Жаҳон | 15:11 / 21.03.2022
53716
4 дақиқада ўқилади

Россия Мариуполни топширишни таклиф қилди. Киев рад этди

Украина ҳукумати Россиянинг Мариуполни топшириш бўйича ультиматумини рад этди.

Фото: Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Россия Украинага украиналик ҳарбийларнинг барчаси Мариуполни 21 март куни «ҳеч қандай қурол ёки ўқ-дориларсиз, келишилган маршрут бўйича» тарк этиш бўйича режани тақдим этган. Бу ҳақда РФ Мудофааси бошқаруви Миллий маркази раҳбари Михаил Мизинцев хабар қилди.

«Украина қуролли кучлари бўлинмалари, ҳудудий мудофаа батальонлари, хорижий ёлланма аскарларни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, қуролларни топшириш ва Украина томони билан келишилган гуманитар йўлак орқали Киев назоратидаги ҳудудга ўтишга чақирамиз. Қуролни ташлаганларнинг барчасининг Мариуполдан хавфсиз чиқиши ва уларнинг ҳаёти сақлаб қолиниши кафолатланади», — дея унинг сўзларини келтирган ТАСС.

Украина вице-премьери Ирина Верешчук Киев россиялик ҳарбийлар март ойи бошидан буён қамал қилаётган Мариуполни топшириш бўйича бундай ультиматумни қабул қила олмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, РФ мудофаа вазирлиги мактубида шаҳардан тинч аҳоли эвакуацияси фақат украиналик ҳарбийлар қуролни ташлаб, шаҳардан чиққанидан кейин бошланиши мумкинлиги айтилган.

«8 саҳифалик мактубда яна тарихга қайтилган ва бошқа бўлмағур гаплар. Улар бундай мактубни БМТга ҳам, Қизил хоч қўмитасига ҳам жўнатишган ва халқаро тузилмалар бунга эътибор қаратиб, Украинага босим қила бошлашига умид қилишган. Бу рўй бермади. Қизил хоч ва БМТ бу Россиянинг манипуляцияси экани ва у ердагилар гаровга олинган одамлар эканини тушунишади.

Ҳеч қандай топшириш, қуролларни ташлаш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Биз Россия томонига бу ҳақда маълум қилдик. Мен шундай ёздим: «Сиз 8 саҳифалик хат ёзишга вақт кетказгунча — шунчаки гуманитар йўлак очинг», — деган Верешчук «Украинская правда» учун берган изоҳида.

Якшанба куни Мариупол мэри маслаҳатчиси Пётр Андрюшченко BBC билан интервьюда Россия томонининг гуманитар ёрдам билан таъминлаш тўғрисидаги ваъдаларига ишониб бўлмаслигини айтиб, Россия ҳукумати Мариупол аҳолисини зўрлик билан Россия ҳудудига олиб кетиши мумкинлигини қўшимча қилганди.

«Биз охирги патрон қолгунча курашамиз», деган Андрушченко.

Михаил Мизинцевнинг маълумотига кўра, уч кун ичида Мариуполдан Россия ҳудудига қарийб 60 минг киши олиб кетилган. Уруш бошланганидан буён Украинадаги шаҳарлардан Россияга эвакуация қилинганлар сони 330 минг кишидан ошган.

Украина ҳукумати маълумотига кўра, Мариуполдан Запорожьега 40 мингдан ортиқ киши кета олган  - асосан шахсий транспорт воситалари орқали.

Мариуполда нималар бўлмоқда?
Март ойи бошидан буён россиялик ҳарбийлар қамалида қолаётган Мариуполда ҳамон 200 минг киши бор.

Украина жанубидаги ушбу шаҳар гуманитар ҳалокат ёқасида турибди: бир неча ҳафтадан буён бу ерда ичимлик суви, электр таъминоти йўқ, озиқ-овқат ва дори-дармон тугаган.

Маҳаллий аҳоли авиазарбалардан ертўлаларга тушиб жон сақламоқда ва гулхан ёқиб овқат тайёрламоқда. Интернет ва мобил алоқа катта узилишлар билан ишламоқда: яқинлар билан алоқага чиқиш жуда қийин.

Украина ҳукумати маълумотига кўра, россиялик ҳарбийлар шаҳардаги аҳоли инфратузилмаларига зарба беришда давом этмоқда: ўтган ҳафтада Мариупол драматик театри ўққа тутилди, у ерда юзлаб кишилар бошпана топганди. Россия қуролли кучлари аввалроқ шаҳардаги туғуруқхона биносига зарба берган ва бу «Азов» батальони базасига айлантирилганини иддао қилганди.

Якшанба куни маҳаллий расмийлар санъат мактаби ҳам ҳужумга учраганини хабар қилганди, бу ерда ҳам юзлаб тинч аҳоли вакиллари яширинганди.

Мариупол мэри Вадим Бойченконинг сўзларига кўра, шаҳардаги аҳоли тураржой биноларининг 80 фоизидан ортиғи қисман ёки буткул яксон этилган.

Уруш бошидан буён Мариуполда тинч аҳоли вакилларидан 2,5 минг киши ҳалок бўлгани айтилган, ҳақиқий рақамлар бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид