Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мадридда дерби, «Арсенал» ва «Ливерпул»да қийин сафар. Ҳафта ўйинлари анонси
Фото: Global Look Press
Келаси ҳафта Чемпионлар Лигаси учрашувлари бўлиши муносабати билан бу ҳафта кучли бешликнинг аксарият топ-клублари ўз ўйинларини бугун, шанба оқшомида ўтказишади. Эртага ҳам зерикмаймиз албатта. Бу ҳафта дам олиш кунларимизда Испанияда узоқ кутилган топ учрашув, Италияда пешқадамлар ва даъвогарлар ўртасидаги тўқнашувлар, Англияда эса “Арсенал” ва “Ливерпул”ни қийин сафар кутиб турибди.
АТЛЕТИКО – РЕАЛ (27 сентябр, 19:15)
“Реал” бу йил ростанам шунақа зўрми? “Атлетико” бу йил ростанам шунақа ёмонми? Бу учрашув ҳар икки саволга ҳам жавоб бериши мумкин.
Хаби Алонсо бошчилигида “Реал” бу мавсум юз фоизлик натижа кўрсатиб келмоқда. Жамоанинг услубан энди ўзгаргани, прессинг яхши йўлга қўйилгани ва яна бир қатор ижобий жиҳатлар кўп айтилаётган бўлса-да, жамоанинг кучайгани ҳақидаги савол очиқ қолмоқда, зеро мадридликлар ҳали жиддий синовга дуч келишмади. Нисбатан кучлироқ бўлган “Марсел”га қарши ўйинда эса ҳатто мағлубиятга учраши ҳам мумкин эди. Шу жиҳатдан қарасак, Симеоненинг “Атлетико”си рақиб сифатида жуда мос.
Агар “Атлетико”нинг ўзи мавсумни яхши бошламаганини ҳам эътиборга олсак, Симеоне шогирдлари фақат дербига тушгандек эмас, барча муваффақиятсизликларни ортда қолдириш учун бор имкониятини ишга солишга бел боғлайди деб бемалол тахмин қилиш мумкин. Жамоа шундоқ ҳам кутилмаган, йўқотмаслик керак бўлган кўп ўйинларни бой берди, деярли барча ўйинларда ҳисобни очган бўлса-да, натижани сақлаб қолишни уддасидан чиқа олмади. “Реал” ва “Барселона” фонида ёзги трансферлар ойнасини анча актив ўтказган, ўз сафина Распадори, Ханко, Алмада, Кардосо, Баена, Руджери каби жуда кўп футболчиларни қўшиб олган жамоадан ҳар холда мавсум бошида чемпионлик пойгасини кутишганди.
Мадрид дербиси, айниқса Метрополитанода ўтганида, ўта муросасиз кечади. Ушбу стадионда ўтган охирги 20 дербида ҳар икки томон тенг - 7 мартадан ғалаба қозонгани ҳам буни тасдиқлаб турибди. Ўтган мавсумда мезбонларнинг сўнгги дақиқада ҳисобни тенглаштирган дерби, айниқса, Чемпионлар Лигасидаги жавоб ўйини ҳамманинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Пеналтилар серияси, Алвареснинг хатоси, қизиғи, айнан шу воқеадан сўнг пеналти тепишдаги қоидалар ўзгарди, футболчининг беҳосдан икки марта текканда голни бекор қилиш ўрнига қайтадан тепиладиган бўлди.
Жамоалар таркибига қаралса, мезбонлар сафида фақат янги харидлар бўлмиш Кардосо ва Алмада майдонга туша олишмайди. Хосе Хименес ҳали ҳали янги мавсумда сафга қайтгани йўқ. Алонсо матбуот анжуманида Беллинҳэм ва Камавинга асосий таркибга қайтиши мумкинлигига ишора қилди. Ҳимоя чизиғида Рюдигер, Александр-Арнолд ва Менди ўйнай олмайди холос. Алонсо “Реал” учун одатий бўлиб қолган ҳимоядаги жароҳатларга ечим қидираётгани маълум. Мисол учун, сўнгги ўйинда Каррерасни марказда, Асенсиони ўнг қанотда синаб кўрган ҳолда экспериментлар ўтказди.
Айни дамда жамоалар ўртасида 9 очколик фарқ бор. “Реал” ғалаба қозониб, юз фоизлик серияни давом эттириши, мабодо очко йўқотса, иккинчи ўрнига тушиб кетиши мумкин. “Атлетико”нинг уч очко эгасига айланиши уни етакчилар сафига қайтаради, акс ҳолда ҳатто кучли ўнликдан ҳам пастга шунғиш мумкин.
ЮВЕНТУС – АТАЛАНТА (27 сентябр, 21:00)
Ўтган мавсумни бироз сояда, кўпчиликнинг назаридан четда ўтказган “Ювентус” қаторасига икки ўйинда 4:3 ва 4:4 ҳисобларини қайд этиб барчанинг эътиборини ўзига қаратди. Нима бўляпти, жамоа ўзгардими, доим ҳимояга катта эътибор қаратадиган клуб шунақа қувноқ жамоага айландими, деган саволлар кўп айланди. Аслида ҳолат у қадар радикал эмаслигини таъкидлаш керак. Шунчаки, тасодифан кетма-кет икки ўйинда “Ювентус” ҳам, рақиби ҳам реализация борасида аномал кўрсаткични қайд этди холос. Агар туринликлар ўтказиб юборган 7 голга қарасак, улардан бири пеналтидан, яна бир гол стандарт вазиятдан юзага келган бўлса, 5 гол узоқ масофадан берилган зарбалар эди. Яъни “Ювентус” энди ҳимояни унутган, кўп ўтказиб, кўп гол урадиган жамоага айлангани ҳақидаги мулоҳазалар ҳозирча ўринсиз.
Аслида қандай бўлишидан қатъи назар, айни дамда “Ювентус” ёмон эмас, чемпионатда мағлубиятсиз бормоқда ва “Наполи”нинг энг яқин таъқибчиси бўлиб турибди. Ўтган мавсумни ҳам жамоа деярли шунақа бошлаган, узоқ вақт деярли гол ўтказмаган, аммо жуда кўп дуранглар якунда чемпионлик пойгасида ҳалақит берганди. Ўша хатолар такрорланмаса, “Ювентус” беш йиллик танаффусдан сўнг яна чемпионлик пойгасида фаворитлардан бирига айланиши мумкин.
Юрич бошчилигидаги янги “Аталанта” ҳам ҳали мавсумда мағлубият нималигини билгани йўқ. Чемпионатни икки дуранг билан бошлаган бергамоликлар кейинги икки ўйинни йирик ҳисобда ўз фойдасига ҳал қилди, “Лечче” ва “Торино” дарвозасига ҳаммаси бўлиб 7 гол уришнинг уддасидан чиқишди. Фақат бу ўйинлар орасида Париждаги 0:4 ҳисобидаги мағлубият бироз соя солади. Лекин бошқа тарафдан, кимлар “ПСЖ”га йирик ҳисобда ютқазмаганки...
Дарвоқе, йирик ҳисоблар ҳақида гап кетганда, эсингизга тушган бўлса керак, ўтган мавсумда айнан Туринда ўтган ўйинда меҳмонлар 4:0 ҳисобида ғалаба қозонгандилар. Шу тариқа “Аталанта” “Ювентус”га қарши ўйинлардаги 8 ўйинлик ғалабасиз сериясига чек қўйган. Яқинда жамоалар мавсумолди тайёргарлик пайтида ҳам ўртоқлик учрашувида куч синашишган ва бу ўйин “Ювентус”нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаганди.
Жамоалар таркибида йўқотишлар деярли йўқ. “Аталанта” футболчилари Беккер ва Колашинац шундоғам ўтган мавсумдан бери майдонга тушгани йўқ, Скамакка ва Скалвиниларнинг ўрни унча билинмаса керак. “Ювентусчи”лар Миретти ва Милик ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
НЮКАСЛ – АРСЕНАЛ (28 сентябр, 20:30)
Англияда “Манчестер Сити”нинг “тоттенҳэми” бўлганидек, “Арсенал”нинг ҳам ўз “нюкасли” бор. Қандай ҳолатда бўлишидан, турнир жадвалидан қатъи назар “Арсенал”нинг Эдди Хау жамоасига қарши, айниқса сафар ўйинлари жуда оғир кечади. Лондонликлар “Сент Жеймс Парк”даги охирги уч ўйинда очко олиш тугул, бирорта ҳам гол ура олмаганлар. Бу мағлубиятлар икки марта “Арсенал”га чемпионлик пойгасида панд берган бўлса, ўтган мавсумда Лига кубоги яримфиналида ҳам “Нюкасл” устун келган ва якунда ушбу совринни қўлга киритганди. Умуман олганда, узоқроқ даврни эътиборга олсак, табиийки, “Арсенал” анча устун – охирги 30 ўйиндан 22 таси “тўпчилар”нинг ғалабаси билан тугаган. “Нюкасл”нинг 6 ғалабаси асосан шу сўнгги мавсумларга тўғри келади. Ва албатта, анчадан бери АПЛ кўрадиган мухлислар бу жамоалар тилга олинганда машҳур 4:4 ни ҳам эслашади. Биринчи таймда 4:0 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилган “Арсенал” якунда ғалабани сақлаб қолишни уддасидан чиқмаганди. Шу ёзда эса жамоалар ўртасида ўртоқлик ўйини бўлиб ўтди ва “Арсенал” 3:2 ҳисобида ғалаба қозонганди.
“Нюкасл” айни пайтда анча пастки поғоналарда бораётган бўлса-да, бу бироз алдамчи таассуротларга олиб келмаслиги керак. Жамоа ўтказган 5 ўйиннинг 4 тасида ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормагани ҳам аслида “Нюкасл”да ҳаммаси жойида эканини кўрсатади. Фақат “Ливерпул”га қарши ўйинда 3 гол ўтказиб юборилди. Бу голларнинг ҳам иккитаси жамоа бир киши кам бўлиб ўйнаётганда юзага келганини ҳам таъкидлаш лозим. Очколарнинг камлиги эса қийин тақвим билан ҳам боғлиқ. “Нюкасл” уч ўйинни сафарда, “Лидс”, “Астон Вилла” ва “Борнмут”га қарши ўтказди. Ҳа, топ эмас, лекин ҳар бири ўзига яраша кучли рақиблар ва учала ўйин ҳам 0:0 ҳисобида якунланди. Қизиғи, айни шу жиҳатдан, яъни гол ўтказиб бўйича “Арсенал” ҳам ёмон эмас. Артета шогирдлари 5 ўйинда атиги 2 гол ўтказиб юборишди ва булар ҳам “Ливерпул” ва “Манчестер Сити” каби рақибларга қарши.
Мезбонлар таркибида жамоа сардори Фабиан Шер жароҳатланган. Шунингдек Йоан Виссанинг ҳам дебюти кечикмоқда – ҳужумчи Конго таркибидаги ўйинларда жароҳатланганди ва келаси ой ўрталарида сафга қайтса керак. “Арсенал”да эса Сака қайтгач, энди бу позицияда унинг йўқлигини билдирмай келган Нони Мадуэке жароҳат олди. Жезус ва Хаверцнинг йўқлиги эса янгилик эмас.
“Ливерпул” билан “Арсенал” ўртасидаги фарқ 5 очкони ташкил қилмоқда. Мавсум бошидаёқ бу фарқнинг янада ошиши Артета жамоасига кейинги баҳсларда катта босим ва негативларга сабаб бўлишини эътиборга олсак, меҳмонларнинг очко йўқотишга ҳаққи йўқ. Ҳа, мавсумдаги қийин сафарлардан бири, аммо ким айтди чемпионлик осон деб?
БАРСЕЛОНА – РЕАЛ СОСИЕДАД (28 сентябр, 21:30)
Ушбу учрашув янгиланган “Камп Ноу”нинг очилишига айланиши кутилганди, афсуски улгуришмади. Жамоа ушбу ва кейинги, “ПСЖ”га қарши ўйинни ўтган мавсум уй учрашувларини ўтказган “Эстади Олимпик Луис Компанис”да қабул қилишга мажбур бўлмоқда.
Ўтган мавсумдаги сўнгги ўйин 4:0 ҳисобида мезбонлар ғалабаси билан якунланганди. Ўзи умуман “Сосидеад” испан грандларига қарши доим муносиб қаршилик қилиб келса-да, кўпинча бу ўз стадионидаги ўйинларда кузатилади. Масалан, “Барселона” майдонидаги охирги 18 ўйиннинг 17 тасида каталонияликларнинг қўли баланд келган. Шундай бўлса-да, деярли ҳар йили бу рақиблар ўртасидаги ўйинларга алоҳида эътибор қаратамиз, ахир қачондир ўхшаб қолиши керакку? Бундан ташқари, “Сосиедад” “Барселона” майдонида нуқул мағлубиятга учраса-да, аксарият учрашувларда муносиб қаршилик кўрсатади ва кўпинча минимал ҳисоблар қайд этилган.
Янги мураббий қўл остида жуда ёмон бошлади ва фақат 6-турга келибгина илк ғалабасини қўлга киритди. Шундоғам, Баскониядаги футбол маркази тўлиғича Билбаога кўчаётган бир паллада бундай старт ҳеч кимга ёқмайди. Вазиятнинг ўнглашнинг икки йўли бор. Қаторасига ўйинларда ғалабалар қозониб, секин-аста юқорига кўтарилиб олиш – бу жуда қийин. Иккинчиси, бирор топ-ўйинда ўзини кўрсатиб, бутун Европани ўзига қаратиш – бу ишни “Сосиедад” доим қилиб келган ва қийин бўлса-да, анча қисқа йўл.
Ламин Ямал қайтди ва бу ҳақида инстаграмда ўзи хабар ҳам қилди. Аслида унинг қайтиши келаси ойга тахмин қилинганди ва балким, Ламин ўйинга эмас, машғулотларга қайтганини назарда тутган бўлиши мумкин. Яъни унинг асосий таркибда тушишга қай даражада тайёрлиги номаълум. Бу қувончли хабар, лекин клуб мухлислари сўнгги ҳафталарда айнан жароҳатлар борасида бир қатор ёмон хабарларни эшитишди. Айниқса, Рафинянинг бир неча ўйинга сафдан чиққани, дарвозабон Жоан Гарсиянинг машғулотларда жароҳат олгани ўз йўлига, афсуски Гави яна эски жароҳати бўйича операция қилинди ва энг яхши эҳтимолда феврал ойида майдонга тушиши мумкин. Бу футболчилардан ташқари, тер Стеген, Балде ва Ферминларнинг ҳам йўқлигини эътиборга олсак, Флик анча бош қотиришига тўғри келади. Бунинг устига жамоани келаси ҳафтада “ПСЖ”га қарши муҳим баҳс кутиб турибди. Турнир нуқтаи назаридан Чемпионлар Лигасининг бир гуруҳ ўйин кўп жиҳатдан ҳал қилувчи бўлмаслиги мумкин, лекин бутун футбол оммаси бу учрашувни ўтган мавсумнинг “бўлмай қолган финали” сифатида кутишмоқда. Ахир “Олтин тўп”га номзодларнинг қарийб ярми мана шу икки жамоа аъзоларидан иборат эди.
Серхио Франциско, “Сосидад” мураббийи ушбу учрашувда ҳимоячи Элустондо, яримҳимоячи Янхел Эррера, ҳамда ҳужумда Орри Оскарссондан фойдалана олмайди.
МИЛАН – НАПОЛИ (28 сентябр, 23:45)
“Милан” мавсумни жуда ёмон бошлаганди. Ўз майдонида “Крамонезе”га ютқазиб қўйиш, албатта, чемпионликка даъвогар жамоанинг режасида бўлмайди. Ҳали у пайтда “Крамонезе” яна давом этиши, тўрт турдан кейин ҳам мағлубиятсиз боришини билмасдик ҳам. Яхшиямки, Аллегри жамоаси тезда ўзини ўнглаб олди ва кейинги учрашувларни айнан Аллегрияга хос равишда ўтказмоқда. Жамоа қаторасига уч ғалабага эришди ва бирорта ҳам гол ўтказиб юбормади. Шундан сўнг, Италия кубоги учун баҳсда “Лечче” ҳам 3:0 ҳисобида мағлуб этилди. Энди эса энг катта синов остонада турибди.
“Наполи” – чемпион, лекин тан олиш керак, ўтган мавсумдаги ғалаба кўп жиҳатдан “Интер”нинг тортиғи бўлган, айниқса мавсум сўнггида “Наполи” у қадар ишончли кўринмаганди. Конте доимгидек ҳеч қандай еврокубокларсиз мавсумдан ўз устунлиги учун моҳирона фойдаланганди. Аслида юқорида “Милан”ни даъвогарлар сафига қўшиб юборганимиз ҳам шундан, бу йил айнан “Милан” еврокубокларда қатнашмаяпти. Хуллас, бу йилги “Наполи” бироз фарқли. Айниқса, де Брюйненинг келиши яримҳимоя учун жуда катта плюс бўлади. Ромелу Лукаку ўрнини эса вақтинчалик Расмус Хойлунд ёпади. Ким билади, балким даниялик ҳужумчи бутунлай асосийга айланар?
Бир қараганда Аллегри ва Конте ўртасидаги баҳсдан нимани кутиш мумкин? Икки ҳимоявий мураббий, эҳтиёткорлик ва майдоннинг ҳар қаричи учун курашиш. Бундай жамоалар ўйинида одатда кўп гол, ҳужумкор ўйин кутмайсиз, тўғрими? Аммо сўнгги йилларда Италия бизни анча ҳайрон қолдираётгани, энг ҳужумкор ўйинлар, энг чиройли голлар айнан Италия грандлари ўртасидаги баҳсларда бўлишига ҳам ўрганиб қолдик. Статистикага қарасак ҳам, хавфли вазиятлар, зарбалар, тўп назорати, рақиб жарима майдонидаги ҳаракатлар борасида ҳар икки жамоа “А Серия” етакчилари сафида. Шунингдек, одатга кўра, ҳимоявий кўрсаткичлар бўйича ҳам бу икки жамоа фақат “Рома”дан ортда қоляпти холос. Тарозининг қайси палласи устун келади, жонли гувоҳ бўлиш жуда қизиқ, албатта.
Дарвоқе, “Наполи”ни бу ўйиндан уч кун ўтиб “Спортинг”га қарши Чемпионлар Лигасидаги муҳим учрашув кутиб турганини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Биринчи турда Манчестерда мағлубиятга учраган Конте шогирдлари учу у ерда ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
27 сентябр. Брентфорд – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (16:30), Майнц – БОРУССИЯ Д (18:30), Санкт Паули – БАЙЕР (18:30), ЧЕЛСИ – Брайтон (19:00), Кристал Пэлас – ЛИВЕРПУЛ (19:00), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Бёрнли (19:00), Каляри – ИНТЕР (23:45), ТОТТЕНҲЭМ – Вулверҳэмптон (23:55), ПСЖ – Осер (23:55)
28 сентябр. РОМА – Верона (18:00)
Мавзуга оид
11:04 / 21.12.2025
Мбаппе Роналдунинг рекордини такрорлади, Ҳоланд янгилади. Кун ўйинлари
14:40 / 15.12.2025
«Сити»да йирик ғалаба, бразиллар Алонсони қутқарди
18:16 / 14.12.2025
«Реал»даги кичик инқироз. Клубнинг муаммоси нимада ва Алонсо энди нима қилади?
11:57 / 11.12.2025