Ўзбекистон | 18:42 / 26.05.2025
8154
2 дақиқада ўқилади

Археолог олим, собиқ маданият вазири Зафар Ҳакимов вафот этди

Давлат ва жамоат арбоби Зафар Ҳакимов 83 ёшида вафот этди. У фаолияти давомида Ўзбекистон Бадиий фонди директори, маданият вазири, Президент аппаратида етакчи консултант лавозимларида ишлаган.

Давлат ва жамоат арбоби, маданий меросни сақлаш ҳамда тарғиб қилишга ҳисса қўшган археолог олим Зафар Ҳакимов 83 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Фанлар академияси хабар берди.

Зафар Ҳакимов 1942 йил 14 августда Бухоро шаҳрида туғилган. 1964 йилда Тошкент давлат университетини тугатган. 1964−1985 йилларда Санъатшунослик институтида лаборант, аспирант, кичик илмий ходим, катта илмий ходим, илмий котиб лавозимларида фаолият юритган.

У турли йилларда давлат ташкилотларида раҳбар ва масъул лавозимларда, хусусан, 1985−1988 йилларда Ўзбекистон Бадиий фонди директори, 1988−1990 йилларда Ўзбекистон КП марказий қўмитаси маданият бўлими масъул ходими, 1990−1992 йилларда Президент аппарати маданият, фан, маънавий тарбия масалалари бўйича етакчи консултанти, 1992−1993 йилларда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари, вазири бўлиб ишлаган.

Шунингдек, Ҳакимов 1993−1995 йилларда Ўзтелерадиокомпания раисининг биринчи ўринбосари, 1995−1997 йилларда Ўзтелерадиокомпания раиси, 1998 йилда Президент аппарати жамоат ташкилотлари билан алоқалар бўйича етакчи консултанти ва 1998−1999 йилларда «Ўзбекистон Миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти етакчи илмий муҳаррири лавозимларида фаолият юритган.

Зафар Ҳакимов 1999 йилдан бошлаб «Мозийдан садо» илмий-амалий, маърифий журналининг бош муҳаррири лавозимида меҳнат қилиб келган.

«Фаолияти давомида унинг тарих, археология, архитектура масалаларига бағишланган 50 та мақолалари, монография ва қўлланмалари республика нашрларида чоп этилган. Олим 1970−1979 йилларда совет-афғон археологик экспедицияси таркибида Шимолий Афғонистонда ўнлаб қадимий воҳа ва манзилгоҳларни кашф этган», — дейилади хабарда.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид