Иқтисодиёт | 14:17 / 15.07.2025
4540
2 дақиқада ўқилади

Citibank Ўзбекистонда ваколатхона очмоқда

Активларининг ҳажми бўйича АҚШдаги топ-учта банкдан бири Citigroup Тошкентда офис очади. Корпорациянинг Туркиядаги шуъбаси бунинг учун Ўзбекистон Марказий банкидан аккредитация олди.

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Марказий банки 10 июл куни Citibank AS'нинг ваколатхонасига аккредитация берди.

МБ реестрига кўра, рухсатнома 3 йилга берилган ва 2028 йил 9 июлгача амал қилади. Ваколатхона раҳбари сифатида Аббос Жўрабоев кўрсатилган.

Регуляторнинг қайд этишича, Citi Ўзбекистон молия бозорини ўрганиш ва давлат органлари ҳамда молия ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида офис очмоқда.

Citibank AS – Citibank'нинг (АҚШ) Туркия Республикасидаги шуъба банки ҳисобланади. 

Citibank – етакчи молия ташкилотларидан бири бўлиб, дунё бўйлаб 180 дан ортиқ мамлакатда чакана, корпоратив, инвестицион банк хизматлари ҳамда активларни бошқариш хизматларини кўрсатади.

Корпорация Ўзбекистонда офис очмоқчи экани 2023 йилда маълум бўлганди. Ўшанда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ню Йоркка ташрифи доирасида Citigroup раиси Жон Дуган билан учрашув ўтказган эди.

Ўтган ойда Citigroup'нинг мижозлар билан ишлаш бўйича бош директори Девид Ливингстон бошчилигидаги делегация Тошкентга келиб, инвестиция вазири Лазиз Қудратов билан учрашган эди.

  • Аввалроқ Тожикистоннинг Ориёнбанки Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпган, Марказий банк 3 июн куни ваколатхонанинг аккредитация гувоҳномасини бекор қилганди.
  • Марказий банк реестрига кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 8 та хорижий банкнинг ваколатхонаси фаолият юритмоқда: Газпромбанк (Россия), J.P. Morgan Chase (АҚШ), Commerzbank AG, Landensbank Baden-Wurttemberg (Германия), Shinhan bank, Eximbank (Корея), Хитой Экспорт-импорт банки (Хитой), Citibank AS (Туркия).
Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид