Жамият | 18:06 / 05.08.2021
33103
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда Isuzu билан тўқнашган Lacetti ёниб кетди. 4 киши вафот этди

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида Lacetti ва Isuzu юк машинаси ўзаро тўқнашган. Оқибатда Lacetti’да ёнғин содир бўлиб, унинг ичида бўлган 4 нафар одам куйиб вафот этган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Маълум қилинишича, бугун 5 август куни, М39 Алмати-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўлининг Деҳқонобод туманидан ўтган қисмида Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи 53 ёшли фуқаро Ш.К. бошқарувидаги Lacetti Термиз-Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб бораётган Хоразм вилоятида яшовчи 23 ёшли ҳайдовчи бошқарувида бўлган Isuzu юк машинасига урилган.

Тўқнашув оқибатида Lacetti машинасида ёнғин келиб чиққан ва унинг ичида бўлган тўрт нафар фуқаро таниб бўлмас даражада куйиб вафот этган. 

Деҳқонобод туман Фавқулодда вазиятлар бўлими масъули Ў.Йўлдошевнинг айтишича, ёнғин ҳақидаги хабар туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига 14:25 да келиб тушган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойига 14:27 да етиб бориб, ёнғин 14:29 да қуршаб олинган ва 14:45 да ўчирилган.

Туман ИИБ ходимлари билан суҳбатлашган Isuzu ҳайдовчисининг маълумот беришича, Lacetti машинасини бошқариб кетаётган ҳайдовчи катта эҳтимол билан ухлаб қолган ва қарама-қарши йўналишга чиқиб, юк машинаси билан тўқнашган.
 
Қайд этилишича, ҳозирда ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Ғайрат Йўлдошев

Мавзуга оид