Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Силикон водийсидаги ҳиндлар. АҚШдаги ҳайтек гигантларини нима учун ҳиндистонликлар бошқаради?
Ўтган ҳафтада Twitter ижтимоий тармоғи раҳбари этиб тайинланган Параг Агравал Силикон водийсининг энг машҳур компанияларида муҳим лавозимларни эгаллаган ўнлаб ҳиндистонликлар сафини кенгайтирди. Microsoft’даги Сатья Наделла, Alphabet’даги Сундар Пичаи, IBM, Adobe, Palo Alto Networks, VMWare ва Vimeo топ-менежерлари – барининг келиб чиқиши ҳинд.
Фото: Twitter
АҚШ аҳолисининг бор-йўғи 1 фоизи ва Силикон водийсининг 6 фоизини ташкил этувчи этник ҳиндлар қандай қилиб юқори технологик компанияларда раҳбарлик лавозимларини шу даражада муваффақият билан ўзлаштирмоқда?
«Дунёдаги ҳеч бир халқ ўз фуқаролари учун Ҳиндистон каби гладиаторлик машғулотларини ташкил қилмайди», дейди Tata Sons инвестицион ҳолдинг собиқ ижрочи директори ва «Менежер: Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган» китоби ҳаммуаллифларидан бири.
«Туғилганидан то ўлгунича, мактабга боришидан ишга киргунига қадар, инфратузилманинг нотенг тақсимланишидан тортиб, етарли бўлмаган қувватгача – Ҳиндистонда улғайган одам менежер бўлиб туғилади», - деб ҳисоблайди Гопалакришнан, корпоратив стратегиялар бўйича машҳур ҳинд мутахассиси Коимбатура Прахаладага ишора қилган ҳолда.
Бошқача айтганда, тартибсиз муҳитдаги қаттиқ рақобат уларни муаммоларни самарали ҳал этиш ва барча нарсага мослашишга ўргатади. Бундан ташқари, карьерани шахсий ҳаётдан устун қўйиш кўпчилик ҳиндларга хос хусусият. Бу эса АҚШдаги ортиқча ишлаш маданиятига мос келади. «Мазкур хусусият бутун дунёдаги юқори даражадаги менежерларга хосдир», дейди Гопалакришнан.
Силикон водийсининг юқори даражадаги раҳбарларини ўз ичига олган тўрт миллионлик ҳинд жамияти АҚШдаги энг гуллаб-яшнаган ва олий маълумотли жамоалардан биридир. Тахминан бир миллион этник ҳинд олим ва муҳандис бўлиб ишлайди. H-1B категориясидаги (хорижликлар учун ишлашга рухсат) АҚШ визасининг 70 фоиздан ортиғи ҳинд дастурчиларига берилади. Сиэтл ва юқори технологиялар гуллаб-яшнаган бошқа шаҳарлардаги жами техник мутахассисларнинг 40 фоизи – ҳиндлар.
«Жамият қаймоқлари»
«Бу АҚШда 1960-йилларда иммиграцион сиёсатнинг кескин ўзгариши натижаси», - дейилади «Яна бир фоиз: АҚШдаги ҳиндлар» жамоавий асарида.
Фото: Getty Images
Фуқаролик ҳуқуқлари учун ҳаракатлар тўлқинида у ёки бу мамлакат фуқаролигига кўра миграция қилишга квоталарни тақсимлаш ўрнига касбий малака ва оиласи билан топишиш биринчи ўринга қўйилди. Тез орада АҚШга зиёли ҳиндлар – дастлаб олимлар, муҳандислар ва шифокорлар, энди эса асосан дастурчилар оммавий равишда кела бошлади.
«Бу когорта бошқа ҳеч кимга ўхшамасди», - деб ёзади «Яна бир фоиз: АҚШдаги ҳиндлар» китоби муаллифлари. Улар учталик танловдан ўтишди: имтиёзли юқори касталарга мансуб эдилар, фарзандларини нуфузли коллежга ўқиш учун юборишга имкониятлари бор эди, АҚШда магистр даражасини олиш учун молиявий аҳволлари етарли эди ва ниҳоят, аниқ фанлар, муҳандислик иши, математика ва АҚШ меҳнат бозорида муҳим дея тан олинган бошқа соҳаларда чуқур билимга эга эдилар.
«Жамиятнинг олди бўлган бу қатлам компанияларга карьера қилиш бўйича энг яхши истиқбол билан ишга киришарди. Шу билан бирга, улар Силикон водийсидаги таниш-билишчилик алоқалари туфайли катта афзалликларни қўлга киритишарди», - дейди тадбиркор ва олим Вивек Вадҳва.
Унинг қўшимча қилишича, Ҳиндистонда туғилган кўплаб юқори лавозимдаги раҳбарлар технологик компанияларда карьера пиллапояларининг энг қуйидан бошлаб узоқ йўлни босиб ўтишган. Шунинг учун камтар. Бу эса уларни қачонлардир ўз фирмасига асос солган раҳбарлардан ажратиб туради. Бундай раҳбарлар такаббурлик, ўзининг танланган киши эканига ҳаддан ташқари ишонишда ва бошқариш усулларини эҳтиёткорлик билан баҳолай олмасликда айбланади.
Юмшоқ усул
Сатья Наделла ва Сундар Пичаи каби менежерлар эҳтиёткорлик, ўз-ўзини таҳлил қилиш ва бошқарувнинг юмшоқ усулини ўзлари билан бирга олиб келишди. Бу эса уларни юқори лавозимлар учун идеал номзодларга айлантирди. Ҳайтек гигантлари обрўси Конгрессдаги эшитувлар, хорижий ҳукуматлар билан можаролар ва Силикон водийси ҳамда АҚШнинг қолган қисмлари ўртасида бойлик ўртасидаги тафовут ўсаётган бир пайтда бу жиҳат айниқса муҳим тус олди.
Фото: Getty Images
Уларнинг камтарона ва ҳеч кимнинг жиғига тегмайдиган усули катта ижобий жиҳатга айланди, дея тасдиқлайди Bloomberg агентлигининг юқори технологиялар бўйича шарҳловчиси Сарита Раи.
«Кўплаб урф-одат ва тилларга эга ҳинд жамиятининг хилма-хиллиги мураккаб ва нозик вазиятларни бошқаришга ўргатади. Бунга қўшимча равишда анъанавий меҳнатсеварлик ҳам бор», дейди ҳинд-америка миллиардери ҳамда венчур тадбиркор, Sun Microsystems компанияси асосчиларидан бири Винод Хосла.
Бошқа аниқ сабаблар ҳам бор. Кўпчилик ҳиндлар инглиз тилини яхши билади, шунинг учун АҚШ жамиятига интеграция қилиш улар учун осонроқ.
Бундан ташқари, ҳинд таълим тизимида математика ва табиий фанларга эътибор қаратилади. Бу эса Ҳиндистоннинг ўзида компьютер тармоғининг гуллаб-яшнашига олиб келди. Бундай мутахассислар АҚШ технологик ва менежерлик олий мактабларида ўз билимларини қўшимча равишда ошириб боришади ва ривожланган ҳайтек саноатига аъло даражада киришиб кетишади.
Ҳинд «яккашохлари»
«Шуни айтиш мумкинки, ҳинд раҳбарларининг муваффақияти АҚШ бериши мумкин бўлган энг яхши нарсалар рамзидир (ҳеч бўлмаганда 2011 йил 11 сентябрь ҳужумларидан кейин миграцияга берилган чекловларгача) ва Ҳиндистон бераётган энг яхши нарсадир», деб ёзди яқинда Foreign Policy журналида иқтисодчи Рупа Субраманья.
Фото: Getty Images
Сўнгги вақтларда гринкард учун узоқ навбат кутишлар ва Ҳиндистоннинг ўзида тадбиркорлик учун имкониятларнинг кенгайиши океан ортида карьера қилиш жозибасини бироз сусайтирди. «Кўпчилик ҳиндлар эндиликда «Америка орзуси» ўрнига ўз ватанида стартап очишни афзал билмоқда», деб ёзади Сарита Раи.
Нархи миллиардлаб доллардан ортиқ бўлган ҳинд «яккашохлари» – стартаплар сони ўсиши мамлакатнинг ўзи йирик юқори технологик бизнесни яратишга қодир эканидан далолат беради. Тўғри, мутахассисларнинг фикрига кўра, ҳозирча глобал таъсир ҳақида гапиришга эрта.
«Ҳинд стартаплар маданияти нисбатан ёш. Унга муваффақиятли ҳинднинг мустақил тадбиркорликда ва корпоратив пиллапояда юзага келган имижи ёрдам беради. Бироқ бу ҳодиса кенг ёйилиши учун вақт талаб этилади», дейди Винод Ҳосла.
Бундан ташқари, ҳинд менталитети бу ролларда фақат эркакларнигина кўради. Ҳинд эркак менежерларининг карьера пиллапояларидан илдам одимлаши тармоқнинг гендер диверсификациясига ҳисса қўшмайди. «Юқори технологик соҳалардаги юқори лавозимларда аёллар вакиллари ҳозирча кутилганидан анча узоқда», дея қайд этади Сарита Раи.
Мавзуга оид
12:08 / 13.01.2026
Alphabet компаниясининг капитализацияси илк бор 4 трлн доллардан ошди
17:13 / 24.06.2022
Шерзод Шерматов Силикон водийсидаги йирик IT компаниялар билан музокаралар ўтказмоқда
19:45 / 20.05.2021
Паркентлик дастурчилар оиласи: болалар Android'ни ўрганмоқда, ота ва она офлайн платформа яратмоқчи
22:28 / 27.07.2020