Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Саратовдаги кўп қаватли уйда газ портлади. Қурбонлар бор
Ўн қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушган, вайроналар остида одамлар қолмоқда.
Фото: Саратов области прокуратураси
Саратов шаҳрида кўп қаватли турар жой биносида маиший газ сизиб чиқиши оқибатида портлаш рўй бериб, тўрт киши ҳалок бўлди. Россия ФВВ маълумотига кўра, қурбонлар орасида бир бола ҳам бор.
Портлаш 25 июл куни маҳаллий вақт билан соат 12:00 атрофида шаҳарнинг Ленин районидаги Блинова кўчаси, 2-уйда содир бўлган.
Саратов области губернатори Роман Бусаргиннинг маълум қилишича, портлаш сабаби сифатида газ сизиб чиқиши версияси кўриб чиқилмоқда.
Портлаш ўчоғи тўққизинчи қаватдаги квартирада бўлгани тахмин қилинмоқда, деб ёзади ТАСС.
Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар беришича, еттинчи қаватдан ўнинчи қаватгача бўлган бурчакли кириш йўлаги қулаб тушган.
Ҳодиса оқибатлари акс этган кадрларда ўнинчи қаватдан бешинчи қаватгача қулаш рўй бергани акс этган. Айрим маълумотларга кўра, подъез тўлиқ, биринчи қаватга қадар қулаб тушган. ТАСС маълумотига кўра, 30 дан ортиқ хонадонга зарар етган бўлиши мумкин.
ТАСС агентлигининг оператив хизматларга таяниб хабар беришича, бино конструкциялари қулаши хавфи мавжуд. Губернатор Бусаргин ҳам уйнинг қолган қисмида ҳам қулаш хавфи борлигини тасдиқлаган.
Россия ФВВ телеграм-каналида айтилишича, қутқарувчилар уйда яшовчиларни эвакуация қилмоқда. Аммо вайроналар остида одамлар қолаётган бўлиши мумкин.
Портлашдан Блинова кўчасидаги ўткинчилар, қўшни бино ва ҳовлида турган автомобиллар ҳам жабрланган.

Воқеа жойида 100 дан ортиқ қутқарувчилар, кинологлар ва 34 та техника ишламоқда, дея аниқлик киритди ФВВ.
Россия Тергов қўмитаси хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматларни кўрсатиш бўйича жиноий иш қўзғатди.
Саратов области прокуратураси «кўп қаватли уйда газ-ҳаво аралашмаси портлаши» факти бўйича текширув ташкил этганини маълум қилди.