Ўзбекистон | 09:38 / 08.08.2019
4157
4 дақиқада ўқилади

Лойиҳа-тадқиқот ишларининг қиймати ва муддатларини аниқлаш тартиби белгиланади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Лойиҳа - тадқиқот ишларининг қийматини ва муддатларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди

Низом марказлаштирилган манбалар, давлат бошқарув органлари ва давлат корхоналари маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган объектлар учун лойиҳа-тадқиқот ташкилотлари, инвесторлар, буюртмачилар, бошқа манфаатдор шахслар томонидан қўлланилиши назарда тутилган бўлиб, бошқа манбалар ҳисобига молиялаштириладиган қурилиш объектлари учун тавсиявий тусга эга.

Низом лойиҳа - тадқиқот ҳужжатларини (лойиҳа, ишчи лойиҳа ва ишчи ҳужжатлар) ишлаб чиқишда, шунингдек ишчи лойиҳалашдан олдинги техник-иқтисодий асосланма (ТИА) ҳамда техник-иқтисодий ҳисоблаш (ТИҲ) босқичларида лойиҳа-тадқиқот ишларининг асосланма материаллари қийматини аниқлашга мўлжалланган.

Низомга мувофиқ лойиҳа ишларининг жорий нархларда белгиланган қиймати лойиҳа ишларининг ижрочисини аниқлаш учун тендер (танлов) савдоларини ўтказишда бошланғич қиймат сифатида ҳамда давлат буюртмачилари томонидан лойиҳа - қидирув ишлари бўйича шартномалар тендер (танлов) савдоларисиз тўғридан - тўғри тузилган ҳолларда қўлланилади.

Лойиҳа - тадқиқот ҳужжатларини ишлаб чиққан ташкилот лойиҳа - тадқиқот ҳужжатларини экспертиза органларида ҳамда ишчи ва давлат қабул комиссияларида ёқлашда (ШНҚ 1.03.07-2010 га мувофиқ лойиҳа - қидирув ташкилоти томонидан қурилиш устидан муаллифлик назоратини ўтказиш ҳолларида) иштирок этади.

Марказлаштирилган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича ўрнатилган тартибда лойиҳа – қидирув ишларининг Манзилли рўйхати тасдиқлангандан сўнг Буюртмачилар икки ҳафта муддатда бирламчи – рухсат берувчи ҳужжатларни, жумладан:

туман (шаҳар) ҳокимининг ер участкаларини ажратиш ёки реконструкция (капитал таъмирлаш) тўғрисидаги қарорини;

бинолар ва иншоотларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашда нуқсон далолатномаларини;

лойиҳалаштириш топшириқларини тайёрлашни таъминлашлари шарт.

Буюртмачилар кўрсатиб ўтилган бирламчи - рухсат берувчи ҳужжатларни тайёрлаш билан бир вақтнинг ўзида икки ой муддатда қуйидаги чора-тадбирларни ташкил этишни ва бажаришни таъминлайдилар:

архитектура - режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш;

реконструкция қилинадиган ва капитал таъмирланадиган бинолар ва иншоотларни техник ҳолатини ўрганиш;

маҳаллий ҳокимликнинг жойдаги биноларнинг инвентаризацияси материаллари, мавжуд бино ва иншоотларни бузиш ва компенсация усуллари кўрсатилган қарори;

лойиҳалаштириш учун муҳандислик – техник қидирув ишларини бажариш (лойиҳалаштириладиган майдон бўйича 1:500 масштабда, ташқи тармоқлар бўйича 1:1000 ёки 1:500 масштабда топохарита ва муҳандислик – геология хулосасини тайёрлаш);

ўрнатилган тартибда тендер (танлов) ҳужжатларини тайёрлаш ва тасдиқлаш.

Ўрнатилган тартибда манзилли рўйхатлар ва лойиҳалаштириш топшириғи тасдиқланиб, тендер (танлов) савдолари ўтказилиб, шартномаларни икки томонлама имзолаш ҳамда лойиҳа ташкилоти учун Буюртмачи томонидан қисман ва/ёки тўлиқ молиялаштириш очиш уларга лойиҳа ишларини бошлаш учун асос ҳисобланади.

Лойиҳа ташкилотлари лойиҳа ҳужжатларини шартномада кўрсатилган муддатда ишлаб чиқилишини таъминлаши шарт.

Лойиҳа - қидирув ишлари муддатлари (аниқ иш ҳажмларини ҳисобга олиб) лойиҳалаштириш топшириғида қуйидаги муддатлар атрофида аниқланади:

капитал таъмирлаш объектлари бўйича – 1,5 ой;

реконструкция объектлари бўйича – 3 ой;

намунавий лойиҳалар ва қайта (базавий) қўлланиладиган лойиҳалар асосида янги қурилаётган объектлар бўйича – 3 - 4 ой;

йирик объектлар қурилиши ва реконструкцияси бўйича – 4 ой.

Буюртмачи ва лойиҳачи ўзаро келишувига асосан лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш муддатлари лойиҳа ишларини бажариш муддатлари нормасидан келиб чиқиб аниқлаштирилади.

Мониторинг олиб бориш мақсадида Буюртмачи лойиҳа ташкилоти билан биргаликда тузилган шартномалар асосида лойиҳа-қидирув ишларини бажариш графигини тузади.

Буюртмачилар лойиҳа ҳужжатлари тайёр бўлиши билан қонунчиликда белгиланган тартибда уларни давлат экспертизасига топширишни таъминлайдилар.

Давлат экспертиза органлари бир ойдан ошмаган муддатда объектлар бўйича экспертиза ўтказиб тегишли экспертиза хулосасини тақдим этади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид