Ўзбекистон | 11:40 / 10.10.2022
7771
5 дақиқада ўқилади

“Кичик саноат зоналарининг яратилиши ҳар жиҳатдан фойдали” - Адҳамжон Мўйдинов

“Ўзчармсаноат” уюшмаси раис ўринбосари Адҳамжон Мўйдинов Kun.uz билан суҳбатда Ўзбекистонда чарм саноати маҳсулотлари ишлаб чиқаришда янги ташкил этилаётган кичик саноат зоналарининг аҳамияти ҳақида гапириб берди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Хорижликларда “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остидаги маҳсулотларга қизиқиш ошяпти

“Чарм-саноати соҳасида яратилган имкониятлар бу йўналишни мамлакатдаги драйвер соҳалардан бирига айлантириш учун асос бўла олади. Бу имкониятлар ўз ўрнида катта масъулият ва вазифаларниям юклайди. 2017-2021 йилларда чармдан тайёрланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми деярли 6 баробарга ошди. Шу даврда 632 млн долларлик инвестицион лойиҳалар амалга оширилди. 300 дан ортиқ янги корхоналар ишга туширилди. 2021 йил якунига кўра, 421 млн долларлик чарм маҳсулотлари экспорт қилинди. 2022 йил якунида бу кўрсаткични 500 млн долларга етказиш режалаштирилган.

Экспорт ҳажмини янада ошириш мақсадида соҳадаги имкониятлар, жозибали таклифлар билан хорижлик ҳамкорлар билан ишлар олиб борилади.

 Жорий йил давомида ҳам 12 та халқаро нуфузли кўргазмаларда ўзбек чарм саноатидаги 100 дан ортиқ корхоналар ўз маҳсулотлари билан иштирок этишди. Бу билан 60 млн долларга яқин экспорт шартномалари имзоланган. Бу Ўзбекистонда тайёрланаётган чарм маҳсулотларининг дунё бозорида ўз ўрнини топаётганини билдиради.

Давлат раҳбарининг шу йўналишда имзоланган қарорлари билан Ўзбекистонда ҳам шундай кўргазмаларни ташкил этиш вазифаси юклатилган. Доимий равишда ўтказиб келинаётган Ўзчармэкспо кўргазмаси бу йил 12-марта ўтказилди. Унда 100 дан ортиқ корхоналар 4000 дан ортиқ турдаги ўз маҳсулотларини намойиш этишди. Кўргазмада МДҲ давлатларидан ва Европа мамлакатларидан йирик компаниялари вакиллари, тадбиркорлар иштирок этиб, Made in Uzbekistan ёрлиғи остидаги маҳсулотларга қизиқиш билдиришди. Биргина шу кўргазманинг ўзида 50 млн доллар атрофида экспорт шартномалари, 25 млн доллар атрофида инвестицион ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

13-14 октябр кунлари Ўзчармэкспо 13-халқаро кўргазмасини ўтказишга тайёргарлик ишларини бошлаганмиз. Бу кўргазма дунёнинг йирик компаниялари билан ҳамкорлик учун савдо майдончаси бўлиши кутиляпти”,- дейди раис ўринбосари.

Адҳамжон Мўйдинов таъкидлашича, Вазирлар Маҳкамасининг “Чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори “Ўзчармсаноат” уюшмасига республиканинг 16 та ҳудудида кичик саноат зоналарини ташкил этиш вазифаси юклатилди. Бунга 2022-2023 йилларда давлат бюджетидан 90 млрд сўм маблағ ажратилди. Тизимдаги бўшлиқларни тўлдириш, яъни аёллар ва болалар пойабзаллари каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун алоҳида имтиёзлар ажратилди.

Саноат зоналари учун ер очиқ аукционда сотилади

“Экспорт улуши 80 фоиздан ошадиган корхоналарга ижтимоий солиқлардан енгилликлар берилди. Бу имтиёзлар тадбиркорларда янги саноат зоналарида амалга ошириладиган лойиҳаларга қизиқишни оширди.

Қарорда кичик саноат зоналари учун бериладиган ер майдонларини олишда шаффофликни таъминлаш учун очиқ аукцион савдода олиниши белгилаб берилди.

Мазкур қарорда икки жиҳатга эътибор қаратиш керак:

  1. Терини қайта ишлашга ихтисослашган саноат зоналари;
  2. Юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зоналарини ташкил этишга мўлжалланган саноат зоналари ташкил этиш кўзда тутилган”.

Бу экологик хавфсизликни таъминлайди

“Бугун республикамизда 30 дан ортиқ терини қайта ишлашга ихтисослашган саноат корхоналари фаолият юритаётган бўлса, янги дастур асосида 20 дан ортиқ тўлиқ модернизация қилиниб, Туркия, Италия каби давлатлардан келтирилган жиҳозлар билан таъминланди. Бундай зоналарнинг ташкил этилишидан мақсад ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар – пойабзал, чарм атторлик, чарм кийимлар улушини кўпайтириш эди. Бу эса тайёрланадиган буюмлар учун сифатли хомашё етказиб берилишини таъминлайди.

Кичик саноат зоналарида терини қайта ишлашга ихтисослашган корхоналар бир жойда жамланади. Натижада тозалаш иншоотлари ҳам марказлаштирилган тартибда қурилади ва замонавий технологиялар билан жиҳозланади. Бу экологияни асрашда катта аҳамиятга эга.

Хориж тажрибасига кўра, корхоналарнинг кластер усулида бир жойда жорий этилиши ривожланиш босқичларини тезлаштиради. Бундай саноат зоналарини яратиш экспорт имкониятларидан кенг фойдаланишга замин яратади”.

Шунингдек, “Ўзчармсаноат” уюшмаси раис ўринбосарининг қайд этишича, лойиҳаларнинг барчаси инвестицион имкониятларни кенгайтириш, аёллар ва болалар чарм пойабзалларини ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилади. Ҳозирда кичик саноат зоналарини ташкил этишда таклифларни тўплаганимизда 230 дан ортиқ тадбиркорлар янги лойиҳалар бўйича таклифлар беришди. Бу лойиҳаларнинг қиймати 325 млн долларни ташкил қилади. Бу лойиҳалар амалга оширилса, соҳада 11 млн иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

Гулмира Тошниёзова суҳбатлашди.
Тасвирчи - Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид