Жаҳон | 19:10 / 04.07.2025
12464
4 дақиқада ўқилади

ИШИД ва аш-Шаръанинг мақсадлари айро, Суриядаги ўзбеклар-чи?

Аҳмад аш-Шаръа ҳокимиятга келгач Сурияда барчаси ижобий томонга ўзгараётгандек туюлганди, лекин мамлакатдаги қуролли гуруҳлар билан тўқнашув яна тез-тез кўзга ташланяпти. Сурияда сўнгги 30 кунда содир этилган терактларнинг барчаси ИШИД номи билан боғлиқ. Баъзи хабарларда ўзбеклар номи ҳам қайд этилганига кўзингиз тушади.

“Геосиёсат”да сиёсий таҳлилчилар Бектош Бердиев ва Шавкат Икромов атрофдаги сўнгги ўзгаришлар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Сурияда ИШИД нега яна фаоллашяпти?

Бектош Бердиев: ИШИД охирги пайтларда ҳақиқатда фаоллашяпти. Чунки Аҳмад аш-Шаръа ҳокимиятга келгандан кейин кўриб турибмизки, икки хил мураккаб танлов қаршисида қолди. Биринчидан, ўзини қўллаган Ҳайъат Таҳрир аш-Шомдан тортиб, то бир қанча ташкилотлар олдида берган ваъдасини бажариш ёки Суриянинг иқтисодиётини тиклаш ва кўпроқ Ғарб давлатлари билан келишиб санкцияларнинг ечилишига эришиш. Масалан, Франция президенти билан учрашуви, Саудияда Доналд Трамп билан учрашуви ёки Сурияга Америка Қўшма Штатларидан ёки Европа Иттифоқи делегацияларнинг ташрифи мамлакат сиёсий ландшафтининг ўзгаришига олиб келди. Лекин Аҳмад аш-Шаръани қўллаб-қувватлаган гуруҳлар-чи?! Улар қарасаки Аҳмад аш-Шаръа уларга ваъда қилинганидек, шариат ҳукмлари акс этган исломий давлат тузумини жорий қилаётгани йўқ. У кўпроқ демократик йўлдан кетяпти ва натижада булар ўртасидаги зиддиятлар табиий равишда кучайяпти.

Энди яна битта нарсани айтиб ўтайлик. Саудия Арабистонидаги Аҳмад аш-Шаръа билан Доналд Трампнинг учрашувида Доналд Трамп томонидан қўйилган бир шарт бор эди, яъни ИШИДни мамлакатдан йўқ қилиш, шунинг учун ҳам ИШИД билан энди курашишга мажбур бўляпти. Лекин ИШИД ҳам қараб тургани йўқ, турли хил терактларни амалга оширяпти.

Шавкат Икромов; Суриядаги ҳозирги воқеликларни тушуниш учун Сурия жамиятининг таркибини ва хилма-хиллигини ҳисобга олиш керак бўлади. Бу ерда тарихан турли хил этник гуруҳлар ва турли хил конфессиялар иттифоқда яшаб келган. Шунинг учун ҳам уларнинг давлат ва жамият сиёсатига нисбатан муносабати ўзларининг миллий менталитетларидан келиб чиққан ҳолатда шаклланади. Хусусан, мамлакатда катта курд жамоалари, турли хил туркий этник гуруҳлар, араблар ҳамда мамлакатдаги суннийлар, шиалар, алавийларнинг борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ерда ягона бир қатъий исломий давлатни тузиш имконияти жуда ҳам паст.

Бундай давлатни тузиш учун бошқа араб давлатларида ҳам уринишлар бўлган, лекин буларнинг ҳеч бири тўла муваффақиятли якунланмаган. Масалан, 2013 йилда Мисрда Муҳаммад Мурсий бошчилигидаги Мусулмон биродарлар ҳокимиятини эгаллаган ва шариат нормалари асосида бошқариладиган давлат тузмоқчи бўлганда бутун жамият бунга қарши чиққан.

Сурияда Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги ҳукуматнинг ҳокимиятга келишида ташқи кучларнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлови ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Бу ерда ягона ички консенсус йўқ эди, кўплаб гуруҳлар, масалан, ИШИД сингари ёки ИШИД таркибидаги бошқа гуруҳлар ёки турли хил этник жамоалар Аҳмад аш-Шаръа ҳокимияти билан ҳамфикр деб айта олмаймиз. Лекин бу ривожланиш йўлини Суриядаги барча гуруҳлар танлаган эмас. Аҳмад аш-Шаръа ИШИД хоҳлаган давлатни тузиш учун ҳокимиятга келган эмас. У бошидан айтган инклюзив ҳукумат тузамиз деб, бу ерда христианлар ҳам, мусулмонлар ҳам, шиалар ҳам, суннийлар ҳам тинчлик-фаровонликда яшайдиган ва ҳамма ўзининг эътиқодини эркин намоён қиладиган жамият сари интилишини билдирган.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид