Жаҳон | 07:32 / 29.07.2024
12560
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Исроилга «худди Қорабоғ ва Ливиядаги каби» қўшин юбориш билан таҳдид қилди

Туркия Исроилга «худди Ливия ва Қорабоғдаги каби» кириши мумкин, дея огоҳлантирди президент. Эрдўған 2020 йилда Триполидаги ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун Ливияга қўшин юборилганини эълон қилган, Анқара кейинчалик Қорабоғдаги можарода Бокуни қўллаб-қувватлаганди.

Фото: tccb.gov.tr

Туркия Ливия ва Қорабоғга киргани каби Исроилга ҳам кириши мумкин, деди президент Ражаб Тоййиб Эрдўған, унинг сўзларини Al Ain Türkçe нашри келтирди.

«Қорабоғ ва Ливияга қандай кирган бўлсак, уларга ҳам шундай қилишимиз мумкин», - дея огоҳлантирди у Исроилнинг Фаластинга нисбатан сиёсатига жавобан. 

Эрдўғон 2020 йил январ ойида Триполида Ливия Миллий келишув ҳукуматини (МКҲ) қўллаб-қувватлаш учун турк қўшинларини Ливияга жўнатишини эълон қилди. Ливия раҳбари, полковник Муаммар Қаддофий ағдарилиб ўлдирилгач, мамлакат иккига бўлинди: ғарбда, Триполида МКҲ ҳукмронлик қилди (ҳозирги - Абдел Ҳамид Дбейба миллий бирлик ҳукумати), шарқ эса маршал Халифа Хафтар бошчилигидаги Ливия миллий армияси томонидан назорат қилинади. 

2020 йилнинг кузида Туркия Тоғли Қорабоғдаги Арманистон билан можарода Озарбойжонни қўллаб-қувватлади. Озарблйжон президенти Илҳом Алиев сўнг «Россия ва Туркия қўшма тинчликпарварлик миссияси» ҳақида гапирди. Москва Қорабоғда фақат Россия тинчликпарвар кучлари бўлишини, Туркия билан ўзаро алоқалар Озарбойжон ҳудудидаги мониторинг маркази доирасида амалга оширилишини билдирди. 

Туркия раҳбари Фаластин-Исроил можаросини 1967 йил чегаралари ичида пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган мустақил Фаластин давлатини яратиш йўли билан ҳал этиш тарафдори. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу «икки давлат» ғоясини рад этади.

Исроилнинг ҲАМАС билан уруши бошланганидан сўнг, Эрдўған Исроил армияси Ғазо секторидаги ҳаракатларини бир неча бор танқид қилиб, уларни «қирғин» билан қиёслаган, шунингдек, Нетаняҳуни «ҳисобдан чиқарганини» ва энди у билан алоқа қилмаётганини айтган. «Биз билишимиз керакки, ҳозирги Ҳитлер, Нетаняҳу ва унинг шериклари жавобгарликдан қочиб қутула олмайди. Қанчалик узоққа югурмасин, биз унга етиб оламиз», деди у.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид