Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳаво ҳарорати қандай ўлчанади? Тошкент обсерваториясидан репортаж
Кўпинча телефонларда кўрсатилаётган ҳаво ҳарорати расмий эълон қилинаётганига нисбатан фарқ қилади. Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган иқлимшунос, Эркин Абдулаҳатов эса телефондаги маълумотларда аниқлик юқори эмаслигини айтиб ўтди. «Водийликлар ҳаво ҳарорати 48-50 даража бўлганини жўнатишяпти. Ўша ҳудуддаги станцияга борсак, 41-42 даража чиқяпти. Демак, 6-7 даражалик фарқ», – дейди у.
Гидрометеорология хизмати агентлиги Тошкент обсерваторияси метеорологик станциясида 150 йил аввал илк кузатувлар олиб борилган. Бу ерда пойтахт бўйича асосий метеорологик параметрлар, ҳаво ва тупроқ ҳарорати, ҳаво босими ҳамда унинг намлиги ўлчанади. Ҳаво ҳароратини аниқлайдиган психрометрик бутка ер сатҳидан 2 метр баландликда ўрнатилган. Бутка ичида термометрлар жойлашган. Қуёшдан ҳимояланган, эшиги шимолга қаратилган. Ўлчовлар ҳар 3 соатда амалга оширилади ва data.meteo.uz ахборот тизимига жойлаштирилади.
4 июл куни соат 17:36 да ҳаво ҳарорати ўлчаб кўрилди. Ҳарорат 43 даражага чиқди. Гидрометеорология хизмати агентлиги бош мутахассиси Ҳожиакбар Одиловнинг айтишича, куннинг энг иссиқ вақти одатда соат 16:00-17:00 орасида кузатилади.
«Анъанавий усул билан ўлчаганда 4 та термометр туради. Биттаси оддий ҳаво ҳароратини ўлчайди, иккинчиси намлантирувчи. Бундан ҳаво намлигини ўлчашда фойдаланамиз.
Бундан ташқари, максимал ва минимал термометрлар ҳам бор. Бу ўша ҳаво ҳароратининг сутка давомида максимал ва минимал қийматларини қайд этиш учун хизмат қилади. Минималини ҳозир олиб қўйдик. Буни соат саккиздан (20:00) кейин қўямиз. Шунда тунги вақтда минимал ҳароратни қайд этамиз, унинг шкаласи 40 даражагача бўлади. Ҳозир ҳарорат 40 даражадан ошгани учун термометрга путур етиши мумкин», – дейди Одилов.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатовга кўра, бу 4 июл кунлари учун 150 йилда ҳеч қачон кузатилмаган энг иссиқ ҳарорат рекорди ҳисобланади.
«Мана шу метеорологик станцияда кузатилган маълумотлар асосида стандартлар ишлаб чиқилган. Масалан, ҳаво ҳарорати 10 даражадан юқори бўлса, дарахтлар гуллайди. 36,6 дан юқори бўлса, сиз тўғридан тўғри ҳаво ҳароратидан таъсирланишни бошлайсиз. Ҳозир биз бироз шамол эсаётгани ҳисобига ҳаво ҳароратини унчалик кучли ҳис қилмаяпмиз. Аслида ҳозир 43 даража. Бироз шамол эсаяпти, 1-2 метр/сония ва тер совиб, танамизга яхшироқ таъсир қиляпти.
Лекин ҳар доим ҳам бундай бўлмайди. Яъни шамол тезлиги эсмаган ҳолатда димиқиш юзага келади. Ҳозир 2 метр юқоридаги ҳаво ҳароратини ўлчаганимизда, 43,5 даража чиқяпти ва максимал ҳаво ҳарорати 12:00 ва 17:00 орасида 43,4 даража кузатилди. Бу мана шу кун учун рекорд деса ҳам бўлади, чунки Тошкентда кузатувлар тарихида энг юқори ҳарорат 1997 йилда 44,6 даража кузатилган ва фарқ атиги бир даражага яқин», – дейди Абдулаҳатов.
Бу ерда тупроқ ҳарорати ҳам ўлчанади. Термометрлар 5-10-20 сантиметр ҳамда 1 метрдан 3 метргача бўлган чуқурликдаги тупроқ ҳароратини ўлчайди.
Сурат-1: Тошкент обсерваторияси, 04.07.2025
«Максимал тупроқ ҳароратини кўрдик, 62 даражага чиқди. Ўзгидромет ҳар уч соатда ҳаво ҳарорати билан биргаликда тупроқ устидаги ҳаво ҳароратини ҳам ўлчайди. Чўлларда тупроқ ҳарорати 80 даражагача қизийди», – дейди иқлимшунос.
Унинг айтишича, метеостанцияга 100 метр атрофида ҳеч қанақа бино-иншоотлар қуриш ёки катта-катта дарахтлар экиш мумкин эмас. Бу станцияга тўғридан тўғри таъсир қилади.
«Масалан, иқлим ўзгариши дунёда 2 даража юқорилаб кетди дейилади-ку. Тошкентда меъёрга нисбатан 1,5 даража юқорилаб кетди дейилади. Агар сиз ҳозир бунга таъсир кўрсатадиган бўлсангиз, масалан, 3-4 даража юқорилаб кетди, дейдиган бўлсангиз, бу катастрофа (ҳаво ҳалокати) даражасида-да. Шунинг учун атрофимизда бино-иншоотлар йўқ», – дейди суҳбатдош.
Абдулаҳатов дунёда энг юқори ҳарорат 56,5 даража бўлганини қайд этади.
«Дарсликларимизда Африкада 58 даража дейилади. Бу ҳисобга олинмаган. Чунки буткаси ер сатҳидан 1,5 метр баландликда бўлгани учун шундай қилинган. Ҳозир энг юқори ҳарорат Америкада жойлашган Ажал водийсида кузатилган – 56,7 даража. Бизда эса энг юқори даража Бухорода қайд этилган – 49,8 даража», – дейди у.
Иқлимшуноснинг сўзларига кўра, метеостанциялар Ўзбекистониннг шаҳар марказлари, қишлоқлари, тоғлари ва чўлларида бор.
«Уларнинг ҳар биттаси ҳар 3 соатда ҳаво ҳароратини ўлчаб, натижаларни онлайн эълон қилиб боради. Масалан, соат 14:00 да Бухоро дунёдаги энг иссиқ нуқталардан бири бўлди. Яъни ҳаво ҳарорати – 46,3 даража. Эронда 46,4 бўлди. Туркманистонда 46,5. Ҳаво ҳароратларидан келиб чиқиб стандартлар ишлаб чиқилиши керак», – дейди иқлимшунос.
Унинг таъкидлашича, Тошкент обсерваториясида кузатилган ҳаво ва инсон тана ҳарорати 36,6 даражадан юқори бўлса, ташқи муҳитда ишлайдиган ходимлар ишга чиқмаслиги мумкин. Бунда иш ҳақи сақланиб қолади.
«Ёки иш берувчи микроиқлим шароитини яратиб бериши керак. Биз ташқи муҳитда ишлайдиганлар учун илмий тадқиқотлар асосида стандарт ишлаб чиқишимиз керак. Буни буюртма бериш керак ва биз билан соғлиқни сақлаш, автойўл ва қурилиш ходимлари ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги олимлари бўлиши керак. Масалан, 41 даражадан юқори бўлганда, ташқи муҳитда ишлайдиганлар учун қанақадир компенсация тўлаш ёки кундузги муддатлардаги ишини кечқурунга ўтказиш мумкин», – дейди у
Иқлимшунос суҳбат давомида телефонлар кўрсатаётган ҳаво ҳарорати даражалари нима учун расмий эълон қилинаётганига нисбатан фарқ қилиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.
«Минглаб шунақа иловалар бор. Қайси иловадан фойдаланишаётганини билмаймиз. Ишончли иловалар ҳам бор. Лекин у иловалардан жуда ҳам камчилик фойдаланади. Чунки уларнинг кўриниши, фойдаланиш сал мураккаброқ.
Иловалар, смартфонлар, ўша айфонлардаги маълумотларнинг оқланиш даражаси кам, юқори эмас. Масалан, 3-4 даражалик четланишлар бор. Сунъий йўлдошга бизнинг маълумотларимиз доимий етиб бормайди. 2-3 кундан кейин бориб ўзини тўғрилаб олади.
Мана, бугун водийликлар ҳаво ҳарорати 48-50 даража бўлганини жўнатишяпти. Ўша ҳудуддаги станцияга борсак, 42-41 даража кузатиляпти. Демак, 6-7 даражалик фарқ»,– дейди у.
Абдулаҳатовнинг сўзларига кўра, foreca.com ишончли манбалардан бири ҳисобланади. Унда об-ҳаво прогнозининг ишончлилик даражаси юқори. Бундан ташқари, у фактик об-ҳавони ҳам «Ўзгидромет» станциялари берган сўнгги маълумотларни ўзига мослаштириб узатади.
«Лекин бошқа иловаларда, мен жуда ҳам кўп кузатганман, хатоликлар юқори чиқади», – дейди эксперт.
Эркин Абдулаҳатов синоптиклар ҳароратни ўзгартириб кўрсатмаслиги, агар камчиликларга йўл қўйса, жавобгарлик борлигини эслатиб ўтди.
«Бир кунлик прогнозлар оқланиши плюс-минус бир даража. Масалан, Тошкент учун 42 даража берилса, у 43 ёки 41 бўлиши керак. Агар 40 ёки 44 бўлиб қолса, синоптикка нисбатан қанақадир чора кўрилади. Чунки у қайсидир методлар асосида ишламаган бўлади.
Беш кунликда 44 десангиз, беш кунлик учун 40 бўлиши мумкин. Лекин биринчи, иккинчи, учинчи кун учун плюс-минус бир даража хато қилишингиз мумкин. Агар синоптиклар прогнозларида хатоликлар кўп чиқадиган бўлса, ишдан ҳайдалиши ҳолатлари бўлган. Менимча, сўнгги йилларда ўзи эътироз ҳам камайиб кетди»,– дейди иқлимшунос.
Эркин Абдулаҳатовнинг қўшимча қилишича, тупроқ ҳарорати даражалари қишлоқ хўжалиги учун керакли маълумот.
«Лекин бизга кўпроқ барибир ҳаво ҳарорати қизиқроқ. Нега 2 метр юқорида деган савол туғилиши мумкин. Чунки ёш катта инсонларнинг баландлиги 1.80, бунда қуёш бизнинг тўғридан тўғри бўйнимиздаги артерия, қон томир ва миямизга таъсир қилади. Олимлар 160 йил олдин 2 метр юқоридаги ҳарорат керак бўлади, деб шу стандартни яратиб кетишган. Энди мана шу стандарт бўйича бутун дунё ўлчаяпти.
Бутун дунё мамлакатларида мана шу стандарт бир хил. Ундан бошқа жойга четланиш мумкин эмас. Мана ҳозир автомат метеорологик станция ўрнатиляпти ва уларга шундай ёзиляпти: сиз бизнинг маълумотимизга ишонманг, 2 йил ўрганинг деяпти. Мана шунинг учун бекорга ўрнатиб қўймаган. Иккитаси кузатувлар олиб борсин деяпти. Ҳаво ҳарорати классик билан автомат станция маълумотларида бир даражалик, ярим даражалик фарқлар бор. Лекин шуни ҳозир тенглаштириб олиш учун ҳар иккиси 2 йил давомида бир жойда кузатувлар олиб боряпти», – дейди эксперт.
Унинг сўзларига кўра. классик усулдан Европа давлатлари воз кечган. Лекин, 70-80 фоиз мамлакатлар ҳали ҳам мана шу психрометрик буткадан фойдаланади. Унинг сўзларига кўра, автоматик станциялар ишни енгиллатиш учун қўйилган. Кузатувлар параллел олиб борилиб, улар солиштирилади. Ҳозирда автостанцияларни амалиётга жорий этиш механизми ишлаб чиқилмоқда.
Маълумот ўрнида, автостанциялар ҳаво ҳароратини ҳар бир дақиқада ўлчайди, маълумотларни 10 дақиқада янгилайди ва data.meteo.uz ахборот тизмига узатиб туради. Ҳозирда республиканинг 120 та нуқтасида шундай автостанциялар мавжуд.
Мавзуга оид
12:24 / 12.01.2026
Январ охирида совуқ кунлар бўладими?
08:54 / 09.01.2026
Ноқулай об-ҳаво сабаб бир қатор рейслар муқобил аэропортларга йўналтирилди
10:30 / 08.01.2026
Экология қўмитаси: ҳаво ифлосланишини ноқулай метеошароит кучайтирмоқда
09:31 / 08.01.2026