Ўзбекистон | 13:29 / 30.09.2021
10127
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришда янги тартиблар жорий этилмоқда

Сенат ўн тўққизинчи ялпи мажлисида “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

 Ҳужжатда хусусийлаштириш объектлари ва хусусийлаштирилмайдиган ер участкалари ҳамда хусусийлаштириш субъектлари доираси, ер участкаларини хусусийлаштириш шакллари белгиланган.

Ҳужжат билан бўш турган ер участкаларини, давлат кўчмас мулк объектлари жойлашган ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби, ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича электрон онлайн-аукционда иштирок этишга доир буюртма, хусусийлаштириладиган ер участкасининг қийматига доир нормалар мустаҳкамланмоқда.

Хусусийлаштирилган ер участкаларининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда. Ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат бўлиб, у хусусийлаштириладиган ер участкасининг қийматини тўлаш тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширилганидан кейин бир иш куни ичида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилади.

Ер участкаси унда жойлашган давлат кўчмас мулк объекти билан бир вақтда хусусийлаштирилган тақдирда, ер участкаси ва кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи учун ягона давлат ордери расмийлаштирилади.

Хусусийлаштирилган ер участкалари мулкдорларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқининг хусусийлаштириш субъектлари бўлмаган шахсларга ўтиши, хусусийлаштирилган ер участкаларига бўлган мулк ҳуқуқини тугатиш, олиб қўйилаётган хусусийлаштирилган ер участкасининг қийматини аниқлаш, уни давлат ва жамият эҳтиёжлари учун сотиб олиш, реквизиция қилиш ҳамда мусодара қилишга доир нормалар киритилмоқда.

Қонун билан хусусийлаштириш субъектларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқлари асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш механизмлари очиб берилмоқда.

Мавзуга оид