Ўзбекистон | 20:30 / 18.03.2018
32802
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоят ИИБ Республикада илк бор «Сигвей» ускунасини қўлламоқда

2017 йил таҳлилига кўра, Самарқанд шаҳрига турли давлатлардан жами 170 минг 600 нафар сайёҳ келиб кетган бўлиб, уларнинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган. 2018 йилда эса бу кўрсаткич 350 минг нафар бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, маҳаллий сайёҳлар оқими таҳлил қилинганда, 2017 йилда Самарқанд шаҳрига 1,114,022 нафар меҳмон келган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 1,745,000 нафарни ташкил этиши кутилмоқда.

Самарқандга ташриф буюраётган туристларнинг тобора кўпайиб бораётганлигини, бундай тенденцияни сақлаб туриш учун туристлар хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини инобатга олиб, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармасининг Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари Республиканинг бошқа вилоятларида учрамайдиган замонавий технология билан таъминланмоқда. Бу ҳақда Самарқанд ИИБ Матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.

Жумладан, ходимларга «Сигвей» (ингл. Segway) деб аталувчи электрон ускуна берилган бўлиб, ушбу «Сигвей» 160 кг юкни кўтара олади ва соатига 20 км тезликда ҳаракатланади. «Сигвей» ускунаси экологик тоза бўлиб, автомашиналарда ҳаракатланиб бўлмайдиган ва одамлар гавжум жойларда ҳам эркин ҳаракатланиб, туризм мақсадида ташриф буюрган шахсларга хавф туғилганида уларнинг олдига тезда етиб боришни таъминлайди.

«Бундан ташқари, Самарқанд вилоятининг кўп туристлар ташриф буюрадиган туристик объектлар атрофига хавфсиз туризм ходимлари учун махсус кўчар хоналар ҳам ташкил этилган бўлиб, бу юртимизга ташриф буюрган туристларни хавфсиз ҳаракатланишини кузатиб боришга мўлжалланган. Бундан ташқари, ушбу махсус кўчар хоналар ташқи томони ўзгача дизайн кўринишига эга бўлиб, хавфсиз туризм ходимларининг ҳар қандай об-ҳавода ҳамда туну кун ўз хизмат вазифасини бажаришга қулайлик яратади», дейилади Самарқанд ИИБ Матбуот хизмати хабарида.

 

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид