Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навоийда эр ажрашаётган хотинини алиментдан воз кечмагани учун машинада уриб кетди
Аёлнинг умуртқаси синиб, белидан паст қисми фалаж бўлиб қолган. Аввалига тергов воқеани қасддан уриб кетиш ва қочиб кетиш деб ҳисобламаган, жиноят иши йўл қоидаларини бузиш моддаси билан очилган. Кейинроқ жабрланувчининг кўрсатмасидан кейин, иш қайта малакаланиб, гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси, 2-қисми билан иш қўзғатилган.
Навоий вилояти Қизилтепа туманида эркак ажрашиш учун ариза берган ва алиментдан воз кечмаган турмуш ўртоғини Damas автомашинасида уриб кетди. Бу ҳақда фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди қарорига таяниб Nemolchi.uz лойиҳаси хабар берди.
Маълум қилинишича, жабрланувчи Замира узоқ йиллар давомида турмуш ўртоғи Шаҳриёр томонидан мунтазам равишда калтаклаб келинган ва натижада аёл ажрашиш қарорини қабул қилишга мажбур бўлган.
Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят суди 12 август куни ажрашиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиб, эр-хотинга уч ой муддат берган. Суд қарори билан эркак тўрт нафар вояга етмаган фарзанди учун алимент тўлашга мажбур қилинган.
13 август куни Шаҳриёр Замирага қўнғироқ қилиб, алиментдан воз кечишини талаб қилган, акс ҳолда «ўзидан яхшилик кутмаслиги кераклиги»ни айтиб таҳдид қилган.
«14 август куни эрталаб Шаҳриёр Damas автомашинасини уйидан ҳайдаб чиқиб, йўл четида кетаётган Замирани уриб юборган. Оқибатда Замира оғир жароҳат олиб, белидан паст қисми фалаж бўлиб қолган, умуртқаси синиб, асаб томирлари шикастланган. Бугунги кунгача у шифохонада оғир аҳволда даволанмоқда. Яқинлари унинг даволаниши учун катта миқдорда пул сарфлаб, қарзга кирган. Замиранинг жарроҳлик амалиёти Тошкентда ўтказиши режалаштирилган, бироқ унинг оиласида ҳозирда маблағ етишмаяпти», – дейилади хабарда.
Аёлнинг яқинлари Nemolchi.uz мухбирига айтишича, ҳалокатга сабабчи бўлган шахс даволанишга ёрдам беришдан бош тортмоқда. Унга Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Қўшимча қилинишича, тергов дастлаб воқеани қасддан уриб кетиш ва қочиб кетиш деб ҳисобламаган, енгилроқ айбловни танлаган (уч йилгача қамоқ жазоси). Шунингдек, эркак ҳибсга олинмаган ва Замирага ёзишда давом этиб, «яхши нарса бўлмайди», дея таҳдидини давом эттирмоқда.
- UPD: Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимовнинг аниқлик киритишича, жабрланувчи ҳушига келгач, тергов ҳаракатларига жалб қилинган ва у турмуш ўртоғи томонидан автомашинаси орқали қасддан уриб кетилганини баён қилган. Ҳолат ойдинлашгач, олиб борилаётган иш қайта малакаланиб, гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси, 2-қисми (совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган қасддан баданга оғир шикаст етказиш / 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан иш қўзғатилган.

«Бу ҳолат Ўзбекистонда аёлларни ҳимоя қилиш тизими ҳақида кўплаб саволлар туғдиради. Нега аёллар оиладаги зўравонликдан қочишга уриниб, ҳаётларини хавф остига қўйишга мажбур? Нега Шаҳриёрга ўхшаган эркаклар алимент тўламаслик учун ўлдиришга тайёр бўладиган даражада масъулиятсиз ва жазосиз? Нега воқеа хронологияси ва аниқ сабабга қарамай, терговчилар уриб қочишни унинг хотинини ўлдиришга уриниш сифатида кўрмасдан бахтсиз ҳодиса деб ҳисобламоқда? Нега аёл ва унинг яқинлари қўрқувда ва ёрдамсиз яшашлари керак?» – дея хулоса қилди Nemolchi.uz.
Мавзуга оид
18:18 / 18.12.2025
Танқиддан сўнг: тафтиш инстанцияси ажрими билан Акмал Шукуров қамоққа қайтарилди
22:44 / 17.12.2025
“Бадавлат аёл” лойиҳаси – бойлик томон йўлми ёки иллюзия бизнеси?
21:44 / 17.12.2025
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича стратегия ишлаб чиқилди
19:46 / 17.12.2025