Жамият | 19:35 / 28.06.2020
14576
13 дақиқада ўқилади

«Энг етук олимлар даврасида ишлаш мақсадим бўлган» — Британияда яшаётган ўзбекистонлик муҳандис Аброр Толипов билан суҳбат

«Университетни тамомлаб, ўзим қизиққан соҳада ишлай бошладим. Бир неча йил ишлаб, очиғини айтсам, шахс сифатида қотиб қолганим, ўзимда ривожланиш кўрмаётганимни пайқадим. Кўпчилик тушган доирага мен ҳам тушиб қолгандим... Ўз касбимда бир маромда ўсиб келаётган, яхши маблағ топа бошлаган эдим, лекин бу мени қониқтирмади. Топган маблағларимни ўзимга инвестиция қилишим кераклигини тушундим...»

Хорижда ўқиш ва ишлаш – ўзига талабчан, танлаган соҳаси бўйича каттароқ ютуқларни истаган ҳар қандай шахс карьерасидаги энг муҳим босқичлардан бири.

Шундай бўлса-да, ривожланган давлатларда таҳсил олиш ва ишлаб кўриш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бунинг учун кишида кучли интилиш, эришган марралари билан чегараланиб қолмаслик қатъияти ва албатта одатий ҳаётини ўзгартиришга журъат етарли бўлиши лозим.

Kun.uz`нинг «Хориждаги ўзбеклар» рукни навбатдаги қаҳрамони – муҳандис Аброр Толипов бир неча йиллар олдин магистр дипломи билан ўзи қизиққан соҳада бир маромда ишлаб келаётган, ёш бўлса-да бир неча йиллик тажрибага эга кадр сифатида шаклланиб улгурган, оила қуриб, фарзандли ҳам бўлган эди. Аммо юқори таъкидлаганимиз – ўз устида ишлашга бўлган чанқоқлик уни ўз касбини чуқурроқ эгаллашга, хорижда докторантура ўқишга ундади.

Биз ҳамюртимиз билан Буюк Британияга сафаримиз давомида, Бирмингем шаҳридаги хонадонида суҳбатда бўлдик. Суҳбатимиз 35 ёшли инженернинг бир неча йиллар олдин ўз изланишлари билан грантга эга чиқиб, Англияга кўчиб келиши, Бирмингем университетида PhD даражасини олиб, йирик компанияда ишга жойлашиши жараёнлари атрофида кечди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Аброр Толипов – 2008 йилда Тошкент автомобиль йўллари институтини автомобилларни лойиҳалаш ва эксплуатация қилиш йўналишида тамомлаб, шу йилдан институтда магистратура босқичида ўқий бошлаган. 2009 йилдан, магистратуранинг иккинчи мутахассислигида Европа иттифоқининг ТЕМПУС дастури доирасида Швециянинг KTH технология институти ва Италиянинг Турин университети профессорларидан таҳсил олган.

Толипов 2010 йилдан GM Uzbekistan тизимида ишлай бошлайди, Тошкентдаги Турин политехника университетида 5 йил корхоналарда ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва маҳсулотларни маҳаллийлаштириш йўналишларида мутахассис сифатида фаолият олиб борган.

Шундан сўнг муҳандис Буюк Британияга кўчиб ўтиб, Бирмингем университети докторантурасида ўқиган. 2018 йилдан буён ESI Group компаниясида инженер сифатида ишлаб келмоқда. Шу билан бирга, илмий фаолиятини ҳам тўхтатмаган ҳолда илмий журналларда мақолалар чоп эттириб туради, Кембриждаги пайвандчилик институтида (The Welding Institute) олимлар билан янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.

– Европанинг кўплаб мамлакатларида минилган автомобиллар, гарчи сифатли ва номдор компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган бўлса-да, анча паст нархларда сотилади. Сафаримиз давомида кўрдикки, кўплаб турдаги машиналарни 2-3 минг фунт атрофида сотиб олса бўлади. Ўзбекистондаги нархлар билан солиштирганда, бизда қимматлигига изоҳ бера оласизми?

– Албатта. Бунга Европада автомобилларнинг ҳаддан ташқари кўплиги сабаб. Автомобиллар савдоси жуда катта ҳажмда айланади, шу сабабдан бу ерда маркетинг бор. Автомобилни ушлаб туришдан уларга фойда йўқ.

Буюк Британияни олиб қарайдиган бўлсак, бу ерда ҳақиқатан ҳам автомобиль жуда ҳам кўп. Нархлари ҳамёнбоп. Очиғи, бу ерга келган одам автомобиль сотиб олишда ўйланиб ўтирмайди. Керак бўлса, сотиб олади. Керак бўлмаса, олмайди. Сабаби – автомобилга бир нуқтадан иккинчи нуқтага бориш учун транспорт воситаси сифатида қаралади.

Британияда жамоат транспорти ҳам юқори даражада ривожланган. Жамоат транспорти дақиқа-сонияларигача аниқ белгиланган вақтларда ҳаракатланади. Шунинг учун ҳам жамоат транспорти жуда кенг оммалашган. Талабалар, пенсионерлар, ҳомиладор аёлларга имтиёзлар бор.

Автомобиль арзон бўлгани билан, бу ерда солиқлар бор. Йўл солиғи, автомобиль солиғи ва бошқа тўловлар. Шуларни қўшиб ҳисоблаганда, 2 минг фунтга автомобиль сотиб олсангиз, бу бир йилда харажатлари билан 4 мингга бориб қолиши мумкин.

– Автосаноат соҳасида ишлаб, сўнг докторантурада ўқиш учун Буюк Британияга келгансиз. Нима сабабдан айнан шу мамлакатни танладингиз?

– Нега айнан Европани танлагансиз, нега айни шу университет, деган саволлар кўп бўлади. Ўзимдан келиб чиқсак, маҳаллий автосаноатимиздан, таълим тизимимиздан қониқмаганим учун ўз устимда ишлашимга тўғри келган. Вақтимни шунга сарфласам, ютқизмаслигимни тушуниб етдим.

Ўз олдимга хорижда ўқиш мақсадини қўйгач, бунинг учун ҳомий топишим керак эди. Докторантуранинг тўловлари бор, боз устига мен оилалиман – қизим Британияга келмасимдан олдин, ўғлим эса ўқишим давомида туғилган.

Мен иш юзасидан ҳам, бирор жойга борганимда ҳам, кўп-кўп инсонлар билан суҳбатлашардим ва бу суҳбатлардан олган нарсаларимни, таълим ва саноатимиздаги муаммоларни алоҳида қайд этиб қўярдим. Ҳомий топиш учун иншо ёзган пайтингизда ҳаётий муаммоларни ёзсангиз, ишонарли чиқади.

Мақсадим ҳомийларни нимагадир ишонтириш эмас, шахс сифатида янги даражага чиқиш, академиклар доирасига кириш, етук олимлар билан суҳбатлашиш ва керак бўлса, шулар билан бирга ишлаш бўлган.

Шу тариқа, ҳар куни ишдан кейин вақтимни айнан ҳомий излашга сарфладим. Бунга 3-4 ой вақт кетди. Ҳомий топдим ҳам. Улар менга: «Энди университет топсангиз, маблағларини тўлаб берамиз, иншода ёзган соҳангизда ўқий бошлайсиз», дейишди.

Мана шу жойида хато қилиш керак эмас. Ёшлар кўп жойдан маслаҳат олишади ва ўзлари ўқиб, ишлаб келган йўналиш қолиб, маслаҳат берганлар айтган соҳани танлаб олмасликлари керак. Майли, грант топди ҳам дейлик, ҳомий маблағларни тўлаб берди ҳам дейлик, лекин бу йўналишда ўқиб кетиш нима бўлади? Шунинг учун киши ўзига бу йўналиш менга мосми, деган саволни бериб кўриши керак.

– Бу ерга келганингиздан кейин сиз энг қийин деб топган нарса нима бўлди?

– Мен учун қийинчилик туғдиргани – шу пайтгача Европага чиқмаганим бўлган. Мактабдан бошлаб коллеж ва университетда ҳам, кейинчалик иш жойларимда ҳам ўзбекча муҳитда улғайган эдим.

– Оилангизни қачон олиб келдингиз?

– 2014 йил декабрь ойида ўзим келган бўлсам, орадан 7-8 ой ўтгач, оиламни ҳам олиб келдим. Сабаби – аввал ўзим мослашиб олишим, бироз оёққа туриб олишим керак бўлган. Инглизчасига speed-up дейди, яъни шу жараённи тезлаштириш мақсади бўлган.

Ўқишга келмоқчи бўлганларга маслаҳатим: агар оила қурган ва фарзанди бўлса, имконияти бўлсагина олиб келишсин. Ўша пайтда менинг имкониятим ва диққат марказим ўқишда бўлган. Менимча, бу нарса оилангиздагиларга қаттиқ тегади: агар доим фақат ўқиш билан банд бўлсангиз, аёлингизга ёки болаларингизга вақт ажратмасангиз, бу уларга оғир ботади.

Шунинг учун ҳам улар аввалига ота-онам бағрида бўлиб туришгани маъқул деб билдим. Аёлим Ўзбекистонда кардиология соҳасида ишларди. Оила қурганимизга кўп бўлмаган, қизим энди туғилган эди – бу пайтда ўқишга бир ўзим кетишга кўндириш осон бўлмаган.

Оиламни 7-8 ойдан кейин олиб келдим. Олиб келганимдан кейин ҳам, бу ерга оилам билан мослашиш жуда қийин бўлган. Яъни сарф-харажатингиз ўсиб боради. Аввал ётоқхонада шерикчиликда турган бўлсангиз, оила билан бунинг иложи йўқ. Оилали студентлар ижарага уй олишига тўғри келади. Уй ижарага олиш учун эса етарлича маблағингиз бўлиши керак. Ва бу маблағ кичкина эмас. Бундан ташқари, бошқа тўловлар ҳам бор – газ, свет, интернет... Бу ерда тўламасангиз, ҳамма нарса автоматик ўчади.

Шу нарсаларни ўйлаб, ўзим учун оилавий бюджет қилиб, тежамкорроқ уй ижарага олганман. Бу нарсаларни оилани олиб келишдан олдин режалаштирингиз, ижарага уй олаётган жойингизни келиб ўрганишингиз керак: атрофи, муҳити, тинч жойми, қанақа одамлар яшайди, бу атрофда қанақа дўконлар бор, қанақа овқатланиш жойлари бор, қанақа хизмат кўрсатиш, масалан тиббиёт масканлар бор.

Шуларни кўриб чиқиб, ижарага уй олиб, ҳамма нарсани тайин қилиб, кейин оиламни чақирганман.

– Бу ерда ўзингиз танлаган соҳада ишга киришингиз қандай кечган?

– Мен бу соҳага жуда ҳам яқин бўлганман. Магистратурани ўқиш пайтида айнан шу соҳани танлаган эдим. Шу соҳада яхши мутахассис бўла олишимга ишонганман ва аниқ мақсад қўйганман.

Ўз тажрибангиздан келиб чиқиб бошқаларга маслаҳат беришингиз мумкин, лекин бу маслаҳат иш берадими-йўқми, номаълум. Ҳаммада ҳар хил шароит. Мен бу ерда ҳар хил ҳолатни бошдан кечирдим, қийинчиликни ҳам кўрдим. Осон эмас, мусофир юртдасиз – касал бўлиб қолсангиз, бирор бир камчилигингиз бўлса, ҳомийингиз маблағни вақтида тушириб бермай қолса, уй тўловлари, транспорт харажатлари бор...

Ҳар йили таътил пайтимда оилам билан Ўзбекистонга борардик, ўқиш бошланганда яна қайтардик. Солиштириб кўрсам, биз Ўзбекистонда қарамлигимизни сезиб қолдим – ҳамма нарсани ота-онамиз қилиб бераркан. Ота-она фарзандига ҳатто уй-жой ҳам қилиб беради.

Бизда бозорга борсангиз, ҳамма нарсани талашиб-савдолашиб оласиз. Бу ерда аниқ ҳисоб-китоб билан юришингиз керак. Бусиз иложи йўқ. Ўзбекистонда бугун пулингиз етмай қолса, қарз олиб турасиз, ёки ота-онангиз, ё дўст-биродарларингиз ёрдамлашиб туради; бизнесингиз юрмай қолса, инвестор топасиз... Бу ерда бирданига шу нарсани қилиб кетиш осон эмас. Албатта, имконият бор, йўқ эмас. Аммо банкка бориб қарз олмоқчи бўлсангиз ҳам, у аввал сизни эшитиб кўради: «Унга қарз берса бўладими, ўзи қийналиб турган бўлса, қандай қилиб қайтаради...»

Менда шундай пайтлар ҳам бўлди: уни қилсангиз бунга етмайди, буни қилсангиз унга. Шундан кейин ўйлашни бошладим, нима қилсам бўлади?

Имкониятлар эшигини оча бошладим. Мен ўқиган Бирмингем университетининг кампуси анча катта, кўп бўлимлар бор. Ҳар бир бўлимнинг ўзига яраша турли хизматлари бор. Мен уларга авваллари ҳеч қизиқмаган эканман. Фақат у ердаги хонам, кутубхона, лаборатория, заводдаги экспериментлар билан банд бўлган эканман. Қарасам, университет халқаро студентлар мурожаат қиладиган бўлимлар бор экан. Битта бўлим эмас, бўлимлар: улар ҳам хар хил йўналишларга бўлинаркан. Кимдир уй топишга қийналса, ёки маблағ жиҳатдан муаммоси бўлса, унга алоҳида бўлим. Ёки қайсидир талабага иш керак бўлса, менинг билимим, вақтим бор, ишлай оламан, десангиз, бунинг учун ҳам алоҳида бўлим бор. Мен шу бўлимга бордим.

Улар менга турли вариантлар рўйхатини беришди. Масалан, ўқитиш. Яъни профессоримга ассистент бўлиб, талабаларга компьютерда бажариладиган лаборатория ишларида бош-қош бўлиш мумкин. Бунинг учун яхшироқ ҳақ тўлашади. Кейин мен бошқа оддий хизматларни ҳам қилишни бошладим, университетнинг ичида турли хизматлар бор. Масалан, hospitality – студентларга хизмат кўрсатиш. Бунинг тўлови кичкина. Энди, булар билан чекланиб қолиш керак эмас, бу усуллар молиявий қийинчиликни енгиб ўтиш учун вақтинча ёрдам беради.

Кейинроқ диссертация ёза бошладим. Бу пайтда эса савол пайдо бўлади: битириб нима иш қиламан? Сиз айнан битирмасингиздан олдин отни қамчилашингиз керак: ишингизни тайин қилиб қўйишингиз зарур.

Битириб Ўзбекистонга қайтиб борсаммикин ё шу ерда тажрибамни амалиётда синаганим яхшими? Докторантура сертификати билан борсангиз, сизга тайёр иш бераман, деб кутиб туришмайди албатта. Тўғри, Ўзбекистонда ҳам ўз соҳамда маълум даражада алоқаларга эга эдим, лекин докторантурада ўрганганларимни олдин шу ерда ишлатиб кўриш фикри келди. Бу йўналишда ойлик қанақа экан, қанақа имкониятлар бор экан, бизга қанақа масъулият юкланарган деган қизиқиш уйғонди.

Шундан кейин университетдаги илмий раҳбарларим тавсияси билан ишга – ESI Group компаниясига ҳужжат топширдим. Ишга қабул қилиш 5та босқичдан иборат экан...

 

Суҳбатни батафсил Kun.uz`нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг. Унда ҳамюртимиз ишга кириши жараёни қандай кечгани, келгуси режалари ҳақида ҳам гапириб ўтган.

Дониёр Тухсинов суҳбатлашди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид