Жамият | 22:00 / 15.06.2019
11100
13 дақиқада ўқилади

Халқ маънавиятини ошириш оммавий китоб улашиш билангина чегараланадими? Ўзбекистон китоб савдосига назар

Фото: KUN.UZ

«Китобхонликни ёшлар орасида кенг тарғибот қилиш»  мазмунидаги жумлалар ОАВ, давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан энг кўп ишлатиладиган кундалик иборага айланиб қолди. Давлат раҳбари шахсан қатъий талаб ва ташаббус билан чиққандан кейингина китобхонлик кампаниясига асос солинди ва бу бирмунча самара берди, дейиш мумкин. 

Шу билан бирга, кўзбўямачиликка асосланган тарғиботлар ҳам кампания фаолиятини «безади». Тан олиш керак: тарғиботлар кўпроқ ижобий натижа (акс таъсирлари билан) берди. Моддий рағбат эвазига бўлса ҳам ўқувчилар қизиқишини оширишга ҳаракат қилинди ва қайсидир маънода мақсад сари дадил қадам ташланди, лекин бу ҳаракат етарли эмас.

Қилинаётган ишлар худди айсбергнинг фақат сув юзидаги қисмини кўришга ўхшайди. Уммон тубидаги муз бўлаги ҳақида ҳеч ким қизиқиб кўрмаяпти. Соф китобхонлик муҳитини шакллантириш фақат тарғибот билан кифояланмайди. Ҳурматли китобхонлик тарғиботчилари, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз: Ўзбекистонда ноширлик фаолияти қай даражада? Уларни қандай муаммо қийнайди? Китоблар адади аҳоли талабини қондироладими? Умуман олганда, китоб савдоси нега катта бизнесга айланиб кетмаяпти? ОАВ (айниқса, телевидениеда)да китоб рекламаси нега ҳанузгача мунтазам берилмаяпти? Сабаби билан қизиқиб кўрдингизми? Аслида, вазият қанақа? Республика китоб савдоси, ноширлиги фаолияти, бу борада китобхонлар фикри муҳокамаларга сабаб бўлиши мумкин.

«Одамлар китоб учун каттароқ маблағ тўлашга тайёр эмас» 

Asaxiy.uz лойиҳаси асосчиларидан бири  Феруз Аллаев:

«Бутун дунёда интернет орқали китоблар савдоси ривожланмоқда. Масалан, АҚШда Amazon интернет дўкони сотадиган китоблари сони бўйича бугунги кунда Noble/Barnes каби йирик дўконлардан бир неча маротаба ўтиб кетган. Интернетда каталогнинг чегараланмаганлиги, бор китобни хоҳлаган ерга етказиб берилиши катта имкониятлар тақдим этади. Шуларни ўйлаган ҳолда Asaxiy ташкил топди. Лойиҳани бошлаганимизда реклама учун асосий эътиборни ижтимоий тармоқларга қаратдик ва бу ўз натижасини бера олди, деб ўйлайман. Китоб савдоси бизда ҳали катта бизнес даражасига чиқмаган. Ундан олдин ички муаммоларни ҳал қилиш керак. Қуйидагиларни энг оғриқли масалалар қаторига қўшиш мумкин:

Почта хизмати. Оддий китоб учун нархлар қимматлиги, етказиш бериш муддатининг секинлиги. Лекин хизмат олдингига қараганда яхшиланмоқда.

Кадрлар тақчиллиги. Кўпгина китобларнинг таржима сифати паст, имло хатоларига тўлиб кетган. Бу соҳада сифатли кадрлар бор, лекин кам. Масаланинг бошқа томони ҳам бор: айрим нашриётлар китоб таннархини пасайтириш мақсадида кадрларга кетадиган харажатни тежаб қолишга интилишади. Натижада, сифат ҳам тушиб кетади.

Янги ижодкорларни топиш. Халқ севиб ўқийдиган ёзувчилар, шоирлар камайиб кетган. Балки янги номлар чиқса, одамларнинг қизиқиши яна ортар.

Халқаро китоб савдоси анча илгарилаб кетган. Чет эл тажрибасида китоб тарғиботи ТВ, радио ва кўчадаги баннерларда қилинади ва бу ўзини оқлайди. Масалан, 10 евролик китобнинг чакана савдоси 20 еврога баҳоланади. Бизда эса нархнинг 500 сўмга ўзгариши ҳам кўп нарсага таъсир қилади. Шунинг учун ҳам молиявий жиҳатдан кўча, жамоат транспортига баннер осиш, радио ва телевидение тарғиботи самара бермайди. Одамлар кам китоб харид қилишади ва унга кўпроқ маблағ ажратишга тайёрмас.

«Бир хил номдаги китоблар ўқувчини бездирди» 

Садоқат Холмонова (китобхон):

Нашриётлар фаолиятида янгилик кам. Янги нашр, деб аллақачон таржима қилинган асарларни ёки қайта-қайта нашр этилган китобларни чоп этишмоқда. Китоб дўконларига борсангиз, бир хил номдаги асарнинг турли нашриёт томонидан нашр этилган китобларига кўзингиз тушади. Нашриётлар малакали таржимонлар билан ҳамкорликда янги-янги асарларни таржима қилиб нашрга тайёрлаши, ҳеч бўлмаганда бутун дунёга машҳур дурдона асарларни ўзбекчалаштиришга ҳаракат қилиши керак. Ҳадеб эски асарларга мурожаат қилавермай бутун дунё қандай асарларга мурожаат қилаётганлигини ўрганиб, уларнинг нашри билан шуғулланишса, яхши бўларди.

«Чоп этилаётган китоблар адади талабни қондиролмайди»

Шарофат Исмоилова (китобхон):

Китоб савдоси, оддий тил билан айтганда, жуда секин савдо. Бир китобни сотиб олган харидор кейинги сафар унга эҳтиёж сезмайди. Бу эса нашриётларни чиқараётган китоб тиражига ўйлаб муносабатда бўлишга ундайди. Ваҳоланки, китоб адади қанча кўп бўлса, шунча арзон бўлади. Айни пайтда бир номдаги китоб адади 5 минг нусхадан ошмайди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бугун кўпчилик электрон китобларга мурожаат қилаётгандир. Нашр эттирилаётган китоблар адади ўқувчи талабини қондиролмайди. Талаб ва таклиф мувозанатда эмас. Масалан, ўтган йилдан бошлаб Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан «Замонамиз қаҳрамони»  рукни остида замонавий ўзбек адиблари: Исажон Султон, Луқмон Бўрихон, А.Йўлдошев, Қ. Норқобилларнинг асарлари чоп этилди. Уларнинг адади 3000 нусха, холос. Наҳотки 30 миллионлик республика аҳолиси учун шугина китоблар етарли бўлса?

Илмий адабиётларнинг адади эса бундан ҳам кам. Ўзим филология факултетида таҳсил оламан. Ҳар қандай бадиий асарнинг калити илмий адабиётлар орқали очилишини бизга кўп таъкидлашган. Лекин баъзи адабиётлар ҳатто талабалар қўлига етиб бормайди. Масалан, «Ўзбек адабий танқиди»  антологияси (2011 йил. «Турон-Иқбол»  нашриёти. Адади 16000 нусха), «Адабиётшунослик луғати»  Д.Қуронов, З.Мамажонов ва б. (2013 йил. Академнашр. 2000 нусха). Бундай луғат ҳар бир адабиёт ўқитувчиси қўлида бўлиши керак. Энди таққослаш учун бир мисол келтираман: яқинда эски китоблар бозоридан Стендалнинг «Парма ибодатхонаси»  асарини сотиб олдим. 1990 йилда “Медицина” нашриётидан чиққан. Адади 75000 нусха.

Нашриётларда ҳақиқий вазият қанақа?

Китоб савдосини ҳам фойда олувчи, ҳам халқ маънавиятини оширишга хизмат қиладиган бизнес турига айлантириш мумкинми? Республикадаги етакчи нашриётлардан бўлган «Ўзбекистон»  НМИУ, «Шарқ»  НМАК маркетинг бўлими ходимлари ва «Академнашр»  НММ МЧЖ раҳбари Санжар Назар билан боғланиб, долзарб саволларга жавоб олинди.

Маълум китобни нашр қилишда китобхонлар талаби ўрганиладими? Қай тарзда ўрганилади? Бу бўйича махсус статистика тузиладими?

«Ўзбекистон»  НМИУ: Ҳар йили октябрь-декабрь ойларида нашриётнинг келгуси йил учун нашрлар режаси ишлаб чиқилади. Ҳар йили демографик, иқтисодий, ижтимоий ва очиқ манбалардаги маълумотлар асосида умумий статистик таҳлиллар олиб борилади. Бунда аҳоли, шунингдек,мактабгача таълим муассасаси, мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юртлари ўқувчи ва талабалари сони, ёши, фаолият йўналиши, қизиқишлари инобатга олинади.

«Шарқ»  НМАК: Китоб нашр этилишидан аввал компаниянинг махсус комиссияси фикри ўрганилади. Нашрлар рўйхати китобхонларнинг талаби асосида шакллантирилади. Нашриётга келиб тушаётган сўровлар, қолаверса, харидорларнинг маълум жанрдаги китобларни чоп этиш зарурлиги ҳақидаги таклифлари асосида аниқланади. Бу бўйича нашриёт томонидан сўровнома (анкета) лар жорий қилинган бўлиб, доимий равишда китобхонларнинг фикри ва таклифи инобатга олиб борилади.

«Академнашр»  НММ МЧЖ: Нашрларимизнинг асосий қисми йил аввалида тасдиқлаб олинадиган режа асосида чоп этилади. Гарчи маркетинг тадқиқотлари, турли тадбирлар, учрашувлар ва ижтимоий тармоқлардаги мулоқотлар воситасида китобхонлар талабини ўрганиб боришга ҳаракат қилинса-да, оммавийликни асосий мезон қилиб олмаганмиз. Озми-кўпми ўқувчининг талабига, дидига таъсир қилишга уринамиз.Биз ихтисослашган нашриётларданмиз. Фаолиятимизнинг асосий қисмини илмий, илмий-оммабоп адабиётлар, луғатлар, интеллектуал ривожлантирувчи болалар китобларини ташкил қилади.

Нашриётда онлайн китоб савдоси йўлга қўйилганми?

«Ўзбекистон»  НМИУ: Нашриётнинг расмий веб-сайтида онлайн китоб харид қилиш модули яратилган бўлиб, ҳозирда уни ишга тушириш ва такомиллаштириш бўйича техник мутахассислар жалб қилинган.

«Шарқ»  НМАК: Компаниянинг www.sharq.uz сайтида онлайн китоб савдоси йўлга қўйилган. Харидорлар учун янада функционал қулайликлар яратиш учун ҳозирги вақтда сайтда техник созлаш ишлари олиб борилмоқда. Яқин вақт ичида сайтимиз янгича замонавий қиёфада намоён бўлиб, нафақат китобларни онлайн сотиб олиш, балки уларнинг электрон шаклини ҳам юклаб олиш мумкин бўлади.

«Академнашр»  НММ МЧЖ: Нашриёт китобларини ўқувчилар сайтдан ёки ижтимоий тармоқларлаги саҳифаларимиздан сотиб олишлари мумкин.

Сотилмай қолган китобларнинг кейинги тақдири нима бўлади?

«Ўзбекистон»  НМИУ: Ўз вақтида сотилмай қолган китоблар кейинчалик нашриётнинг китоб дўконида махсус чегирма нархларда сотилади. Қолаверса, нашриёт томонидан ўтказиладиган хайрия тадбирларида совға қилинади.

«Шарқ»  НМАК: Сотилмайдиган китобни ўзи бўлмайди. Фақатгина сотилиш даври бироз чўзилиши мумкин. Бундай ҳолларда йили эскирган китобларни харидорларга ҳар хил акциялар ва чегирмалар орқали савдога чиқарамиз.

«Академнашр»  НММ МЧЖ: Бунақа муаммо йўқ. Китоб савдоси секин бўлиши мумкин, аммо тўхтаб қолмайди.

Ўзбекистонда китоб савдоси соҳасида қандай долзарб ва ҳал қилиниши шарт бўлган масалалар мавжуд?

«Ўзбекистон»  НМИУ: Албатта, ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар ҳам мавжуд. Жумладан, мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларига бир хил нархда китоб етказиб бериш масаласи ҳалигача ўз ечимини кутмоқда.

«Шарқ»  НМАК. Республикамизда китоб савдосини назорат қиладиган, тартибга соладиган ягона бошқарув тизими ташкил этилиши лозим. Мазкур тизим республика бўйича китоб савдо корхоналаридан йиғилган маълумотларни статистикасини, таҳлилини олиб бориши лозим. Шунда қуйидаги саволларга жавоб олиш имконияти бўлади:

  • Ҳозирги пайтда республикада нечта китоб савдосига ихтисослашган китоб дўкони бор? Қайси ташкилот томонидан қайд этилган?
  • 2018 йилда ва 2019 йилнинг биринчи чорагида қанча китоб маҳсулотлари сотилди?
  • Китоб савдосига ихтисослашган дўконлардаги нархларни ким назорат қилади, белгилайди ёки тавсия этади?
  • Китоб бозоридаги мавжуд номутаносиблик ва «қора бозор»  билан ким курашади ва қачон ечимини топади?
  • Қайси жанрдаги китоблар 2018 йилда харидоргир (bestseller) бўлди?
  • Қайси муаллифнинг китоблари оммалашди?
  • Ихтисослашган китоб дўконларидаги ишчи ходимлар қаерда ва қачон малакасини оширган ва ўзи шундай муассаса мавжудми?
  • Китоб савдосига ихтисослашган дўконларнинг қанчаси қарорда берилган имтиёзлардан, префиренциялардан фойдаланди? Фойдаланмаганлар кимдан маслаҳат сўради ёки уларни ким йўналтирди?
  • Йил давомида қанча сайёр китоб савдо-ярмаркалари ташкиллаштирилди?

«Академнашр»  НММ МЧЖ: Биринчидан, нашриёт томонидан чиқарилаётган китоблар ноқонуний равишда чоп этилиб, ҳақиқий баҳосидан арзон нархга сотилмоқда. Бунга қарши курашадиган, биз, ноширларнинг додини эшитадиган ҳеч ким йўқ. Қаерга мурожаат қилишни билмаймиз. Бизга ноширлар ҳуқуқини ҳимоя қиладиган, уларни бирлаштирадиган, муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашадиган уюшма керак. 

Иккинчидан, китоб савдосини қандай юритиш керак, қандай қилиб кўпроқ харидорларни жалб қилиш мумкин, маркетинг усулларидан қай тарзда фойдаланиш мумкин каби саволларга жавоб берадиган семинар-тренинглар ташкиллаштирилиши керак. Бунда хориж ва маҳаллий мутахассислар жалб этилса яхши бўларди. Учинчидан, муаллифнинг қадрини юқорига кўтариш керак. Афсуски, бугун нашриётлар муаллифга ўз шартларини қўяди, аслида аксинча бўлиши керак. Тўртинчидан, хусусий, кичик нашриётлар яшаб қолишига кўмаклашадиган махсус дастур ишлаб чиқилиши лозим.

Хулоса шундайки, китоб савдосига қадар ноширлик иши шунча кўринмас «чирмовуқ» лар билан ўралашиб қолган. Китобхон эса доим мазмунга бой, албатта, камхарж китобларни расталардан қидиради. 

Муҳаббат Маъмирова

Муҳаббат Маъмирова
Тайёрлаган Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид