Жамият | 20:46 / 07.08.2025
12246
6 дақиқада ўқилади

"Ижара 500$, ўртакашлик эса яна 250$" - валютада ҳисоблашувчи маклер-риэлторларни ким назорат қилади?

Ижара бозори – Ўзбекистонда умуман тартибга солинмаган, палапартиш соҳа. Одатда ижарага уй олиш учун одамлар ёки интернетдаги эълонларни қараб чиқади, ёки уйма-уй юриб қидиради ёки маклер-риэлторларга мурожаат қилади. Ўртакашлар эса уй ижараси баҳосининг 50%и миқдорида хизмат ҳаққи олиб, 1 сўмини ҳам давлатга солиқ қилиб тўламайди. Kun.uz бозордаги вазиятни билиш учун ижарачиларга қулоқ тутди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистонда ижарага уй олиш учун аксарият ҳолларда хонадон эгалари билан гаплашиб олган риэлтор ва маклерларнинг олдидан ўтишингизга тўғри келади. Ўзингиз топаман десангиз, жуда кўп вақтингизни йўқотасиз. Ўртакаш риэлтор ва маклерлар эса уй излаб юрганларга ўлжа кўзи билан қарайди.

Айниқса, пойтахт Тошкентда борган сари ижарага уй топиш муаммо: нархлар қиммат, хонадон эгалари инжиқ, ижарачиларнинг эса моддий аҳволи ачинарли.

Чилонзор туманидаги уй-жой бозорида турганларнинг 90%и риэлтор ва маклерлар. Энг қизиғи, уларнинг ичида ҳали 18 ёшга тўлмаганлари ҳам бор. Яна бири эса шу бозорда туғилиб, катта бўлганини айтади.

Аёллар, кексалар, ишсиз бекорчилар ҳам шу бозорда маклерга айланиб олишган. Камераларни кўрган бу айёрлар дарров меҳр-мурувват фаришталарига айланиб олишди, “камбағаллар учун текинга уй топиб берамиз”, деганлар ҳам бўлди.

“Қийналиб қолган оила келиб, уй сўради. Текинга ҳам жойлаштириб бердик, лекин баъзи маклерлар айтган 50% ни олади, кўчада ўтирган ҳеч қаердан рўйхатдан ўтмаган ўртакашлар эса уй эгаси рақамини олиб олган. Мижозни кўчадан илинтиради ва ҳаттоки, уйни кўрсатиш учун олиб борган йўлкира ҳаққини ҳам ижарачилардан ундиради. Ҳеч қандай ҳужжат йўқ, қандайдир муаммо бўлса, пулини ҳам қайтариб ололмай қолади”, дейди маклерлардан бири.

Ижара тизимининг тартибга солинмагани оқибатларидан бири хоҳлаган одам бу жойга келиб, уй таклиф қилиши, ижарачидан эса уй нархининг 50% миқдорида ўртакашлик пули олиши мумкин. Олган даромадидан эса бир тийин ҳам солиқ тўламайди.

Шу кеча-кундузда аҳоли сўровига биноан нормал-шарт шароитларга эга стандарт уйлар – 400-450 АҚШ доллари. Дарвоқе, уй бозорида ҳеч ким миллий валютада нарх айтмайди, фақат чет эл валютасида савдолашасиз.

Талабаларга ижара уйлари – алоҳида мавзу. Деярли, ҳеч ким талабага уйини бермайди, берганлар ҳам шарт-шароитсиз, кўримсиз, файзсиз уйини шу талабаларга пуллайди.

“Тўрт кундан бери уй излайман, шунча вақтим кетяпти. Мана, ўқиш бошланишидан 1 ой аввалдан келиб қидиряпман, уй йўқ. Айтилаётган нархлар жуда қиммат, талаба ўлароқ тўлаш имконимиз йўқ. Маклерлар эса 50% сўрайди, ҳаттоки олдин бериб юборилган уйларни ҳам таклиф қилиб, бизни овора қилишяпти”, дейди уй бозоридаги талабалардан бири.

Энди ўзингиз ўйланг, вилоятдаги давлат ишида ишловчи ота-она фарзандини ўқитсинми, ижарасини тўласинми ёки ўз оиласи ва шахсий харажатлари устида бош қотирсинми?

Уй бозоридаги маклерлар шу даражадаки, ҳаттоки таклиф этилаётган уйларни кўриб келиш учун сарфланган пулни ижарачидан олади. Уй эгаси билан келишиб олиб, ҳар ой ижарачини кўчага ҳайдайдиган ва шундай қилиб ҳар ой пул айлантирадиганлар ҳам жуда кўп.

Уй бозорида ўтирганларнинг ичида туғуруқ таътилида бўлганлар ҳам бор. Лекин улар ҳам хизмат ҳаққини уй нархининг 50% миқдори билан белгилаб олган.

“Аслида менинг касбим бор, лекин ҳозир туғуруқ таътилидаман. Университетда ишлардим”, дейди бозордаги маклерлардан бири.

Тошкентда йиллардирки ижарада яшовчи юртдошимизга кўра, давлатдан маош олиб яшовчи оила учун ижарада яшаш – ўлим билан баробар.

“Нархлар ўта қимматлаган, фақат ойликка қараган оила учун ижарада яшаш азоб. Авваллари 400-450$га 3 хонали, яхши уйлар топса бўларди, ҳозир шу пулга ҳам топиш имконсиз”, дейди 12 йилдан бери ижарада яшовчи юртдошимиз.

Маклер ва риэлторларнинг бели оғримай топаётган 50%ли ўртакашлик ҳаққини бирор ким рози бўлиб берганини эшитмадик. Улар фақат мўмай даромад ва бели оғримай пул топгани учун ушбу касбни танлаганини тан ҳам олади.

Хўш, нега давлат бу палапартиш, бетартиб соҳага эътибор қаратмайди? Қонун-ҳужжатлари орасидан қидирганимизда “Риэлторлик тўғрисидаги қонун”га кўзимиз тушди. Бундан 15 йил аввал, президент Каримов даврида қабул қилинган қонуннинг қайси банди бугун ишлаяпти-ю, қайси жойи реалликдан узоқ – бу катта савол. Қонуннинг 5-боб 20-моддасида риэлторлик хизматининг мазмуни ва тўланадиган ҳақ шартномада аниқ кўрсатилиши белгиланган. Лекин риэлтор бу лицензияга эга бўлган тижорат ташкилотининг ходими. Унда маклер ким, маклер олаётган даромадидан солиқни қаерга топширади? Буни ким назоратга олади ўзи?

Интернетдаги баъзи маълумотларга кўра, айни кунларда риэлторлик фаолиятини тартибга солувчи ҳужжат борасида парламентда муҳокамалар давом этмоқда. Бироқ у қонунда нима ҳақда гап бораётгани ҳали номаълум.

Шоҳрух Мажидзода тайёрлади.

Мавзуга оид