Спорт | 12:56 / 21.09.2025
8311
20 дақиқада ўқилади

«Реал», «МЮ» ва «Ливерпул»да ғалаба, Кейнда 9-ҳет-трик. Кун ўйинлари

«МЮ» ва «Челси» ўйинида ноёб ҳолат кузатилди: 5-дақиқадаги қизил карточка туфайли меҳмонлар 21-дақиқага келибоқ уч футболчи алмаштириш имкониятини ишлатиб қўйди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Ливерпул»да ғалабали серия ва «Челси» учун даҳшатли туш

«Ливерпул» – «Эвертон» 2:1
Голлар:
Гравенберҳ, 10 (1:0). Экитике, 29 (2:0). Гейе, 58 (2:1)
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате, Керкез, Брэдли, Макаллистер (Вирц, 61), Гравенберҳ, Собослаи, Гакпо (Жонс, 61), Салоҳ, Экитике (Исак, 67)
«Эвертон»: Пикфорд, Кин, Тарковски, Миколенко (Алкарас, 86), О`Брайен, Гейе, Гарнер, Дюсбери-Ҳолл, Грилиш, Ндиай (Диблинг, 86), Бету (Барри, 46)
Огоҳлантиришлар: Собослаи, 69. Вирц, 82 – Ндиай, 28. Дюсбери-Ҳолл, 78. Грилиш, 90

Тур ўйинларини очиб берган Мерсисайд дербисида «Эвертон» биринчи бўлимда мезбонларга қарши ҳеч қандай чора тополмади. Аниқроғи, Гакпо майдон марказида тўпни олиб қўйиши ва Салоҳнинг Гравенберҳга тўпни юмшоқ ташлаб бериши билан тезкор гол урилиши меҳмонларнинг имкониятларини тушириб юборди. Дэвид Мойес шогирдлари биринчи бўлимдаги ягона хавфли вазиятидан ҳам фойдалана олмади, Дюсбери-Ҳолл қулай позициядан аниқ зарба бера олмади ва «Ливерпул» жавоб ҳужумида иккинчи голни урди. Яна майдон марказида тўп эгаллаб олиниши билан амалга оширилган тезкор комбинация Гравенберҳ Экитикени дарвозабон қаршисига чиқариши билан якунланди. Француз ҳужумчиси яна бир бор бошланғич таркибдаги ўрнини шунчаки Исакка бериб қўймоқчи эмаслигини намойиш этди.

Иккинчи бўлимда эса «Энфилд»да йиғилган мухлислар ўтган мавсумдаги воқеа такрорланишидан хавотирда ўтиришди, ўшанда «Эвертон» уйидаги дербида қўшимча дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолганди (2:2). Қолаверса, бу мавсумда «ирислар» сафида Грилишдек вазиятлар яратувчи ижодкор футболчи бор. Жек чап қанотда ҳимоячидан осон қочиб кетди ва тўпни олис устун томон узатди, у ерда турган Ндиай эса тўпни марказда қулай позицияда очилган Идрисса Гейега ташлаб берди. 35 ёшли футболчи Алиссонга ҳеч қандай имкон қолдирмади. Аммо меҳмонларга иккинчи голни ура олишмади. Мавсум стартида уч марта 2 гол устунлигини бой берган (АПЛда «Борнмут» ва «Нюкасл» билан ўйинларда, шунингдек, ЕЧЛда «Атлетико» 0:2 ҳисобидан чиқиб кета олганди, аммо Арне Слот шогирдлари сўнгги дақиқаларда барибир ғалаба голини уришди) мезбонлар бу сафар ҳимояда ишончлироқ ҳаракатланишди. «Ливерпул» 2019 йилдан буён илк бор мавсумни беш ўйинда беш ғалаба билан бошламоқда.

«Брайтон» – «Тоттенҳэм» 2:2
Голлар:
Минте, 8 (1:0). Айяри, 31 (2:0). Ришарлисон, 43 (2:1). ван Хекке, 82 - автогол (2:2)
«Брайтон»: Вербрюгген, Данк, ван Ҳекке, Ферди Кадиўғли (Виффер, 85), Велтман, Балеба (Гомес, 46), Айяри, Груда (Милнер, 63), Митома, Минте (Коппола, 75), Рюттер (Уэлбек, 75)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Ромеро, ван де Вен, Удоджи, Порро (Спенс, 89), Палиня, Бергвалл (Грэй, 89), Бентанкур (Симонс, 61), Одобер (Жонсон, 72), Қуддус, Ришарлисон
Огоҳлантиришлар: Гомес, 73 – Қуддус, 46. Ромеро, 88

«Тоттенҳэм» Брайтондаги ўйиннинг дастлабки ярим соатида икки гол ўтказиб юборди. Биринчи ҳолатда Рюттер Минтени олдинга бошлади, майдон марказида ҳимоячилардан қочиб кетган футболчи Викариони ҳам алдаб ўтиб, тўпни бўш қолган дарвозага юмалатиб юборди. Иккинчи голли ҳужумда эса Айари ўткир бурчакдан ажойиб зарба берди. «Шпорлар» танаффус арафасида Ришарлисоннинг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳисобни қисқартиришга эришди. Томас Франк шогирдлари ўйин охирида мағлубиятдан қутулиб қолишди, Қуддуснинг жарима майдонига узатмаси ван Ҳекке ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйишига олиб келди. «Брайтон» мавсум бошидан буён иккинчи бор ўйин охирида ғалабани қўлдан бой бермоқда, шу билан бирга, «чайкалар» ўтган мавсум бошидан буён уй ўйинларида «катта олтилик» вакилларига қарши мағлубиятсиз сериясини давом эттирди.

«Манчестер Юнайтед» – «Челси» 2:1
Голлар:
Бруну Фернандеш, 14 (1:0). Каземиро, 37 (2:0). Чалоба, 80 (2:1)
«Манчестер Юнайтед»: Алтай Байиндир, Магуайр (Йоро, 70), Шоу, де Лигт, Бруну Фернандеш (Майну, 87), Каземиру, Доргу, Мазравий (Куня, 65), Диалло, Мбемо (Маунт, 69), Шешко (Угарте, 46)
«Челси»: Санчес, Чалоба, Фофана (Гюсто, 64), Кукуреля (Жорж, 64), Жеймс, Фернандес, Кайседо, Палмер (Сантос, 21), Педру Нету (Адарабиойо, 7), Эстеван (Йергенсен, 6), Жоао Педро/
Огоҳлантиришлар: Каземиро, 17 – Кукуреля, 44. Фернандес, 48. Чалоба, 50. Жорж, 72. Адарабиойо, 90
Четлатишлар: Санчес, 5 – Каземиро, 45 (иккинчи сариқ карточка)

Шанба оқшомидаги марказий баҳс кутилмаган воқеа билан бошланди – «Челси» дарвозабони Санчес жарима майдони ташқарисида яккама-якка вазиятга чиқиб келаётган Мбемони йиқитди ва қизил карточка олиб, майдонни тарк этди.

Энцо Мареска дарҳол икки футболчи алмаштириш билан реакция қилди. Янги дарвозабон тушириш учун Эстевао қурбон қилиди, вингер Педру Нету ўрнига қўшимча ҳимоячи сифатида Адарабиойо туширилди. Кейин эса Палмер ҳам ўзини ёмон ҳис қилиб алмаштирилди, жароҳатидан тўлиқ тикланишга улгурмаган Коул 20 дақиқа давомида тўпга атиги бир бор тегинганди.

Шу тариқа, «Челси» кутилмаганда тарихга кирди. Opta маълумотига кўра, АПЛнинг бирор жамоаси бунгача бу қадар тез – 21 дақиқа ичида учта алмаштириш қилмаган.

Бунгача, 14-дақиқада «Челси» гол ўтказиб юбориб улгурганди, VAR хонасидагилар бу вазиятни узоқ текширишди: лекин якунда Доргу тўп оширган вақтда Бруну Фернандеш офсайдга тушиб қолмаган деб топилди.

«Қизиллар»нинг иккинчи голи ҳам қийинчилик билан урилди, Жеймс жарима майдонидан тўпни узоқлаштиришда муваффақиятсиз ҳаракат қилди, юқоридан қайтиб тушган тўпни Шоу бош билан нариги бурчак олдида бўш турган Каземирога етказиб берди. Бразилиялик яримҳимоячи кўкларга қарши доим муваффақиятли ҳаракат қилиб келган, у Англиядаги 7 голидан 3 тасини шу жамоа дарвозасига урган. Аммо бу сафар у сариқ карточкаси борлигига қарамай, Андрей Сантосни қўллари билан газонга ағдарганидан кейин унга иккинчи сариқ карточка кўрсатилди.

«Олд Траффорд»даги ўйиннинг иккинчи бўлими «10 га 10» форматида давом этди. Меҳмонлар мураббийи ўйиннинг бир соати ортда қолганида икки футболчи алмаштириш имкониятидан фойдаланиб, Фофана ўрнига Гюсто, Кукуреля ўрнига Жоржни майдонга туширди. Ўйин охирларида бурчак зарбасидан кейин Чалоба жавоб голини урди, аммо лондонликларнинг бундан ортиғига қурби етмади. Рубен Аморим яна бир бор жиддий рақибга қарши сифатли футбол намойиш этиб, «МЮ»нинг «Челси»га қарши ўйинлардаги муваффақиятли сериясини давом эттирди – бу жамоага «Олд Траффорд»да 2014 йилдан буён мағлуб бўлинмаган (+6=7).

Испания: Мбаппени тўхтатиб бўлмаяпти

«Реал» – «Эспанйол» 2:0
Голлар:
Эдер Милитау, 22 (1:0). Мбаппе, 47 (2:0)
«Реал»: Куртуа, Эдер Милитау, Рауль Асенсио, А. Каррерас, Карваҳал, Валверде, Тшуамени (Камавинга, 90), Винисиус Жуниор (Диас, 77), Мастантуоно (Родригу, 77), Мбаппе (Беллингем, 89), Гарсия (Арда Гулер, 61)
«Эспанйол»: Дмитрович, Калеро, Кабрера, Ромеро, Эль Хилали, Гонсалес де Сарате, Пол Лосано (Ж. Каррерас, 63), Пуадо (Кике Гарсия, 77), Долан (Пикел, 63), Экспосито (Колеошо, 63), Фернандес (Рока, 84)
Огоҳлантиришлар: Тшуамени, 37. Мастантуоно, 75

Ҳаби Алонсо Арда Гулерга дам беришга қарор қилди, туркиялик футболчи бунгача қаторасига ўн ўйинда бошланғич таркибдан ўрин олиб келаётганди. «Реал»да позицион ҳужумлар уюштиришда ушбу ёш яримҳимоячининг йўқлиги сезилди, аммо «Эспанйол» мудофаасини ёриб ўтиш учун бошқа қурол топилди. Эдер Милитао одатда стандарт вазиятларда иккинчи қаватда тўп учун курашларда хавфли, бу сафар бразилиялик ҳимоячи тўпни марказий зонада эгаллаб, қарийб ўттиз метр масофадан зарба йўллади ва юқори бурчакни аниқ нишонга олди.

Иккинчи бўлим бошида Мбаппе рақиб дарвозабонини доғда қолдириб, ҳисобдаги устунликни мустаҳкамлади. Тўрт турдан кейин учинчи ўринга чиқиб олган «Эспанйол» мавсумда илк бор мағлубиятини тан олишга мажбур бўлди. Мбаппени эса мавсум стартида тўхтатиб бўлмаяпти, у олти ўйинда рақиблар дарвозасини етти бор ишғол этган. Агар йил бошидан буён статистикага қаралса, топ-5 лигаларда Килианга жами голлар сони бўйича ҳам (37), жарима майдони ташқарисидан урилган голлар сони бўйича ҳам (6) тенг кела оладиган рақиб йўқ.

«Вилярреал» – «Осасуна» 2:1
Голлар:
Будимир, 45+6 - пеналти (0:1). Микаутадзе, 69 (1:1). Гейе, 85 (2:1)
«Вилярреал»: Луис Жуниор, Марин, Фойт (Вейга, 67), Педраса, Наварро (Комесаня, 58), Партей (Олувасейи, 58), Гейе, Молейро (Соломон, 67), Ахомах (Бюкенен, 46), Микаутадзе, Пепе/
«Осасуна»: Эррера, Катена, Крус (Эррандо, 46), Бойомо (Барха, 88), Торро, Монкайола, Бретонес, Розе, Муньос (Рауль Гарсия, 77), Гарсия (Осамбела, 46), Будимир (Беккер, 77)
Огоҳлантиришлар: Наварро, 42. Комесаня, 87 – Розе, 33. Торро, 39
Четлатиш: Розе, 40 (иккинчи сариқ карточка)

«Валенсия» – «Атлетик» 2:0
Голлар:
Сантамария, 73 (1:0). Дуро, 90+3 (2:0)
«Валенсия»: Агирресабала, Диакаби, Таррега, Хосе Гайя (Васкес, 71), Фулке, Герра, Сантамария, Диего Лопес (Белтран, 71), Риоха (Дуро, 70), Груневелд (Андре Алмейда I, 80), Раба (Рамазани, 64)
«Атлетик»: Симон, Вивиан, Паредес, Берчиче, Аресо, Руис де Галаррета (Весга, 68), Хаурегисар (Рего, 81), Сансет (Саннади, 68), Беренгер (Ляпорт, 64), Наварро (Гомес, 69), Иняки Уилямс
Огоҳлантиришлар: Хосе Гайя, 59 – Наварро, 20
Четлатиш: Вивиан, 61

«Вилярреал» стартдаги икки ғалабадан кейинги икки ўйинда бир очк билан кифояланди. ЕЧЛни эса «Тоттенҳэм»га ютқазиш билан бошлади. «Сариқ субмариналар»нинг узоқ кутилган ғалабаси осон қўлга киритилмади. Аксинча 40-дақиқада сон жиҳатдан устунликка эришганига қарамай, мезбонлар биринчи бўлимни ҳисобда ортда борган ҳолда (0:1) якунлади. «Осасуна»нинг хорватиялик тўпурари Будимир навбатдаги марта пеналтини аниқ ижро этди. Марселино Торал эса футболчиларни алмаштириш орқали ўйинда бурилиш ясай олди.

Жокерлардан бири — Соломон — юмшоқ узатмаси билан шу ёзда «Лион»дан трансфер қилинган Микаутадзега Испаниядаги илк голини уришда ёрдам берди. Иккинчиси — Олувасейи — олис масофадан зарба йўллаганида тўп йўл-йўлакай Гейега тегиб, йўналишини кескин ўзгартирди ва бу дарвозабонга ҳеч қандай имкон қолдирмади. «Вилярреал» «Атлетик»ни қувиб ўтиб, камида якшанба кунги ўйинлар якунигача учинчи ўринга кўтарилди, мавсум стартидаги уч ўйинда ғалаба қозонган басклар эса Нико Уилямс жароҳат олиб сафдан чиққанидан кейин ўйинини топа олмаяпти. Ла лигада «Алавес» (0:1) ва ЕЧЛда «Арсенал»дан (0:2) учралган мағлубиятлар ортидан Эрнесто Валверде шогирдлари «Месталя»да ҳам ҳеч нарса қила олишмади. «Валенсия»га VAR аралашиув билан Дани Вивиан майдондан четлатилиши қўл келди, ўйин тақдирини «кўршапалаклар» бурчак зарбаларидан урган голлар ҳал қилди.

Италия: нурсиз «Ювентус» ва Аллегрида ғалабали серия

«Верона» – «Ювентус» 1:1
Голлар:
Консейсау, 19 (0:1). Орбан, 44 - пеналти (1:1)
«Верона»: Монтипо, Нелссон, Фресе, Нунес, Сердар (Сантяго, 90), Акпа-Акпро (Нясс, 77), Бернед, Брадарич, Белгали (Кастанос, 78), Орбан (Аджайи, 90), Жоване (Сарр, 63)
«Ювентус»: Ди Грегорио, Гатти, Келли, Калюлю, Локателли (Копмейнерс, 46), Тюрам (Аджич, 57), Камбьясо, Жоао Мариу (Жегрова, 83), Консейсау (Давид, 70), Кенан Йилдиз, Влаҳович (Опенда, 57)
Огоҳлантиришлар: Акпа-Акпро, 7. Орбан, 45. Бернед, 76 – Гатти, 9. Келли, 39. Копмейнерс, 65

А Серияда «Интер» (4:3) ва ЕЧЛда Дортмунднинг «Боруссия» (4:4) клубларига қарши кечган икки телбавор ўйиндан кейин «Ювентус» «Верона» майдонида дурангга рози бўлди. Бянконерилар ўйинидаги муаммо илк дақиқалардан кўзга ташланди. Франсишку Консейсау икки ҳимоячидан ўтиб кетиб, жарима майдони чизиғи бўйлаб югурган ҳолда тўпни бурчакка жойлаши ҳам муқаррар очко йўқотилишининг олдини ололмади. Мезбонлар бўлим охирида пеналтидан ҳисобни тенглаштиришди, иккинчи бўлим ўрталарида «Кекса синиора» дарвозаси яна бир бор ишғол этилди, аммо ҳакам Сердарнинг голини бекор қилди.

«Удинезе» – «Милан» 0:3
Голлар:
Пулишич, 39 (0:1). Фофана, 46 (0:2). Пулишич, 53 (0:3)
«Удинезе»: Сава, Соле, Кристенсен, Земура, Эхизибуэ (Дзаноли, 59), Чельстрем, Эккеленкамп (Дзаньоло, 59), Саррага, Атта (Миллер, 81), Дэвис (Модесто, 59), Браво (Букса, 46)
«Милан»: Терраччано, Габбиа, Павлович (де Винтер, 68), Томори, Рабьо, Модрич (Атекаме, 81), Фофана (Риччи, 68), Эступинян, Салемакерс, Хименес (Нкунку, 62), Пулишич (Лофтус-Чик, 63)
Огоҳлантиришлар: Атта, 30. Земура, 50

«Юве» Веронада қанчалик камтар кўринган бўлса, «Милан» Удинеда шунчалик кучли ўйнади. Эступинян эса ўнг қанотда ҳукмронлик қилди ва унинг фаоллиги туфайли биринчи гол урилди. Эквадорлик ҳимоячининг пасларидан Сантяго Хименес анча олдинроқ фойдаланиши ҳам мумкин эди, аммо мексикалик ҳужумчининг зарбасидан кейин тўп тўғри дарвозабонга борди. Эступинян ҳимоячиларни тўпни ўз дарвозаси томон йўналтиришга мажбур қилганида дарвозабондан қайтган тўпга Пулишич биринчи бўлиб етиб келди.

Америкалик яримҳимоячи — оқшомнинг асосий қаҳрамонига айланди. Унинг жонбозлик кўрсатиши Фофана жарима майдони марказида туриб иккинчи голни уришига олиб келди. Агар французнинг зарбаси хато кетганида Пулишичга ишлатилган фол учун пеналти қўйилган бўларди. Ва Кристианнинг ўзи кўп ўтмай ҳисобни йирик кўринишга келтирди. «Милан» етакчиси — А серияда сўнгги уч мавсумда 25 гол уриб, 15 тадан кўп голли узатма берган ягона футболчи бўлиб турибди (25+17). Биринчи турда кутилмаганда «Кремонезе»га ютқазган Массимилиано Аллегри эса қаторасига уч ғалабадан иборат серия билан айбини ювди.

Германия: «Бавария»да янги қаҳрамон

«Ҳоффенҳайм» – «Бавария» 1:4
Голлар:
Кейн, 44 (0:1). Кейн, 48 - пеналти (0:2). Кейн, 77 - пеналти (0:3). Цоуфал, 82 (1:3). Гнабри, 90+9 (1:4)
«Ҳоффенҳайм»: Бауманн, Гранач, Хайдари, Бернарду, Цоуфал (Акпогума, 82), Авдуллаху (Тухумчи, 82), Бюргер (Премел, 78), Прасс, Туре, Дамар (Крамарич, 66), Асллани (Бебу, 78)
«Бавария»: Нойер, Ким Мин Жэ (Упамекано, 69), Та, Лаймер, Боэ (Бишоф, 86), Горецка (Киммиҳ, 62), Павлович, Жексон (Гнабри, 62), Диас, Карл (Олисе, 62), Кейн
Огоҳлантиришлар: Цоуфал, 9 – Диас, 12. Горецка, 29

Венсан Компани бошланғич таркибга 17 ёшли Карлни киритиб, кўпчиликни ажаблантирди. Шу билан бирга, «Бавария»да стартда Кейн ва «Челси»дан ижарага олинган Жексонга ҳам жой топилди. Ротация табиийки ўйин сифатига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Мезбонлар Нойернинг хатосидан кейин ҳисобни очишига бир бахя қолди. Мюнхенликлар шу ва бошқа яна бир неча эпизодда ўзига ўхшамади ва фақат бўлим охирида айнан Карлнинг саъй-ҳаракатларидан кейин мюнхенликлар жамоаси мухлислари енгил тин олишди. Аввалига ёш яримҳимоячи бурчак зарбасини оригинал тарзда ижро этиши билан ўзини кўрсатди, у кутилмаганда тўпни ерлатиб жарима майдони марказида турган Кейнга етказиб берди ва унинг голига ассистентлик қилди. Иккинчи бўлим бошида эса Карлнинг Буэга узатмасини тўсишга уринган рақиб футболчи қўл билан ўйнади ва Кейн учун 11 метрлик жарима зарбаси ишланди. Кейинроқ Кейн яна бир бор пеналтидан гол уриб, жорий мавсумда иккинчи, бундеслигага келганидан буён тўққизинчи ҳет-тригини нишонлади. Ҳарри Германияда 67 ўйинда урган голлари сонини 70 тага етказиб қўйди, «Ҳоффенҳайм» эса фақат қўшимча дақиқаларда мухлисларга таскин берувчи ягона жавоб голини урди. Цоуфал жарима зарбасини ижро этганида тўп Киммиҳга теккан ҳолда дарвозага бориб тушди.

«Лейпциг» – «Кёлн» 3:1
Голлар:
Уэдраого, 13 (1:0). Тилманн, 23 (1:1). Ромуло, 44 (2:1). Раум, 45+4 (3:1)
«Лейпциг»: Гулачи, Орбан, Люкеба, Раум, Баку (Неделкович, 80), Зайвальд, Баумгартнер (Максимович, 90+1), Уэдраого (Банзузи, 58), Диоманде (Кампл, 90+1), Бакайоко (Хардер, 80), Ромуло
«Кёлн»: Швебе, Ҳюберс, Краус, Шмид, Мартел (Ҳусейнбашич, 59), Йоханнессон, Бюлтер (Ал Мала, 46), Себулонсен (Кайнц, 72), Камински, Тилманн (Майна, 58), Валдшмидт (Ахе, 59)
Огоҳлантиришлар: Баку, 69 – Мартел, 45

Ёзги трансферлар доирасида асосий ижрочилари — Симонс, Опенда ва Шешкони йўқотган «Лейпциг» мавсумни «Бавария»дан шармандали мағлубият (0:6) билан бошлаганди. Аммо «ҳўкизлар» жамоаси тезда ўзига кела олди. Мавсум стартида кўпчиликни ҳайрон қолдирган «Кёлн» осонлик билан мағлуб этилди. Ўйин тақдири биринчи бўлим охирида ҳал қилинди, дастлаб бразилиялик Ромуло жамоани ҳисобда олдинга олиб чиқди, мезбонлар сардори Раумнинг жарима зарбасидан урган голи оқшом безагига айланди.

Бундеслигага чиққанидан буён илк бор еврокубокларсиз қолган жамоада бор эътиборни ички чемпионатга қаратиш имконияти бор. Натижада — қаторасига уч ғалаба ва турнир жадвалида кўтарилиш кузатилди. Рақобатчиларнинг якшанба кунги ўйинларига қадар — «Лейпциг» турнир жадвалида «Бавария»дан кейиги иккинчи ўринга жойлашди.

Франция: «Ланс» — Шимол қироли

«Ланс» – «Лилл» 3:0
Голлар: Саид, 28 (1:0). Товен, 43 (2:0). Фофана, 52 (3:0)
«Ланс»: Риссер, Байду, Сарр, Гради, Сангаре (Силла, 86), Томассон, Юдол, Агилар (Абдулҳамид, 69), Товен (Сотока, 86), Саид (Гилавоги, 74), Фофана (Эдуар, 69)
«Лилл»: Берке Озер, Нгой, Мбемба, Перро (Вердонк, 18), Манди, Бенталеб (Мбаппе, 77), Буадди, Ҳаралдссон (Мукау, 59), Коррея (Саҳравий, 46), Фернандес, Жиру (Игаман, 78)
Огоҳлантиришлар: Юдол, 83 – Вердонк, 36. Манди, 45. Мбемба, 90

«Лилл» иккинчи ўринга қайта олмади, бу ўринни жума кунги ўйинда ғалаба қозонган «Лион» олиб қўйганди, Шимол дербисидаги асосий қаҳрамон эса Саид бўлди. У биринчи бўлим ўрталарида бурчакдан оширилган тўпни чиройли зарба билан дарвозага йўллаб, ҳисобни очди, бўлим охирида эса майдон марказида тўпни рақибдан олиб қўйиб, Товеннинг голи билан якунланган қарши ҳужумни бошлаб берди. 32 ёшли вингер Мексика ва Италияда ўтган беш мавсумдан кейин Францияга қайтиб яна голлар урмоқда. «Ланс» сўнгги уч дербида ютқазганди, аммо энди 2022 йил апрелидан буён илк ғалабани нишонлади. Бу ғалаба эвазига «Ланс» ашаддий рақибини бир очколик фарқ билан таъқиб этмоқда, «Лилл» эса якшанба кунги ўйинлардан кейин «Монако» ва «Страсбур»ни ҳам олдинга ўтказиб юбориб, кучли учликдан чиқиб кетиши мумкин.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид