Ўзбекистон | 09:46 / 27.06.2025
6726
6 дақиқада ўқилади

Тошкентликлар учун қадрдон каналларнинг қиёфаси ўзгаради. Чўмилиш жойлари кўзда тутилганми?

Пойтахтнинг бош сув ҳавзаси – Бўзсув канали қирғоқларини бетонлаштириш ишларининг 30 фоизи якунига етди. Қолгани бўйича лойиҳа ишлаб чиқиляпти. Бу ишларга масъул ҳокимлик расмийси Kun.uz билан суҳбатда лойиҳаларни жамоатчиликка очиқлашга, уларни амалга оширишда “бирорта дарахтнинг ҳатто шохи ҳам кесилмаслиги”га ваъда берди. У аҳолига ёзда чўмилиш жойлари кераклиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 26 июн куни пресс-тур ташкил қилиб, журналистларни Бўзсув ва Бўрижар каналларида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан таништирди.

Маълум қилинишича, пойтахтнинг қоқ марказидан оқиб ўтувчи Бўзсув канали қирғоқларини бетонлаштириш ишлари давом этяпти. Ҳозирга қадар каналнинг 30 фоизи бетонлаштирилган. Қолган қисми лойиҳалаштирилмоқда.

Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва унга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳиддин Хўжабеков лойиҳалашда “бирорта дарахтнинг ҳатто шохи ҳам кесилмаслиги”ни айтди.

Унинг бу баёноти – Бўзсувнинг давоми бўлмиш Бўрижар канали қирғоқларини бетонлаштириш пайтида ўтган йилдан бери минглаб дарахтлар кесиб ташлангани, бетонлаштиришда хавфсизлик нуқталари кўзда тутилмагани сабаб болаларни қутқаришга уринган эркакнинг чўкиб кетгани ортидан янграмоқда.

Бундай фожиалар такрорланмаслиги учун, Kun.uz мухбири Хўжабековдан оқиб кетаётган одам сувдан чиқиб олишига имкон берувчи хавфсизлик имкониятлари нега қолдирилмаётгани ҳақида сўради.

Бетонлаштиришда одамни тутиб қолиш ва шунга ўхшаш иншоотлар нима учун қурилмайди, дедингиз. Сиз назарда тутаётган горизонтал ва вертикал ускуналар одамларни тутиб қолиш учун эмас, улар – гидротехник иншоот ҳисобланади. Сувларни ўлчаш учун бажариладиган иншоот. Биз кўп давлатда бўлдик, одам чўкиб кетганда у ушлаб қолиши учун қилинадиган иншоотларга кўзим тушмади. Сиз айтган чоралар – сувни ўлчаш мақсадида қилинади”, – деди ҳокимлик расмийси.

Тошкент аҳолиси Анҳор каналида чўмилмоқда. Олимпия шон-шуҳрати музейи яқинидаги бу жойда канал ёқаси тошлар билан қопланган. / Фото: Михаил Зуев / Facebook

Kun.uz мухбири пойтахтда бепул чўмилиш жойлари деярли қолмагани, каналлар ёқасини бетон эмас, тошли қилса, одамлар ёзда чўмилиши мумкинлигини айтиб, мутасаддидан бу борада муносабат сўради. У бу масала ҳозир ишлаб чиқилаётган лойиҳа таклифига боғлиқлигини айтди.

Бизда ҳозир лойиҳа таклифи кетяпти. Ҳозир 4-5 та жойни чўмилиш ҳавзалари учун ажратиб, ўрганиб кетяпмиз, лойиҳага берганмиз. Қани, қаердан одамлар учун чўмилиш учун қулайлик қилсак бўлади? Буни ўзига яраша қоидалари бор”, – дейди Муҳиддин Хўжабеков.

Унинг сўзларига кўра, чўмилиш ҳавзалари Анҳор ва Калковуз каналларининг айрим қисмларида тажриба тариқасида лойиҳалаштириляпти.

Ҳокимлик вакили шаҳар ичидан оқиб ўтувчи каналларда одамларнинг чўмилиши ҳақида гапираркан, хавфсизлик билан бирга, санитария масаласи ҳам борлигига урғу берди.

Бўзсув сувини Тошкент вилояти аҳолиси истеъмол қилади. Масаланинг шу томонини ҳам ҳисобга олиш керак. Ҳозир ҳамма айтяпти: нима учун чўмиладиган жой қилинмайди. Биз Бўзсув канали сувининг истеъмолга яроқлилигини йўқотмаслигимиз керак. Бу евро стандартга ҳам жавоб берадиган сув ҳисобланади”, – дейди масъул.

Муҳиддин Хўжабековнинг айтишича, Бўзсув каналининг Тошкент шаҳри ҳудудидаги узунлиги 27,5 км ни ташкил этади. Шундан 30 фоиз қисми бетонлаштирилган, қолганида лойиҳалаш ишлари кетяпти. Каналнинг ҳар бир километрига симлар тортилган ва ҳар икки километрига махсус зинапоялар ўрнатилган. Ишлаб чиқилаётган лойиҳалар тайёр бўлгач, жамоатчиликка очиқланади, биронтаям дарахт кесилмайди, дейди у.

Kun.uz мухбирининг навбатдаги саволи Бўрижар канали ёқаларида кесилган минглаб дарахтларнинг ўрни қандай қопланиши ҳақида бўлди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳудудда 9 мингта мевали ва манзарали дарахтлар экилиши керак. Дарахтларни экиш 2026 йил бошига мўлжал қилинган.

Муҳиддин Хўжабековнинг сўзларига кўра, яқин йиллар ичида Тошкент шаҳридан оқиб ўтувчи каналларни бетонлаштириш бўйича 100 километрлик дастур қилиб олинган.

Мен ўзимнинг балансимда сақловчи каналлар бўйича айтадиган бўлсам, ҳозир Бўрижар каналида ишлар давом эттирилмоқда. Ундан кейин Калковуз, Дамаши ва Кичик Кўкча каналларида бетонлаштириш ишлари, дарахтларни сақлаб, хавфсизлиги таъминланган ҳолда амалга оширилади.

Битта нарсани тўғри тушуниш керак. Бу сув маълум миқдорда тошли, лойли чўкинди олиб келади. Тошкент шаҳри бўйича агар каналлар бошқармаси ўзининг фаолиятини сақлаб туриб, ишламайдиган бўлса, узоғи 2 йилда сувлар юриши умуман имконсиз бўлади, тошқин кўпаяди. Бизнинг бошқармамиз шаҳар ҳудудидаги каналлардан кунига 180-200 тоннагача лойли чўкиндиларни олиб чиқиб кетади”, – дейди Муҳиддин Хўжабеков.

Kun.uz мухбири каналлар бошқармаси вакилидан Бўрижар бўйида жойлашган ер участкалари эгаларига қай тартибда ва қанчадан компенсация тўлангани ҳақида сўради. Лекин ҳокимлик вакили бу саволни жавобсиз қолдирди.

Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz

Мавзуга оид