Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Каттақўрғондаги Абдуҳакимбой масжиди: вайрон бўлаёзган маданий мерос объектига қачон эътибор берилади?
Каттақўрғон шаҳрида жойлашган Абдуҳакимбой мадрасаси ва мажмуа таркибидаги вайронага айланган масжид ҳақида Kun.uz таҳририятига мурожаат келиб тушди.
Каттақўрғонлик кекса педагог, меҳнат фахрийси Бахшилло Насриддиновнинг билдиришича, ушбу мажмуа қадимий буюк ипак йўлининг Каттақўрғон шаҳридан ўтувчи, айни дамда Самарқанд — Бухоро йўлининг ёқасида 1905 йилда фойдаланишга топширилган. Абдуҳакимбой Каттақўрғоннинг энг бой кишиларидан бўлган. У ўз маблағи эвазига шу даргоҳни қуриб, халқи фойдаланиши учун топширган ва ўзи меҳнати самарасини кўрмасдан 1906 йили вафот этган.
Қатор йиллар мазкур масканда таълим берилган. Совет ҳокимияти йилларида ислом динига қарши кураш авж олгач, мадраса ва масжидда таълим бериш йиғиштирилган. Мадраса умумий овқатланиш корхонасига айлантирилган. Масжид эса автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси сифатида фаолият кўрсата бошлаган.
Бироқ пишиқ ғиштдан, миллий меъморчилигимиз услубида қурилган ушбу улуғвор масжиднинг бундай абгор аҳволга келиб қолгани, мутасаддиларнинг бунга эътиборсизлиги каттақўрғонликларни ташвишга солмоқда.

Айни пайтда масжид буткул вайронага айланган. Унинг остидан дарахтлар ўсиб чиқиб, деворларини кўтариб ташлаб, ёрилишига сабаб бўлган. Шаҳарлик кекса фаоллардан бири — Ўктам Ҳамроевнинг айтишича, каттақўрғонликлар ҳашар йўли билан масжид ҳудудидан 13 юк машинасида чиқинди ва ахлатларни ташишган.

Масжиднинг қадимий усулда пиширилган ғиштлари айрим фуқаролар томонидан талон-торож ҳам қилинмоқда.
Мадраса ҳужралари эса маҳаллий тадбиркорларга бўлиб берилган. Мустақиллик йилларидан сўнг — яқин-яқингача ҳам бу ерда каттақўрғонликлар ўз фарзандлари билан сайр қиладиган, Шароф Рашидов томонидан асос солинган мўъжаз боғ бор эди. Бироқ яшнаган боғ бўлган мадраса ҳовлиси эса ҳозирга келиб темир-терсак ва қурилиш бозорига айлантирилган.

Бизга маълумот беришларича, масжид ва мадраса Самарқанд вилоятининг маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган. Бироқ юртимизда саноқсиз бўлган мана шундай тарихий обидаларни эъзозлаш ва унинг ҳар бир ғиштини ардоқлаш ватаннинг ҳар бир фуқароси бурчи эмасми?
Шаҳар ва вилоят мутасаддилари бошқачароқ фикрда эканлиги маълум бўлмоқда. Наҳотки бой маънавий меросимиз намунаси бўлган бир осори-атиқа шу тахлит йўқ бўлиб кетаверади?
Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
14:36 / 05.09.2025
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ҳудуди кенгаяди
11:43 / 30.07.2025
Каттақўрғон шаҳри ҳудуди кенгаяди
17:20 / 15.07.2024
Самарқандда маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган уйини бузган фуқаро жиноий жавобгарликка тортилди
12:16 / 06.06.2024