Ўзбекистон | 14:15 / 20.10.2023
18016
10 дақиқада ўқилади

Қадимда сурхондарёлик овчилар бўрига қопқон қўйганда уни ерга қотириб қўймаган. Нега? – “Заковат”нинг кузги мавсуми учинчи ўйинидан репортаж

Собиқ иттифоқда ингичка арқон, игна ва чизғич билан қандай “касаллик”ни даволашган? Қўқон хонлигидаги қайси солиқ туфайли XIX асрдан Қўқон араваларининг ғилдираклари катта қилиб ясала бошланган? – “Заковат” телеўйини кузги мавсумининг учинчи ўйинида Зафар Раҳимов жамоаси иштирок этди.

Фото: Заковат

Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):

Нурмурод Иноғомов - муҳандис;

Сухроб Шарипов - иқтисодчи;

Зафар Раҳимов - бухгалтер (жамоа сардори);

Жамшид Адилов - тарихчи;

Умид Валиев - банк ходими;

Сарвар Аминов - менежер.

Ўйинни суратга олиш жараёнидан лавҳалар

Зафар Раҳимов жамоаси 2023 йилнинг кузги мавсуми учинчи ўйинида иштирок этади.

1-раунд саволи ингичка арқон, игналар ва чизғич билан Собиқ иттифоқда қандай касалликни даволашгани ҳақидаги савол ўйналди. Жамшид Адилов томонидан илгари сурилган вариантни бутун жамоа қўллаб-қувватлаши натижасида ҳисоб билимдонлар фойдасига очилди – 1:0.

2-раундда Гавайи оролларига пляжлар учун борадиган туристлар ҳукуматнинг қайси чекловидан норози бўлгани сўралди. Ушбу чуқур мантиқли саволда жамоа ҳар қанча уринмасин, тўғри жавоб бера олмади. Ҳисоб – 1:1.

Жамоа аъзоси Сарвар Аминов

3-раундда АҚШнинг марказий кўчаларида ўрнатиладиган бир мослама ҳақидаги савол ўйналди. Муҳокама давомида жамоа тўғри жавобга етиб бора олмади ва ҳисобда телетомошабинлар олдинга чиқиб олди. Ҳисоб – 1:2.

Жамоа аъзоси Нурмурод Иноғомов

4-раундда ўтмишда Бухородаги мадрасаларда ўқув йили нега 21 сентябрдан 22 мартгача давом этгани ҳақидаги савол ўйналди. Нурмурод Иноғомов тўғри йўналиш бошлаб берган муҳокамани давом эттирган Жамшид Адилов бу саволга 

Жамоа сардори Зафар Раҳимов

5-раундда жуда қизиқ миллий савол ўйналди. Қўқон хонлигидаги қайси солиқ туфайли XIX асрдан Қўқон араваларининг ғилдираклари катта қилиб ясала бошланган, деган мазмундаги саволга жамоа тўғри жавоб бера олмади. Ҳисоб – 2:3.

Жамоа аъзоси Жамшид Адилов

Кейинги раунд саволи ҳам жамоа учун ноқулайлик қилди. Қўлида китоб билан буқа ўйнатаётган матадор сурати кўрсатилиб, нима реклама қилинмоқда, деган саволга ҳам жамоа нотўғри жавоб берди. Ҳисоб – 2:4.

Жамоа аъзоси Сухроб Шарипов

7-раундда Жиззах тоғ ёнбағирларида Аввалбурун деган бўйи 1-1,5 метр келадиган ниҳоятда қаттиқ дарахт ўсиши, бу дарахтдан нима ясалиши ҳақидаги савол ўйналди. Бу саволда ҳам жамоа муваффақиятсизликка учради ва томошабинлар жамоаси йирик ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ҳисоб – 2:5.

Кейинги раундда қадимдан сурхондарёлик овчилар бўриларга қопқон қўйганда нега уни ерга қотириб қўймаслиги ҳақидаги савол ўйналди. Ушбу раундда жамоа нотўғри жавоб берганда мағлубиятга учраши мумкинлигига жиддий эътибор бермади ва клуб ёрдамидан воз кечиб катта таваккалчиликка йўл қўйди. Афсуски, бу таваккал ўзини оқламади жамоанинг жавоби нотўғри бўлиб чиқди. Клубда эса тўғри жавоб бор бўлиб чиқди ва бу жамоани яна ҳам аламли вазиятга туширди. Ҳисоб – 2:6.

Шундай қилиб, мавсумнинг учинчи ўйини ҳам билимдонларнинг мағлубияти билан якунланди.

Ушбу йирик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг, Зафар Раҳимов жамоаси аҳволини оғирлаштирди ва кейинги мавсумга ўтиш имкониятини пасайтириб юборди.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1-раунд. Савол муаллифи: Искандар Примов, Қарши шаҳри

Бошловчи: Марҳамат, ингичка арқонча, игналар ва чизғич олиб чиқилсин.

Собиқ иттифоқда бу предметлар билан бир "касаллик"ни даволашган. Бу касалликдан одамларни қутқариш учун чексиз имконият берилган қутқарувчиларга. Иттифоқда унга қарши қаттиқ курашилганлигини ҳам билдиради бу билан. Ёрдам сифатида шуни айтиш мумкинки, бу кураш 1986 йилгача давом этган.

Диққат савол: Бу қандай касаллик?

Жавобни Жамшид Адилов беради: Демак, адашмаётган бўлсам, бу чапақайликка қарши курашиш.

Тўғри жавоб: Мактабларда шундай ёзадиган ўқувчиларнинг қўлини ҳам боғлаб қўйишган, игна ҳам санчишган, линейка билан ҳам уришган - у фақат чап қўл билан ёзмаса бўлди.

Ҳисоб: 1️ - 0️

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2 -раунд. Савол муаллифи: Рустамбек Қаршибоев, Қашқадарё вилояти

Бошловчи: Яқинда зилзила юз берган Гавайи оролларига ҳар йили миллионлаб саёҳатчилар боради. Оқ қумли пляжларда чўмилиб, ҳайратланарли табиий гўзалликни томоша қилишади. Туристлар ҳам асосан унинг гўзал пляжларида чўмилиш учун боради. Яқинда Гавайи оролларига борувчи туристлар учун бир чеклов жорий қилинибди. Бу чекловдан туристлар бироз норози бўлишган.

Диққат савол: Туристларга ёқмаган қандай чеклов у?

Жавобни Умид Валиев беради: Ўша пляжлардан қумни солиб олиб кетиш чеклови.

Тўғри жавоб: Ҳисоб-китобларга кўра, Гавайи ўзининг маржонқоялари билан машҳур. Йилига туристлар томонидан 14 тонна у олиб келинади. Улар маржонқояларга зарар етказиб, уларни хиралаштириб қўяди. Табиий муҳитни соф сақлаш учун айрим қуёшдан сақловчи кремлардан фойдаланишга тақиқ қўйилган экан.

Ҳисоб: 1️ - 1️

Савол муаллифи Рустамбек Қаршибоев 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи: Раҳимжон Йўлдошев, Қўқон шаҳри, Фарғона

Бошловчи: Эътиборингизни экрандаги суратга қаратинг.

Бу каби мосламаларга АҚШнинг марказий кўчаларида кўзингиз кўп тушади. Бу мосламага ҳамма мурожаат қилар экан.

Диққат савол: Суратни яхшилаб кузатинг ва нима тасвирланганлигини айтинг.

Жавобни Сарвар Аминов беради: Биламиз, АҚШнинг катта кўчаларида уйсиз одамлар жудаям кўп. Улар совуқ пайти қўлини иситиб олиш учун ёки умуман йўловчилар қўлларини иситиб оладиган мослама.

Тўғри жавоб: Бу кўчадаги мини-кутубхона.

Ҳисоб 1️ - 2️

Савол муаллифи Раҳимжон Йўлдошев 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4 -раунд. Савол муаллифи: Шуҳрат Рустамов, Қашқадарё

Бошловчи: Ўзбекистонда ўқув йили сентябр ойи бошида бошланади. Ўтмишда Бухородаги қадимги олий мадрасаларида ўқиш 21-сентябрда бошланиб, 22-мартда ниҳоясига етган.

Диққат савол: Қандай сабаб туфайли ўқиш 6 ой давом этган?

Жавобни Жамшид Адилов беради:

Демак, берилган санадан хулоса қиладиган бўлсак, улар, яъни мадраса талабалари бу санада ўқишини сабаби қолган вақтда меҳнат билан, далада ёки уй хўжалиги билан шуғулланган.

Тўғри жавоб: Жавоб тўғри

Ҳисоб 2️ - 2️

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5 -раунд. Савол муаллифи: Одилбек Соатов, Тошкент шаҳри

Бошловчи: XIX асргача Қўқон араваларининг ғилдираклари катта бўлмаган. Оддий катталикда бўлган холос. Қўқон хонлигида солиқлар кўпайиб кетгач, одамлар солиқдан қочиш йўлларини қидира бошлашган. Қўқон араваларининг ғилдиракларини катта қилиш ғояси ҳам шу изланишлар самараси бўлган.

Диққат савол: Айнан қандай солиқдан қочиш учун катта ғилдираклар ўйлаб топилган?

Жавобни Умид Валиев беради: Биламиз, Қўқон араваларида 2 та катта ғилдирак бўлган. Балки оддий кичкина 2та ғилдирак бўлганида аравани бошқариб бўлмасди ва улар 4 та бўларди. Бизнинг фикримизча, солиқ аравалар сонига қўйилган.

Тўғри жавоб: Қўқон хонлигида арзимаган нарсалар учун солиқлар ўйлаб топилган. Хонликда аҳоли кўприк солиғидан қочиб дарёнинг саёз жойларидан кечиб ўта бошлаган.

Ҳисоб 2️ - 3️

Савол муаллифи Одилбек Соатов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Блиц саволлари.

Савол муаллифи: Абдулҳафиз Шаҳобиддинов, Марҳамат тумани

Бошловчи: Экранга эътиборингизни қаратинг.

Матадор қўлида китоб билан буқани ўйнатмоқда.

Диққат савол: Суратда нима реклама қилинмоқда?

Жавобни Сарвар Аминов беради: аудиокитоб

Тўғри жавоб: Бу суратдаги тез ўқиш сирларини ўргатиш хизмати реклама қилинмоқда.

Ҳисоб: 2️ - 4️

Савол муаллифи Абдулҳафиз Шаҳобиддинов 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7 -раунд. Савол муаллифи: Аҳмаджон Абдураззоқов, Сайхунобод тумани

Бошловчи: Жиззах тоғ ёнбағирларида Аввалбурун деган бўйи 1-1,5 метр келадиган новда дарахт ўсади. Бу дарахт шунчалар қаттиқки, уни кесиш учун жуда ҳам ўткир тиғли асбоб зарур экан. Ҳар йили кузда бир соҳа мутахассислари бу дарахтларни кесиб олиб кетишар экан.

Диққат савол: Кейин улар бу дарахтдан нима ясашади?

Жавобни Зафар Раҳимов беради: Балки лавҳ ясалгандир.

Тўғри жавоб: Қариялар ва беморлар учун ҳасса ясашади.

Ҳисоб: 2️ - 5️

Савол муаллифи Аҳмаджон Абдураззоқов 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

8 -раунд. Савол муаллифи: Шермуҳаммад Абдураҳмонов, Сурхондарё вилояти

Бошловчи: Қадимдан сурхондарёлик овчилар бўриларга қопқон қўйганда бир усул ишлатишар экан. Қопқон қўйгач, негадир уни ерга қотириб қўйишмас экан.

Диққат савол: Овчилар нега бу усулда бўри овлашади?

Жавобни Умид Валиев беради: Қопқон қозиқланса, бўри унга тушгандан кейин ундан чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Ҳаттоки, оёғини узиб бўлса ҳам. Қозиқланмаса, қопқон бўри билан бирга юради ва уни ушлаб олиш осонлашади.

Тўғри жавоб: Овчилар агар бўрининг боласи ёки оиласи борлигини билишмоқчи бўлса, шу усулда қопқон қўйишади. Қопқонга тушган бўри судралиб уйи томон ошиқади. Оғир қозиқ ўзидан из қолдиради, овчи мана шу издан бориб, бўрининг инини топади ва ўз мақсадига етишади.

Ҳисоб: 2️ - 6️

Савол муаллифи Шермуҳаммад Абдураҳмонов 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Одилбек Соатов, солиқ ҳақидаги савол

Одилбек Соатов 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид