Жамият | 11:07 / 07.03.2019
12049
7 дақиқада ўқилади

«Баркамол авлод» республика ижодиёт маркази қаерда жойлашади?

Халқимизда ажойиб нақл бор: «Нима эксанг шуни ўрасан». Ниҳолни парваришлаб, ўз вақтида эътибор қаратсанг, мевасини ҳам шунга яраша оласан. Фарзандни ҳам бежизга ниҳолга қиёслашмайди. Зеро, юрт келажаги шу фарзандлардир.

Таҳририятимизга “Баркамол авлод” республика бадиий ижодиёт маркази «Замин» драма тўгараги аъзоларининг ота-оналаридан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатни ўрганиш мақсадида ижодий гуруҳимиз билан марказ жойлашган Тошкент шаҳар касб-ҳунар таълими бошқармаси Тошкент матбаа-ноширлик касб-ҳунар коллежи томон бордик. Бизни фарзандларини, набираларини тўгаракка олиб келган ота-оналар кутиб олишди. Мурожаатнинг мазмунини билиш мақсадида улар билан бирма-бир суҳбатлашдик.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фарзандини бир неча йиллар давомида ушбу марказга олиб келаётган ота-оналардан бири Азиза Ғафурова бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

– 2014 йилдан бери мен невараларимни шу “Баркамол авлод” марказига олиб келаман. Бири рақсга, иккинчиси доирага қатнашади. Олдин “Тошкент cити”ни ўрнида “Баркамол авлод”нинг жудаям яхши биноси бор эди. Бирданига “Тошкент cити” қурилиши бошланиб, болаларимиз бир кунда кўчирилиб, ҳамма ҳар ёққа тарқаб кетди. Жудаям сарсон бўлдик. Шундан сўнг уч-тўрт ойдан кейин шу коллеж биносини беришди. Мана энди-энди жойлашиб, болалар ўрганётган вақтда, коллеж қайтиб келаркан. Яна кўчир-кўчир бошланди. Лекин қаёққа – ҳеч ким билмайди? Ҳеч қанақа маълумот йўқ. Бу марказга бутун Тошкентдан болалар келишади. Шунинг учун марказ ўртада бўлиши керак. Қўйлиқдан ёки Бирликдан бўлиши керак эмас. Ҳаммага шу ер қулай. Болаларни ўйлаш керак. Ёш авлодни ҳеч ким ўйламаяпти. На таълим вазирлиги, на маданият вазирлиги. Ахир бу оддийгина туман бўлими эмас-ку, “Баркамол авлод” республика миқёсида. Битта шу “Замин” тўгараги вакилларининг ўзи нечта давлатга бориб келишган. Биз шаҳар марказидан жой берилишини хоҳлардик.

Шу марказга жиянини олиб келувчи Мардон Ботиров ҳам ўз шикоятини сўзлади:

– Менинг жияним анчадан бери шу марказга келади. Кўчиш сабабли кўп болаларнинг нарсалари йўқолиб кетган. Ёш болаларни кўчага чиқариб юборишдан фойда йўқ, олдин жойни тайин қилиш керак. Ота-оналарни йиғиб, бир жойни кўрсатиш керак ва шу ердан кўчирилмайди деган қоғоз кўрсатилиши керак. Бу ердан кўчиришдан олдин аниқ бир жойни тайин қилиш керак. Ҳозир шунча болани кўчага чиқариб бўлмайди.

Ота-оналарни эшитганимиздан сўнг, ушбу марказга қатнаётган ёш иқтидорларни ҳам тингладик:

– “Замин” болалар тўгарагига қатнашаётганимга 3 йил бўлди. Шу 3 йил давомида 2 марта кўчдик. Биринчи келганимда “Тошкент cити”нинг ўрнида “Баркамол авлод” бўларди. Жудаям кўркам эди. Кейинчалик борганимда марказни кўчиришибди. Дастлаб билмадим қаерга кўчганлигини. Кейинроқ қўнғироқ қилиб, шу коллежга кўчирганлигини айтишди. Кейинчалик эшитишимча, кўп нарсаларимиз йўқолиб кетибди. “Замин” болалар студияси кўп жойларга бориб, халқаро санъат мусобақаларида қатнашиб келмоқда. Туркия, Малайзия давлатларида бўлиб ўтган мусобақаларда қатнашиб, шу давлат қиролларини лол қолдирдик. Лекин афсуски, бизни яна кўчиришмоқчи. Агар узоқ жойга кўчсак, масалан, мени ота-онам қатнашга қўйишмайди-, дейди 13 ёшли Исломбек Алимуҳаммедов.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан марказ жойлашган бино коллежга қайтарилган. Жумаладан фармоннинг 6 бандида: “Агентликка Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Ҳ. Раҳматуллаев кўчаси, 3-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг «Баркамол авлод» республика болалар маркази биноси ва иншоотлари туташ ҳудуди билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилсин ва унда Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежи жойлаштирилсин” деб белгилаб қўйилган.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, марказнинг «Замин» драма тўгараги аъзолари 2019 йил 15-22 январь кунлари Таиланд давлатида бўлиб ўтган «Тинчлик олмоси» шиори остида «14-халқаро ашула ва рақс фестивали»да иштирок этиб қайтишди. Мазкур фестивалда Ўзбекистон ёшлари ўз чиқишлари билан ўн саккиз мамлакат орасида Ватанимиз байроғини янада юқори кўтариб, совринли ўринларни эгаллашди. Фестивалда «Замин» драма тўгарагининг 14 нафар аъзолари иштирок этди ва Ўзбекистондан ташриф буюрган ёш иқтидорларнинг энг эсда қоларли гуруҳи деб топилди. Шунингдек фестивалда Ўзбекистон ёшлари томонидан Хоразмча, Бухороча, Сурхонча ва бошқа миллий рақслардан ташқари, Таиланд давлатининг рақсларини ҳам моҳирона ижро этиб мезбонлар олқишига сазовор бўлишди.

Фестиваль сўнгида «Замин» драма тўгараги аъзолари 7 та диплом ва 1 та олтин медални қўлга киритиб келгусида бўладиган «Тинчлик олмоси» шиори остидаги ашула ва рақс фестивалининг доимий аъзосига айланди.

Ҳозирда марказда 43та тўгараклар мавжуд экан. Ушбу тўгаракларнинг ҳар бирига камида 30 нафардан ортиқ болалар қатнашишади. Тикувчилик ва рассомчилик тўгараклари жойлашган хоналарни ҳам айланиб чиқдик. Ўқитувчиларнинг айтишича, хоналар ота-оналарнинг шахсий маблағи ҳисобига таъмирланган. Бу тўгараклар аъзолари ҳам кўч-кўчлардан хавотирда.

Шундан сўнг Халқ Таълими вазирлиги билан боғландик. Вазирлик матбуот котиблигининг маълумотига кўра, Ҳозирда тўгаракларнинг бир қисми Чилонзор туманидаги “Баркамол авлод” марказига (“Чилонзор” метро бекати ёнида), бир қисми эса Шайхонтоҳур туманида “Баркамол авлод” марказига кўчириляпти (“Миллий боғ” метро бекат ёнида). Лекин бу жой ҳам вақтинчалик экан. Яъни жой топилгунича марказ шу жойда жойлашади.

Ота-оналар болалар яхши шароитда ва тайинли жойда санъат сирларини эгаллаб, ҳаётда ўз ўрнини топишидан умидворлар. Болалар ҳам кўчишлардан безиллаб қолган.

Ўйлаймизки ушбу ҳолатга масъул ташкилотлар ўз эътиборини қаратишади. Мақсадимиз шу иқтидор эгаларига мутасаддиларнинг эътиборини қаратиш, болажонларни қўллаб-қувватлашга чақиришдан иборат. Ахир юртимиз келажаги - азиз болажонларимиз-ку.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этиб, раҳбарлардан чиройли ташаббуслар кутиб қолади.

Раҳматилло Исроилов тайёрлади.

Мавзуга оид