Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғофуржон Мирзаев: «Сирдарё вилояти тарихи энди Сардоба тошқинигача ва ундан кейинги даврга бўлинади»
20 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод ва Сирдарё туманларига нуронийлар, журналистлар, блогерлар ва бошқа соҳа вакиллари иштирокида Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан пресс-тур уюштирилди. Тадбир давомида Kun.uz мухбири вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев билан суҳбатда бўлди.
– Сардобадаги техноген офат оқибатларини бартараф этдик, деб айта оласизми? Умуман, бу воқеадан қандай хулосалар чиқаришимиз керак, деб ўйлайсиз?

– Бир нарсани айтишим керак, Сирдарё вилояти тарихи энди Сардоба тошқинигача ва ундан кейинги даврга бўлинади. Бу талафотни биз бошдан кечирган бўлсак-да, бутун Ўзбекистон халқи мураккаб вазият қаршисида жипслашди, ҳар бир ҳудуднинг бевосита кўмаги билан бирга хайрихоҳлигини ҳис қилиб турдик.
Саволингизга келсак, бугун тошқин оқибатлари тўла бартараф бўлди, деб айтиш мумкин. Яъни нафақат олдинги аҳоли пунктларини тикладик, балки талафотга учраган ҳудудлар бутунлай янгиланишига, аҳоли учун яшаш шароитлари бир неча карра яхшиланишига эришдик. Бунда албатта ҳар бир жараённи бевосита кузатиб турган, зарур маслаҳатларни берган ва ҳеч қандай ёрдамни аямаган давлатимиз раҳбарининг ўрни беқиёс бўлди.

Рақамларга эътибор беринг: Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги жами 28та маҳалладан қарийб 90 минг нафар фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудларга кўчирилди.
Талафот кўрган ҳудудлардан жами 4 435,2 минг метр куб сув тортиб чиқарилди ва махсус воситалар ёрдамида 5 210та уй чиқиндилардан тозаланди. Сувдан тозаланган хонадонларда дезинфекция ишлари амалга оширилди. Юз берган техноген офат оқибатида 2 211та хонадон яроқсиз ва 2 499та хонадон таъмирталаб ҳолатга келган эди. Янги уй-жойлар барпо этилиб, бугунги кунга қадар жами 80 064 нафар (89,5%) аҳоли ўз яшаш манзилларига қайтарилди.
Таъмирлаш ишларига 167та техника, 672та пудратчи корхона ва 2 454 нафар ишчи жалб этилди. 1 830та уйда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, 11 170 нафар фуқарога фойдаланишга топширилди.

184 км йўл, 19та кўприкда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Тошқин натижасида талафот кўрган 4та электр подстанцияси, 106та электр трансформатор, 6 269та электр устунлар тўлиқ янгисига алмаштирилиб, ўрнатилди ва 345 км электр сими уланди. Аҳоли пунктларида 66 км газ қувури, 47 дона газ тақсимлаш қурилмаси тикланди. Жойларда 89,9 км ичимлик суви тармоғи, 11та сув тақсимлаш иншооти ва 7,9 км оқова сув тармоғида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилаётир.
Зарар кўрган хонадон эгаларига пластик карточкалари очилиб, ҳар бирига 40 млн сўмдан, хонадонлари кўп қаватли уйларнинг юқори қаватларида жойлашган (яъни амалда бевосита зарар етмаган) фуқароларга эса 20 млн сўмдан моддий ёрдам пуллари тўлаб берилди. Шунингдек, барча зарар кўрган хонадон эгаларига 7 турдаги маиший техника жиҳозлари тарқатилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг топшириқларидан келиб чиқиб, умумий қиймати 2,2 трлн сўмлик 323та янги лойиҳанинг манзилли рўйхати шакллантирилди. Мазкур лойиҳалар доирасида 10 307та янги иш ўрни яратиш назарда тутилган бўлиб, бугунги кунда 182та 623,2 млрд.сўмлик лойиҳалар ишга туширилди ва 5000га яқин янги иш ўринлари яратилди.
Бу саъй-ҳаракатлар натижасида нималарга эришганимизни кўриб турибсиз. Ишонаманки, талафот кўрган ҳудудлар бугунги кунда алоҳида келиб томоша қилиб кетишга арзийдиган масканларга айланди.
Энди бу офатдан чиқариладиган хулосага келсак, дунёнинг энг қудратли давлати ҳам бу каби ҳолатлар бўлмаслигига кафолатланмаган. Айни пайтда Сардоба сув омбори хорижий ва қўшни давлатлардан ташриф буюрган мутахассислар томонидан тўлиқ ўрганилмоқда ва уларнинг таклифларига кўра хавфсизлик чоралари янада кучайтирилади.

– Сизнинг Халқаро пресс-клубда «Тошкентнинг келажаги Сирдарёда» деган гапингиз ижтимоий тармоқларда анча муҳокама қилинди. Ўзингизга бу борада нима дейишди?
– Аввало, бу гапимни тўғри тушуниш кераклигини сўзим бошида айтгандим ва бундай дейишим сабабини батафсил тушунтирганман. Энг қизиғи, ана шу гапимдан кейин айнан пойтахтимиз Тошкент шаҳридан бир неча йирик тадбиркорлар биз билан ҳамкорлик масаласида боғланишди. Айни пайтда улар билан истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилаяпмиз.
Масалан, биттасини айтишим мумкин – М-39 магистрал йўлининг вилоятимиздан ўтувчи қисмида йўловчиларга хизмат кўрсатувчи йирик тармоқ режаси тақдим этиляпти ва биз бундан хурсандмиз.
– Сиз билан қатор ишлаб чиқариш объектларида бўлдик. Маҳсулотлар ишлаб чиқарилгани яхши, албатта, лекин уларга харидор топиш қандай бўляпти?
– Вилоятимизда саноат зоналари фаолияти кенгайтирилганидан кейинги ўтган уч йил ичида экспорт ва ишлаб чиқариш ҳажми уч баробар ортди. Мана шу сиз билан томоша қилиб турган «Сирдарё мега люкс» корхонасининг полипропилен қоплари фақат буюртма асосида ишлаб чиқарилади ва харидорлар маҳсулот чиқишини кутиб туришади.

Ёки Хитой билан ҳамкорликда 2009 йилдан бери фаолият юритаётган ва 3700дан ортиқ киши иш билан таъминланган «Пенг шенг» кўп тармоқли ишлаб чиқариш мажмуасининг кафель маҳсулотларига талаб шу қадар каттаки, ҳафта-ойлаб олдиндан тўловни амалга ошириб қўйишади ва кейин маҳсулот олишади. Шукрки, маҳсулотлари харидоргир ва экспорт ҳажми катта корхоналаримиз жуда кўп.

– Сирдарё деганда кўз олдимизга биринчи келадиган нарсалардан бири – бу мазали балиқлар. Балиқчиликнинг вилоятдаги ўрни ва келажаги қанақа?
– Сирдарё балиғи дунёга машҳур, алоҳида бренд. Вилоятимизда йилига ўртача 20 минг тонна балиқ маҳсулотлари етиштирилади ва бу кўрсаткич йилдан йилга ошириб борилмоқда. Сирдарё аҳолисининг бу маҳсулотга бўлган йиллик талаби эса 5 минг тоннани ташкил этади.
Энди шу ерда Сирдарё балиғининг ўзига хос жиҳатига ҳам тўхталиб ўтиш керак – айнан бу маҳсулотни истеъмол қилиш учун пойтахтдан, қўшни вилоятлар ва ҳатто республикалардан бизга ва ёндош туманларга атайлаб ташриф буюрувчилар жуда кўпчилик. Биз албатта бу соҳани ривожлантиришда ва алоҳида эътибор беришда давом этамиз.
Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
12:19 / 30.12.2025
Сирдарёда машина каналга тушиб кетиши оқибатида 4 йигит ҳалок бўлди
09:13 / 27.12.2025
Бозор хизматлари ҳажми эълон қилинди: энг паст кўрсаткич Сирдарёда
19:24 / 20.12.2025
Сирдарё туманида психотроп ва гиёҳвандлик моддалари муомалага киритилишининг олди олинди
09:36 / 05.12.2025