган Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Бердақ сингари буюк мутафаккирларимиз ижоди ва фаолияти, жаҳон адабиётининг дурдона асарлари, шунингдек, «Алпомиш», «Гўрўғли», «Кунтуғмиш» каби халқ достонлари бўйича ўтказиш;
  • кейинги танловларни даврлаштирган ҳолда давом эттириш учун тегишли рўйхатларни шакллантириш;
  • танлов ғолибларини мукофотлаш ва рағбатлантиришнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш, хусусан, республика босқичида биринчи ўринни эгаллаган қатнашчиларни енгил автомобиллар билан тақдирлаш, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари ва фаол иштирокчиларни ҳам муносиб рағбатлантириш чоралари назарда тутилади.
Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид