Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Калашников автоматини 5 сонияда соча оладиган андижонлик қиз
9-синф ўқувчиси Муштарий Калашников автоматини 5 сонияда соча олади. Нотўлиқ ҳолда сочиб йиғиши учун эса 18-20 сония кифоя. 16 ёшли қиз Ички ишлар вазирлиги қошидаги лицейга ўқишга киришга тайёрланмоқда.
Андижон вилояти Избоскан туманидаги 27-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Муштарий Шерматова мактабда ўтказилган танловда Калашников автоматини 5 сонияда қисмларга тезкорлик билан ажрата олди. Бу ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгач, у ҳақда лавҳа тайёрлашга қарор қилдик.


Калашников (АК-74) автоматик ўқотар милтиғи кўплаб мамлакатларда армиянинг асосий қуролларидан ҳисобланади. Уни қисмларга тезкорлик билан ажратиб қайта йиғиш эса жанговар маҳоратни кўрсатади. Ҳаракатдаги ҳарбий қисмларда деярли ҳар куни АК-74 қисмларга ажратилиб тозаланади ва бу ҳарбий аскарнинг қуроли соз бўлишига хизмат қилади.
Избосканнинг 27-мактабидаги ҳарбий тўгарак аъзолари бу тайёргарлик бўйича кўп машқ ўтказар экан. Ўқув даргоҳининг деярли барча юқори синф ўқувчилари сафда юриш ва қурол билан ҳаракатларда эпчил. Бу борада мутлақ чемпион эса – қаҳрамонимиз Муштарий Шерматова.

“Мактабимизда ҳарбий мусобақаларда қатнашиш анъанага айланган. Мендан катта ака-опаларимизни аскар кийимларида машқ бажаришларини кўриб ҳавас қилганман. Икки йил олдин бизга ҳали ҳарбий дарслар кирмаса ҳам ўқитувчимизга илтимос қилиб улар билан шуғуллана бошладим. Бошида автоматнинг темир қисмларини ажратишда қийналиб қўлларимга шикаст етган. Ҳозир 5 сонияда қуролни қисмларга ажрата оляпман. 18-20 сонияда нотўлиқ ҳолда сочиб-йиғишга эришдим.
Интернетда татаристонлик қизнинг 11 сонияда сочиб-йиға олганини кўргандим. Мен ҳам ҳаракат қилиб рекорд қўймоқчиман”, дейди Муштарий.
Мактабнинг чақириққача ёшларни тайёрлаш фани ўқитувчиси Бекзодбек Болтабоев билан ҳарбий жамоа аъзолари ўртасида кичик мусобақа ўтказиб кўрдик. Муштарий жамоадоши Шавкатбек билан автоматни нотўлиқ сочиб-йиғишда баҳслашди ва 19 сония натижа кўрсатди.


“Қайси касбни танлашим аниқ: ички ишлар ходими бўлмоқчиман. Ҳозир Ички ишлар вазирлиги қошидаги лицейга ўқишга киришга тайёргарлик кўряпман. Мақсадим – худди Тўмарисдек Ватан ҳимоячиси бўлиш”, дейди Муштарий Шерматова.
Кетишимиздан олдин мактаб ҳарбий жамоаси бизга сафда юриб қўшиқ айтиш машғулотларини намойиш қилиб бердилар.




Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов
Мавзуга оид
12:21 / 22.12.2025
Андижонда бозор растаси қулади (видео)
22:08 / 13.12.2025
Андижон ва Самарқандда кучли таъсир қилувчи дорилар савдоси билан шуғулланган шахслар ушланди
20:11 / 12.12.2025
Муҳожирлик, шубҳа ва икки қизининг қотилига айланган она - Андижондаги мудҳиш жиноят тафсилоти
08:25 / 11.12.2025