Жаҳон | 14:33 / 20.12.2024
7983
9 дақиқада ўқилади

Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазодаги вазият

Исроил армиясининг 17 декабрдаги янги ҳаво ҳужумлари Ғазо секторида яна бир қатор вайронагарчиликларга сабаб бўлди. Жабалия, Байт Лахия ва Байт Ҳанун каби ҳудудлар харобага айланди.

Ҳодисада 8 фаластинлик ҳалок бўлган, кўплаб одамлар жароҳатланган. Беморлар, болалар ва аҳолини қутқаришга ҳаракат қилаётган шифохоналар ва мактаблар ҳам ҳужум остида қолган.

7 октябрдан буён Ғазо секторига қилинган ҳужумларда 45 минг 97 фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг 17 минг 492 нафари болалар ва 11 минг 979 нафари аёллардир. Шунингдек, 107 минг 244 киши жароҳатланган.

Жабрдийдалар ҳужумлардан қочиб, паноҳ топган мактаблар ва шифохоналар ҳам вайрона бўлган. Қутқарув ишлари қийинлашган, кўплаб жасадлар ҳали ҳам вайрона остида қолмоқда.

Фаластин БМТ аъзоси бўлиши керак

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос мамлакатнинг БМТнинг тўлақонли аъзоси сифатида тан олиниши ва халқаро ҳамжамият томонидан кўпроқ эътироф этилиши зарур эканини айтди.

Қоҳирада бўлиб ўтган D-8 саммитида Аббос фаластинликларнинг ҳар куни геноцид, қотиллик, очлик ва мажбурий кўчиришларга дучор бўлаётганини таъкидлади.

«Фаластин БМТнинг тўлақонли аъзоси бўлиши ва халқаро тан олиниши зарур. Бу минтақа хавфсизлиги ва барқарорлиги учун муҳимдир,» — деди у.

Аббос Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишни ва ҳуманитар ёрдам етказишни талаб қилди. У, шунингдек, БМТнинг 2735-резолюциясини амалга ошириш, халқаро ҳамжамиятни Ғазо сектори учун масъулиятни ўз зиммасига олиш ва Исроилнинг тўлиқ чиқиб кетишини таъминлашга чақирди.

Исроил Яманга ҳужум уюштирди

Исроил ҳарбийлари Ямандаги «Ансоруллоҳ» ҳаракатининг бир неча ҳарбий объектларига ҳаво ҳужумлари амалга оширди. Ҳужумлар мамлакат ғарбидаги марказий ва соҳил ҳудудларида бўлиб ўтди. Исроил расмийларига кўра, зарбалар ҳусийчиларнинг дронлар ва баллистик ракеталар орқали Исроилга ҳужумига жавобан берилган.

«Биз ҳусийчиларнинг ҳарбий инфратузилмасидан фойдаланишини чеклаш учун ушбу зарбаларни амалга оширдик», — деди Исроил армияси вакили Авиҳай Адраи.

Ҳусийчилар эса пойтахт Сано ва Ҳудайда шаҳридаги нефт объектлари ва электростанцияларга Исроил зарбалари натижасида жабрланганлар борлигини маълум қилди. Ҳодисада кўплаб яманликлар ҳалок бўлган ва жароҳатланган.

Сўнгги ҳодисалар ортидан Қизил денгиздаги хавфсизлик муаммолари янада кескинлашди. Ҳусийчиларнинг савдо кемаларига ҳужумлари туфайли кўплаб кемачилик компаниялари бу ҳудуддаги ҳаракатларини тўхтатишга қарор қилди.

18 декабр куни Пентагон «Равнақ қўриқчиси» халқаро операциясини бошлаб, Қизил денгизда савдо кемаларининг хавфсизлигини таъминлаш учун кўп миллатли денгиз кучларини жалб этди.

Исроилнинг давомли оккупация сиёсати

Исроил давлати 1948 йилда ташкил топганидан буён қўшни мамлакатлар, жумладан, Фаластиннинг ҳудудларини босиб олиш сиёсатини олиб бормоқда.

«Исроилнинг оккупация жараёни 1947 йилдаги БМТнинг 181-резолюциясидан бошланган», — деб таъкидланади тарихий таҳлилларда.

Исроил 1948 йилнинг 14 май куни Британиянинг тарихий Фаластин ҳудудидан чиқишидан сўнг мустақил давлат деб эълон қилинган. Шу йили Исроил ва араб давлатлари ўртасида биринчи уруш бошланган.

Бу уруш натижасида Исроил Фаластин ҳудудларининг 68 фоизини, жумладан, Ғарбий Қуддусни босиб олган. Охирги йилларда Суриядаги Башар Асад режими ағдарилгандан сўнг, Исроил армияси буфер зонасига эгалик қилиб, ўзининг оккупация сиёсатига қайтмоқда.

Жўлоний: «Сурия Ғарб учун хавф эмас»

Суриянинг янги де-факто раҳбари, аввалроқ Муҳаммад ал-Жўлоний сифатида танилган Аҳмад аш-Шаръа мамлакатнинг қўшнилар ёки Ғарбга таҳдид солмаслигини ва узоқ йиллик урушдан кейин тикланишга муҳтож эканини таъкидлади.

«Санкциялар эски ҳукуматга қарши жорий қилинган эди, энди уларни бекор қилиш вақти келди. Жабрланганлар ва зулм қилганларни бир хил жазолаш адолатсиз», — деди ал-Шаръа BBC билан суҳбатда.

Сурия 2011 йилдан буён 300 дан ортиқ санкция пакетлари остида қолган бўлиб, Россия ва Эрондан сўнг дунёдаги энг кўп санкцияланган учинчи давлат бўлиб турибди.

Аш-Шаръанинг таъкидлашича, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» асло террорчилик ташкилоти эмас ва фуқароларга ҳужум қилмаган.

«Сурия Афғонистон эмас. Бизда аёллар учун таълимга йўл очилган. Масалан, Идлибда университет талабаларининг 60 фоизи хотин-қизлар», — деган аш-Шаръа.

У Сурияда янги қонун ва Конституция асосида сиёсий жараён бошлангани эълон қилинди.

Сурияга қайтаётган қочқинлар

БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти маълум қилишича, Суриядаги Асад режими ағдарилиши ортидан 250 минг киши ўз уйига қайтган, уларнинг 100 минг нафари чет элда яшаган сурияликлардир.

«Сурияда 17 млн одам ёрдамга муҳтож, аҳолининг 90 фоизи эса қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди», — дейилади ташкилот баёнотида.

2011 йилда бошланган фуқаролик уруши Сурияда катта вайронагарчиликлар келтириб чиқарган. 6 миллиондан ортиқ суриялик мамлакатни тарк этган, яна 5,5 миллион киши ички қочқинга айланган.

Ҳозирда юз минглаб қочқинлар ватанига қайтишни бошлаган, аммо баъзилари маҳаллий шароитларнинг хавфсизлигига ишонч ҳосил қилишни кутмоқда.

Асад режимининг ваҳшийликлари

Суриянинг Дамашқ шаҳри яқинидаги омбордан 20 дан ортиқ инсон қолдиқлари топилди. Бу ҳақда «Оқ каскалилар» ташкилоти хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, омбор наркотиклар сақлаш учун ишлатилган. Ҳозирча ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш имкони йўқ, уларнинг ҳалок бўлиши сабаблари ўрганилмоқда.

Шунингдек, Башар Асад режими ағдарилганидан сўнг, БМТ инспекциялари учун очилган Седная қамоқхонасида 2011-2018 йиллар давомида 30 мингдан ортиқ одам қатл қилинган ёки азоб-уқубат, тиббий ёрдам етишмаслиги ёки очлик сабаб ҳалок бўлган.

Суриялик аёллардан бири Седная қамоқхонасида маҳкумлар осиб ўлдирилган арқонни оммага намойиш этгани кадрлари тарқалди. Тадқиқотчилар эса Асад режими қамоқхоналаридаги золимликларни ҳужжатлаштиришни давом эттирмоқда.

Украинага хавфсизлик кафолатлари

Украина президенти Володимир Зеленский Брюсселдаги музокараларда мамлакат хавфсизлигини таъминлаш кафолатлари асосий мавзулардан бири бўлишини таъкидлади. Бу ҳақда у НАТО бош котиби Марк Рютте билан учрашувдан олдин маълум қилди.

«Брюсселда ўтадиган икки кундан тўлиқ фойдаланиш жуда муҳим. Барча ҳамкорларимиз билан умумий ва якдил позицияни шакллантиришимиз керак. Бу Украина хавфсизлигини таъминлаш, халқимизни қўллаб-қувватлаш ва армиямизни кучайтириш учун зарур», — деди Зеленский.

НАТО бош котиби Рютте эса Украинага ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари ва бошқа қуроллар тақдим этиш бўйича сўровлар кун тартибида экани ва Украина учун 19 та ҲҲҲ тизими етказиб бериш муҳокама қилинади, дея қайд этди.

Брюссел музокаралари Украина хавфсизлигини таъминлаш ва Европа давлатлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган.

Путин мигрантлар ҳақида

Россия президенти Владимир Путин миграция ва ишчи кучи етишмовчилиги муаммосини ҳал қилиш йўлида Марказий Осиё мамлакатларида рус мактаблари тармоғини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

«Рус мактаблари орқали ишчи кучи тайёрлашни уларнинг Россияга келишидан олдин бошлаш мумкин», — деди Путин.

У айниқса қурилиш соҳасида ишчи кучи танқислиги сезилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ишсизлик даражаси паст бўлишига қарамай, айрим тармоқларда юз минглаб ишчи етишмайди.

Шунингдек, Путин мигрантларнинг рус тилини билмайдиган болаларини Россия мактабларига қабул қилинмаслигини ҳам маъқуллашини айтди. Унга кўра, бу масала ҳал этилишида маҳаллий аҳолининг манфаатлари ҳисобга олиниши керак.

Россияда кўпхотинлиликка рухсат берилди

Россия Мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгаши мусулмон эркакларга тўрттагача «диний никоҳ» тузишга рухсат берди. Бу ҳақда Москва муфтийси Илдар Аляутдинов маълум қилди.

Муфтийнинг сўзларига кўра, полигамия қуйидаги ҳолларда мумкин: аёлнинг туғишга лаёқатсизлиги, репродуктив ёшнинг тугаши, соғлиқ билан боғлиқ муаммолар ёки бошқа объектив сабаблар, шу жумладан, фарзанд кўриш истагининг йўқлиги.

Асосий шарт — барча аёлларга нисбатан адолатли ва тенг муносабат бўлиши керак. Эр ҳар бир аёлни моддий таъминлаши, алоҳида уй-жой билан таъминлаши ва вақтни баробар тақсимлаши керак. Агар бу шартлар бажарилмаса, кўпхотинлилик ман қилинади.

Бу ҳам аҳолиси уруш ва туғилишнинг камлиги туфайли қисқариб бораётган Россияда аҳоли сонини оширишга бўлган шошилинч ҳаракатлардан бири ўлароқ баҳоланмоқда.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид