Ўзбекистон | 17:16 / 03.10.2018
79744
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда илк бор Қашқадарёда қор қоплони – илвирснинг болалари учратилди (фото, видео)

2018 йилнинг 13 сентябрь куни Қашқадарё вилоятида жойлашган Ҳисор давлат қўриқхонаси назоратчилари навбатдаги қўриқлаш тадбирларини ўтказиш жараёнида ғаройиб ва кутилмаган ҳодисага дуч келишди. Қўриқхонанинг Қизилсув бўлими ҳудудидан қор қоплонининг 3-4 ойлик болалари топилди. Бу воқеанинг кутилмагани шундаки, Ўзбекистон тарихида илк бор қор қоплонининг болалари учратилди ва суратга туширилди.

Маълумотларга кўра, она қоплон болаларини бир жойга қўйиб, ўзи ов қилгани кетган. Назоратчиларнинг тахминларига кўра, у ов жараёнида бошқа қор қоплони билан олишув вақтида ўлдирилган ёки ўзидан кучлироқ йиртқичлар, масалан, айиқ ҳамласига учраб нобуд бўлган бўлиши мумкин. Қоплоннинг болалари бирор бир йиртқичдан ҳайиқиб ўз жойларини ўзгартирган бўлишлари ҳам ҳақиқатдан йироқ эмас. Чунки, одатда, қор қоплонлари тунда ов қилишади, кундуз кунлари қорлар ва қоялар остида ухлашади. Бундан ташқари, улар бир ов қилишда уч-тўрт кунлаб болаларини ёлғиз ташлаб кетиш одатлари бор. Шу боис қўриқхона назоратчилари қоплончаларни бир ҳафта топилган жойида ушлаб туришган, аммо она қоплон қайтмаган. Айни дамда она қоплоннинг нобуд бўлиш тахминлари ўрганилмоқда.

- АҚШнинг “Пантера” деб номланган нодавлат-нотижорат компанияси бор. Улар 2014 йил Ўзбекистонга ташриф буюришганида мамлакатдаги қўриқхоналар ичида фақатгина бизга фотоқопқон ва видеоқопқон аппаратлари совға қилишган эди. Булар шундай аппаратки, улар ёрдамида учратиш жуда қийин бўлган ноёб жониворларни суратга ва видеога олиш мумкин. Қор қоплони ҳам ана шундай жониворлар сирасига киради. Уни учратиш жуда қийин. 2014 йилда фотоқопқон орқали унинг суратини, 2015 йилда эса видеосини олишга муваффақ бўлдик, - деди Ҳисор давлат қўриқхонаси директори Зиёд Очилов KUN.UZ мухбири билан суҳбатда.

Қор қоплони Жаҳон Қизил китобига киритилган. У Ўзбекистоннинг Ғарбий Тьяншань, Ғарбий Помир-Олой тоғларида, шунингдек, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ғарбий Сибирь, Жанубий Мўғулистон, Хитой, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Непал ва Бутан каби давлатларда тарқалган.

- Илмий тилда илвирс деб аталувчи қор қоплонлари доимо кам бўлган. Сўнгги ўн йилликлар давомида улар сони кескин камайиб кетмоқда. Улар икки йилда бир марта болалайди. 21 ёшгача умр кўришлари мумкин. Баланд тоғ яйловларининг ўзлаштирилиши, озуқаларининг камайиб кетиши ва яшаш ҳудуларининг қисқариб бораётгани сабаб улар қирилиб кетмоқда. Бу жонивор шунчалик ноёбки, унинг сурати Ўзбекистон Қизил китоби муқовасида ҳам акс этган, - деди Ҳисор давлат қўриқхонаси директорининг илмий масалалар бўйича ўринбосари Бахтиёр Оромов.

Жорий йилнинг 13 сентябрь куни учратиб қолинган илвирс болалари зудлик билан карантинга олинган. Кейинчалик Тошкентдаги ҳайвонот боғига жўнатилган. Улардан бири (эркаги) оёқ қисмидан оғир ярадор бўлганлиги сабаб нобуд бўлган. Ҳозирда урғочи илвирс ҳайвонот боғида сақланмоқда. У мустақил яшай олиш, ов қилиш даражасига етса, табиат бағрига қўйиб юборилади.

Маълумот ўрнида: Ҳисор давлат қўриқхонасига 1983 йилда асос солинган. У Марказий Осиёдаги энг катта қўриқхона бўлиб, майдони 80986,1 га тенг. У тўрт қисмга бўлинган: Ғилон, Мироқи, Танхоздарё ва Қизилсув. Қўриқхонада Ўзбекистон қизил китобига киритилган ноёб жониворлар, жумладан, Амударё гулбалиғи, болтаютар, қумой, оқ бошли қумой, қора лайлак, оқ бовур, кичик тақабурун, Туркистон силовсини яшайди.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид