Жаҳон | 16:55 / 19.07.2023
41197
19 дақиқада ўқилади

Жасади кислотада куйдирилган Николай II: Болшевиклар Россиянинг сўнгги императори ва унинг оила аъзоларини қандай ўлдиришганди?

Бундан 105 йил аввал, 1918 йил 17 июл куни Россия тарихидаги энг мудҳиш ишлардан бири содир бўлади. Ленин бошчилигидаги болшевиклар тахтдан ағдарилган император Николай II, унинг рафиқаси ва фарзандларини қатл этишади. Сўнг жасадларга кислота қуйилиб, улар куйдирилади ва яширинча кўмиб юборилади. Оммавий қабрни ҳеч ким топа олмаслиги учун унинг усти текислаб ташланади.

Фото: alamy.com

Тарихда бор-йўғи 74 йил ҳукм сурган советлар Евросиёнинг катта қисмида шунчалик кўп хунрезликларни, оммавий қатағонларни амалга оширишдики, уларни санаб адоғига етиш қийин.

Жумладан, 1917-1922 йиллар оралиғида ўтказилган «қизил террор», 1928-1932 йиллар оралиғида коллективлаштириш туфайли қилинган зўравонликлар, 1937 йилдан 1953 йил Сталин вафотигача ўтказилган қатағонлар давомида миллионлаб инсонлар қамалган, ўлдирилган ва сургун қилинган.

Умумий ҳисобда Сталин бошқаруви пайтида (1922-1953 йиллар оралиғи) СССРда 20 миллион одам қатағон қилингани айтилади. Советлар ўша қатағонларни кўз кўриб, қулоқ эшитмаган усуллар билан амалга оширишган.

Ана шундай даҳшатли хунрезликлардан бири Россия императори Николай II ва унинг оиласи билан юз берган. Болшевиклар император, унинг хотини ва болаларини отиб ўлдириб, уларнинг жасадларини кислота билан куйдиришган.

Сўнг император тарафдорлари қабрни топа олмасин деб марҳумларнинг куйдирилган жасадларини чўқурга кўмиб, устини текислаб юборишган.

Барча маълумотлар сир сақланган, қолверса императорни қатл қилган одамларнинг ўзи ҳам Сталин даврида қатағонга учраб ўлиб кетган. Шу сабабли Николай II ва унинг оила аъзолари кўмиб юборилган жой орадан 73 йил ўтиб, 1991 йилда топилади.

Давлат тўнтариши ва Николай II нинг тахтдан воз кечиши

Россиянинг сўнгги императори Николай II 1894 йилда отаси Александр III вафотидан сўнг Россия тахтига ўтиради. Ўша пайтда у 26 ёшда бўлган. Орадан икки йил ўтгач 1896 йилда тож кийдириш маросими ўтказилади.

Николай II ва унинг рафиқаси ёшликларида.
Фото: alamy.com

Николай II даврида гарчи сал аввалроқ бобоси Александр II даврида Аляска америкаликларга сотиб юборилган бўлса-да Россия ҳудуди жуда бепоён эди. Ўша даврда Финландия ва Полша ҳам унинг таркибида эди.

Биринчи жаҳон урушигача ҳам Россияда турли муаммолар етарлича бўлган ва уларга қарши турли намойишлар, қўзғолонлар ўтказилган. Бироқ уруш даврида муаммолар янада кучаяди.

Оқибатда, Ленин бошчилигидаги коммунистлар халқ орасида тарғиботни кучайтиришади ва янада кўпроқ одамларни ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлишади.

1917 йил 25 февралда Николай II давлат Думасини тарқатиб юбориш ҳақида манифест эълон қилади. Шундан сўнг Россияда давлат тўнтариши содир бўлади ва орадан бир ҳафта ўтиб, 2 март куни Николай II тахтдан воз кечишга мажбур бўлади.

Болшевиклар император ва унинг оила аъзоларини Царское Селодаги Александровск саройида уй қамоғига тиқишади. Улар бу ерда 1917 йил 9 мартдан 14 августгача яшашади.

Николай II, рафиқаси ва болалари билан
Фото: alamy.com

Кейинчалик Николай II ағдарилгач ташкил этилган муваққат ҳукумат аъзоларидан бири бўлган Александр Каренскийнинг эслашича ўшанда болшевиклар уй қамоғида сақланаётган собиқ императорни қатл этишга жуда ошиқишган.

«Ўша пайтда юзлаб Россиянинг турли ҳудудларидан келган делегацияларнинг дарғазаб аъзолари, депутатлар муваффат ҳукуматдан Николай иккинчига ўлим жазосини бериш ва унинг оиласини Петропавловск ёки Кронштатддаги қалъага жўнатиб юборишни талаб қилишарди», деб ёзган эди кейинчалик Каренский.

Николай II ни тезроқ ўлдириш пайида бўлганлар Москва кенгаши трибунасига уни қатл этиш ҳақида талабнома киритишган. Бироқ талабнома рад этилган. Трибунанинг бу қароридан собиқ императорни қатл этиш тарафдори бўлган шахслар жуда ғазабланишган, жазавага тушишган.

Уралга сургун

Бир неча ойлик уй қамоғидан сўнг 1917 йил 14 август куни Муваққат ҳукумат қарори билан Николай II ва унинг оиласи Тюмен вилоятидаги Тоболск шаҳрига сургун қилинади. Уларни бир гуруҳ аскарлар қўриқлаб боради.

1918 йил бошида Россияда ҳокимият узил-кесил болшевиклар қўлига ўтади. Шундан сўнг Николай II ни очиқ суд қилиш масаласи кўтарила бошланади.

Ўша пайтда Ленин болшевиклар ўз зўравонликлари билан аҳолининг кескин қаршилигига учраётганини, Николай II исталган пайтда қўзғолон бошлаши ёки унинг номидан қўзғолон бошланса аҳолининг катта қисми собиқ император томонига ўтиб кетиши мумкинлигини тушуниб турарди.

Тарихчи В.Хрусталевнинг сўзларига кўра, 1918 йил баҳорига келиб болшевиклар Романовлар сулоласининг барча аъзоларини Уралда йиғиш режасини ишлаб чиқишади.

Ўша пайтда Европадаги айрим монархлар, улар орасида Николай II нинг қариндошлари ҳам бор эди, собиқ императорни ўз мамлакатига чақирар ва болшевиклар қатл этиши мумкинлигидан огоҳлантирар эди.

Жумладан, Николай II нинг отаси Александр III Британияни 1901-1910 йиллар оралиғида бошқарган қирол Эдуарда VII билан божа бўлган. Яъни Николай II нинг онаси Мария Фёдоровна ва қирол Эдуард VII нинг рафиқаси Мария Текская билан опа-сингил бўлишган. Шу сабабли Николай II ўз холаваччаси Георг V (қирол Эдуарда VII нинг ўғли) билан жуда ўхшаш бўлган. (Георг V 2022 йилда вафот этган Британия қироличаси Елизаветта II'нинг отаси бўлади)

Николай II холаваччаси Георг V билан. Георг V 2022 йилда вафот этган Британия қироличаси Елизаветта II'нинг бобоси бўлади.
Фото: alamy.com

Николай II тахтдан ағдарилгач британиялик қариндошлар уни ўз мамлакатларига таклиф этишади. Бироқ собиқ император рад этади. Қолаверса, болшевиклар бунга йўл қўймасди.

Бошқа манбааларда эса тескариси айтилади. Яъни Николай II британиялик қариндошлардан кўмак сўраганда улар рад этишгани.

Собиқ император ва унинг оила аъзолари Россияни осонликча тарк эта олмасин деб (хорижга қочса болшевикларга хавф туғдириши мумкин эди) мамлакат ичкарисига сургун этишга қарор қилишади.

Аслида болшевиклар Романовларни қатл этмасдан ҳам вазиятни назорат қилишлари мумкин эди. Бироқ Ленин бир пайтлар акасининг қатл этилгани учун Романовлар оиласидан қасд олишни кўпроқ хоҳлаган бўлиши ҳам мумкин. (Лениннинг акаси 1887 йилда император Александр III га суиқасд қилишда айбланиб қатл этилган эди).

1918 йил 1 апрел куни советларнинг Бутун Россия марказий ижроия қўмитаси собиқ император ва унинг оиласини Москвага кўчириш ҳақида қарор қабул қилади.

Бироқ Урал вилояти кенгаши расмийлари бу қарорга эътироз билдиришади. Улар Николай II ва унинг оиласини Екатеринбургга кўчиришни таклиф этишади.

1918 йил 6 апрел куни советларнинг Бутун Россия марказий ижроия қўмитаси ўзининг навбатдаги қарорини қабул қилади. Унда Николай II ва унинг оиласини Екатеринбургга кўчиришга розилик берилганди. Қарорда подшо ва унинг оиласини Екатеринбургда очиқ суд қилиш ҳақидаги банд ҳам бор эди.

1918 йил 26 апрел куни Романовлар пулемётчи аскарлар соқчилигида Тоболкдан чиқиб кетишади. Улар 27 апрел куни Тюменга, 30 апрел куни Екатеринбургга етиб боришади. Болалар Тоболскда қолишади.

Ўша пайтда император ва унинг оиласига бир қанча шахслар ҳамроҳлик қилади. Улар оиланинг шахсий врачи, яна бири қизларга ва бошқаси императорнинг ўғлига қарарди. Икки нафар зобит эса уларга қўриқчилик қилади. Бошқалар ҳам турли вазифаларни бажаришади.

1918 йил 23 май куни Николай II нинг фарзандлари ҳам Екатеринбургга етиб келишади. Кўп ўтмай собиқ император ва унинг оиласига хизмат қилаётган шахслардан бир гуруҳи қўлга олинади ва отиб ташланади.

Екатеринбургда Николай II ва унинг оиласи Игнатев уйи деб номланган уйда яшай бошлайди. Бу ерда улар билан врач, ошпаз ва яна бир нечта хизматкор бирга яшайди.

Собиқ император ва унинг оиласи бу ерда 78 кун истиқомат қилишади. Шу давр мобайнида болшевиклар доимий равишда уларга фитна уюштириб туришади.

Николай II оиласи даврасида
Фото: alamy.com

Шу жумладан, бир неча марта ўзини Рус армияси зобити деб таништирган аноним шахс томонидан француз тилида ёзилган мактублар ва унга собиқ императорнинг жавоб мактублари топилади. Кейинчалик ўша мактублар фитна чиқариш учун болшевиклар томонидан ёзилиб, собиқ император яшаб турган уйга ташлаб кетилгани ойдинлашади.

Николай II ва оила аъзоларининг қатл этилиши

1918 йил 12 июлда император ва унинг оила аъзоларини қатл этиш ҳақида қарор қабул қилинади. Қарорни Урал вилояти кенгаши фавқулодда қўмитаси чиқарган эди.

1918 йил 16 июлдан 17 июлга ўтар кечаси Романовлар яшаган уй олдига ҳарбийлар ўтирган юк машинаси келиб тўхтайди. Улар Урал вилояти ишчи-деҳқон армияси зобитлари бўлишган.

Ҳарбийлар уйга кириб қоровулларга қатлни ижро этиш ҳақидаги қарорни кўрсатиб, собиқ императорнинг врачига ҳозир бўлишни буюришади. Император ва унинг оила аъзоларини уйғотиб, Екатеринбургга оқлар ҳужум қилаётганини, тўқнашувлар пайтида уй ўққа тутилиши мумкинлигини айтиб барчани ертўлага олиб тушишади.

Сўнг болшевиклар командири барчани отиб ташлашга буйруқ беради. Шу пайтда Николай II «Қанақасига? Нима учун?» дея олади холос. Уларни тезда отиб ташалашади.

Отиб ташланганлар қуйидагилар эди:

●     Николай II (Россиянинг собиқ императори – 50 ёшда);

●     Александра Фёдоровна (Николай II нинг хотини – 46 ёшда);

●     Олга (Николай II нинг қизи – 22 ёшда, 1895 йилда туғилган);

●     Татяна (Николай II нинг қизи – 21 ёшда, 1897 йилда туғилган);

●     Мария (Николай II’нинг қизи – 19 ёшда, 1899 йилда туғилган);

●     Анастасия (Николай II’нинг қизи – 17 ёшда, 1901 йилда туғилган);

●     Алексей (Николай II нинг ўғли – 13 ёшда, 1904 йилда туғилган);

●     Евгений Боткин (оила шифокори – 53 ёшда);

●     Иван Харитонов (ошпаз – 48 ёшда);

●     Алексей Трупп (оила хизматкори – 61 ёшда);

●     Анна Демидова (императорнинг қизларига қаровчи аёл – 40 ёшда)

Қатлдан сўнг подшо ва унинг оиласига тегишли барча шахсий буюм ва бойликлар талон-торож қилинади. (Ўша пайтда уларда анчагина тилла тақинчоқлар ва қимматбаҳо нарсалар бўлган)

Ҳарбийлар жасадларни шаҳар чеккасига олиб чиқишади ва аввал кислота ёрдамида куйдиришади. Сўнг яширинча кўмиб юборилади. Екатеринбург аҳолиси подшонинг ўлдирилганидан хабар топади, бироқ унинг кўмилган жойидан бехабар қолади.

Кўп ўтмай Урал вилоят кенгаши томонидан Москвага телеграмма жўнатилади. Унда Россиянинг сўнгги императори Николай II отиб ташлангани ва унинг оила аъзолари хавфсиз жойга кўчирилаётган пайтда ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинганди.

Николай II Екатеринбургда
Фото: alamy.com

Ўша куни Москвада советларнинг Бутун Россия ижроия қўмитаси йиғилишида император қатл этилгани, оиласи эса хавфсиз жойда экани маълум қилинади. Орадан бир кун ўтиб «Известия» газетасида бу ҳақда кичик хабар берилади:

«18 июл куни 5-чақириқ Бутун Россия ижроия қўмитасининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисга ўртоқ Свердлов раислик қилди. Ўртоқ Свердов собиқ подшо Николай Романовнинг қатл этилганлиги тўғрисида Урал вилоят кенгашидан олинган хабарни эълон қилди.

Сўнгги кунларда Қизил Уралнинг пойтахти Екатеринбург оқларнинг бостириб келиши хавфи туфайли жиддий таҳдид остида эди. Шу билан бирга, аксилинқилобчилар томонидан тож кийган жаллодни совет ҳокимияти қўлидан тортиб олиш мақсадида уюштирилган фитна фош қилинди. Шуларни ҳисобга олиб, Урал вилоят кенгаши президиуми Николай Романовни отиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилди ва бу иш 16 июлда амалга оширилди.

Николай Романовнинг хотини ва ўғли хавфсиз жойга жўнатилди. Махфийлаштирилган ҳукм ҳақидаги ҳужжатлар махсус курер билан Москвага юборилган.

Бу хабарни айтиб, ўртоқ Свердлов Николай Романовни қочиришга тайёргарлик кўраётган оқ гвардиячилар фош этилгандан сўнг подшонинг Тоболскдан Екатеринбургга кўчирилиши ҳақидаги воқеани эслайди. Сўнгги пайтларда собиқ подшони халққа қарши қилган барча жиноятлари учун жавобгарликка тортиш таклифи илгари сурилди ва сўнгги воқеалар буни амалга оширишга тўсқинлик қилиб келаётганди.

Бутун Россия ижроия қўмитаси президиуми Урал вилоят кенгашини Николай Романовни қатл этиш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбур қилган барча ҳолатларни муҳокама қилиб, қўйидаги қарорни қабул қилди:

Россия ижроия қўмитаси президиуми ўз вакили бўлган Урал вилоят кенгаши қарорини тўғри деб топади».

Кейинчалик император ва унинг оила аъзоларини ўлдириш ҳукми Урал вилояти кенгаши фавқулодда қўмитасидан эмас, Москвадан, Лениндан бўлгани ва вилоят кенгаши «доҳий»нинг буйруғини бажаргани ҳақида гап-сўзлар ҳам чиқади.

Бошқа Романовларнинг тақдири

Николай II нинг Романов фамилиясида бўлган жуда кўп қариндошлари бор эди. 1917 йил февралдаги давлат тўнтаришидан сўнг подшо тахтдан ағдарилгач уларнинг аксариятининг тақдири аянчли тугайди.

Фақат Қримга қочган қариндошларнинг айримлари тирик қолади. 1918 йилда улар Қримда уй қамоғида яшаб турган пайтида яриморолни немислар эгаллайди. Шунда пайтдан фойдаланган Қримдаги Романовларнинг аксарияти Россиядан чиқиб кетади.

Россия императори Александр II нинг укаси, Александр III нинг амакиваччаси княз Николай Романов 1918 йилда ўпка шамоллаши ортидан Тошкентда вафот этади.

Княз Гаврил Романовнинг ҳаётини ёзувчи Максим Горкий асраб қолади. Княз ҳибсга олинганидан сўнг Горкий уни хорижга чиқариб юбориш ҳақида Ленинга илтимос қилади. Шундан сўнг княз хорижга чиқариб юборилади.

Николай II нинг укаси Михаил Романов 1918 йил март ойида Пермда ўлдирилади. Давлат тўнтаришидан сўнг уни шу шаҳарга сургун қилишганди.

1918 йил июл ойида (Николай II ва унинг оиласи ҳам шу ойда ўлдирилганди) Екатеринбургдан 140 км узоқликда жойлашган Алапайск шаҳрида Игор Романов, Константин Романов, Сергей Романов, Владимир Палей, Елизаветта Фёдоровна (Сергей Романовнинг хотини) ва Иоанн Романовлар ўлдирилади.

1919 йилда Петроградда ҳибсда сақланаётган Павел Романов, Дмитрий Романов, Николай Романов, Георгий Романов отиб ташланади. Уларнинг айби Николай II га қариндош бўлгани эди.

Умуман олганда 1917 йилдаги давлат тўнтаришидан сўнг Николай II га қариндош бўлган қарийб барча одам ўлдирилади. Саноқли Романовлар хорижга қочишга муваффақ бўлишади. Бугун дунёнинг турли давлатларида яшаб келаётган ва ўзларини Николай II га қариндош деб биладиган Романовлар ана ўшаларнинг авлодлари ҳисобланади.

Тирик қолган Романовларнинг ҳозирги аводлари.
Фото: pikabu.ru

Жасадларнинг яширинча кўмилиши

Болшевиклар император ва унинг оила аъзоларини отиб ташлар экан, бу ишни пинҳона бажаришади. Қатл жараёни ярим кечада амалга оширилгани учун Екатеринбург аҳолиси бундан бехабар қолади.

Болшевиклар жасадларни шаҳар чеккасига олиб чиқиб аввал кислота билан куйдиришади, сўнг уларни оммавий қабрга яширинча кўмиб устини текислаб ташлашади.

Шаҳар аҳолиси император ва унинг оиласи қатл этилганидан хабар топганда уларни пинҳона тарзда кўмиб бўлишганди.

Кўп ўтмай Екатеринбург болшевикларга қарши курашаётган «оқлар» томонидан эгалланади. Улар Николай II ва унинг оила аъзолари шу шаҳарда қатл этилганини билишарди.

«Оқлар» император ва унинг оила аъзолари кўмилган жойни топа олишмайди. Шаҳарни тўлиқ тинтиб чиқишади, бироқ «император ҳазрати олийлари» ва унинг яқинларининг қабри топилмайди.

Ўша пайтда ўзини Россиянинг ягона ҳукмдори деб эълон қилган адмирал Колчак Уралдаги подшо тарафдорлари бўлган ҳарбийларга Николай II ва унинг оила аъзоларининг қабрларни топишни буюради.

Бир қанча изқуварлар суриштирувларни бошлаб юборишади. Бироқ кўп ўтмай «қизиллар» шаҳарни «оқлар»дан тортиб олишади. Суриштирув ишлари тугалланмай қолиб кетади.

Фуқаролар уруши тугагандан сўнг кўп ўтмай СССРда Сталин ҳукмронлиги бошланади. Бу даврда Николай II ҳаётини ўрганиш у ёқда турсин жамоат жойларида унинг номини тилга олиш ҳам хавфли бўлиб қолади.

Николай II ҳақида гапириб юрганларни «Оқларга сотилган душман» сифатида айблаб узоқ муддатга қамашлари ёки ҳатто ўлим жазоси беришлари ҳам мумкин эди.

Шу тариқа император ва унинг оила аъзолари кўмиб юборилган жой СССР тарқаб кетгунча узоқ йиллар мобайнида номаълумлигича қолади.

1979 йилда россиялик геолог А. Авдонин гуруҳи билан геологик қидирув ишлари олиб бораётганда Екатеринбург шаҳри ташқарисида оммавий қабрга дуч келади. Текшириб кўрилганда у ерда тўққиз киши кўмилгани аниқланади.

Геологлар бу ҳақда тегишли ташкилотларга хабар беришади. Бироқ масалага КГБ аралашади ва оммавий қабр қайта кўмиб юборилади.

1980-йиллар охирида СССРда Горбачёв бошлаган ислоҳотлар туфайли Николай II ҳақида тадқиқотлар бошланади. Император ва унинг оила аъзолари кўмиб юборилган жойни қидириш ишлари бошлаб юборилади.

1991 йилда айнан Авдонин берган маълумотлар асосида император ва унинг оила аъзолари кўмиб юборилган жой топилади. Текширувлар жараёнида барча жасадлар кўмишдан аввал кислота билан куйдирилгани аниқланади.

Шундан сўнг жасад қолдиқларини генетик экспертизадан ўтказиш учун хорижий мутахассислар чақирилади. Бир неча йиллик текширувлардан сўнг 1998 йилда Екатеринбург яқинидан топилган жасад қолдиқлари Николай II ва унинг оила аъзоларига тегишли экани тасдиқланади. Бироқ улар орасида Николай II нинг ўғли Алексей ва қизи Марияга тегишли жасадлар йўқлиги аниқланади.

Екатеринбург яқинидаги Романовлар кўмиб юборилган жой.
Фото: kommersant.ru

Ўша йили 17 июл куни император ва унинг оила аъзоларига тегишли жасад қолдиқлари Санкт-Петербургдаги Петропавловск хилхонасига дабдаба билан дафн этилади. Унинг хотираси учун Екатеринбургдаги император яшаган уй ўрнида черков қурилади.

Оммавий қабрдан чиқмаган Алексей ва Мариянинг жасади қолдиқлари орадан 16 йил ўтгач, 2007 йилда топилади. Улар император жасади топилган жойдан сал нарироққа кўмиб юборилган экан. Шу тариқа болшевиклар Россиянинг сўнгги императори ва унинг оила аъзолари бошига солган ишлар тўлиғича очиқланади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид