Ўзбекистон | 15:37 / 16.10.2018
10272
5 дақиқада ўқилади

Икки томонлама диплом бериш дастури. 350 нафардан ортиқ олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда

Ўзбекистонда олий таълим тизимига республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим бўғини сифатида эътибор қаратилиб, соҳада жамият тараққиётининг устувор йўналишларига мос равишда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Биргина 2018/2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларида замонавий йўналишларда малакали кадрлар тайёрлаш ҳажми ва сифатини ошириш бўйича кенг кўламдаги тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 13 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилди, уларнинг учтаси нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг филиалларидир.   
  
Иқтисодиётнинг реал секторларида мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда жорий ўқув йилидан бошлаб 66 та замонавий таълим йўналишлари ва 
48 та магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Жамиятда олий таълим олишга бўлган талабдан келиб чиққан ҳолда таълим шакллари ва қабул квоталари мунтазам оширилмоқда. Бугунги кунда фуқаролар кундузги, кечки, сиртқи, махсус сиртқи, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим каби таълим шаклларида олий таълим олиш имкониятига эгалар. Қабул квоталари жамиятдаги мавжуд эҳтиёж ва ривожланиш суръатига қараб ошириб борилмоқда, жорий йилда ўтган йилга нисбатан 30%га ошган бўлса, сўнги беш йилликда эса бу кўрсаткич икки баробар кўпаяди.
  
Янги ўқув йилидан 15 та олий таълим муассасасида етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма диплом дастури асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиб, уларда фаолият кўрсатадиган 462 нафар профессор-ўқитувчилар хорижий таълим марказларида стажировка ўтаб келишди.  
  
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 8 та филиал, 22 та қўшма факультет, 46 та икки томонлама қўшма дастурларни жорий қилиш бўйича музокаралар олиб борилди. 950 нафар хорижий мутахассисни республика олий таълим муассасаларида педагогик ва илмий фаолиятга жалб қилиш юзасидан келишувга эришилди.
  
Ўзбекистон малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқот фаолияти билан шуғулланиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш борасида, айниқса,  Россия Федерацияси билан стратегик аҳамиятга эга ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда. 
  
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россиянинг М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети, Г.В.Плеханов номли Россия иқтисодиёт университети каби дунё миқёсидаги нуфузли олий таълим муассасаларининг Тошкент шаҳридаги ҳамда Россия “Миллий технологик тадқиқотлар университети “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Уларда 2140 нафар малакали кадрлар тайёрланмоқда. 

Биргина жорий ўқув йилидан бошлаб республикамиздаги тўртта олий таълим муассасасида Россиянинг нуфузли олий ўқув юртлари билан  ҳамкорликда икки томонлама диплом бериш «Double degree» бўйича қўшма дастурлар асосида жами 350 нафардан ортиқ олий маълумотли кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 20 июлдаги қарори билан Тошкент шаҳрида “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиали ташкил этилди ва кейинги ўқув йилидан филиалда ўқув жараёнлари бошланади.

2018 йил 1 августда  Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Москва шаҳридаги Миллий ядро тадқиқотлар университетининг Москва муҳандислик-физика институти билан магистратура бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан шартнома имзолади. Шартномага кўра мазкур олий таълим муассасасида ўзбекистонлик талабалар учун 2018/2019 ўқув йилида “Ядровий энергетика ва иссиқлик физикаси” ҳамда “Ядро физикаси ва технологиялари” мутахассисликлари бўйича грант асосида ўқиш учун 30 та ўрин ажратди.

Шу йилнинг октябрь ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги С.Герасимов номидаги Бутунроссия Давлат кинематография институти билан институтнинг Тошкент шаҳрида филиалини очиш ва кино соҳасида етук мутахассисларни тайёрлаш, малака ошириш ва тажриба алмашиш борасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид