Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қирилиб кетаётган жониворлар: тез орада сайёрадан йўқ бўлиши мумкин 13та тур
Айрим турдаги ҳайвонларнинг сони ҳатто юздан камайиб кетган. Мақолада нима учун ушбу ҳайвонлар қирилиб кетиш арафасида экани ва ҳозирда уларнинг кўпайишини қандай қилиб тиклаш мумкинлиги ҳақида сўз боради.
1. Бизон
XX аср бошида бизоннинг барча ёввойи подалари йўқ бўлиб кетди. Ушбу жониворлар эса фақат қўриқхона ва ҳайвонот боғларидагина қолди: 1927 йилда дунёда 52та бизон бор эди холос. Улар сонининг бу даражада қўрқинчли қисқаришига назоратсиз ов ҳамда уларнинг табиий яшаш макони бўлган ўрмонларнинг кесиб юборилиши сабаб бўлди. Россияда уларнинг сонини тиклаш учун 1940-1950 йилларда иккита питомник: Приокс-Террас ва Окс қўриқхоналарига асос солинди. У ерда жониворлар парваришланиб, кейин ёввойи табиатга кўчирилади. 2020 йилга келиб, Халқаро бизон подаси китоби маълумотларига кўра, Россияда бизонлар сони 1 588тага, дунёда эса 8 461тагача кўпайди.
2. Архарлар
Илгари ушбу ёввойи тоғ қўйлари Олтой этаклари ва Забайкалье тоғларида зич яшарди. Бироқ ҳозир Россияда бор-йўғи 1 300га яқин архар қолган. Уларнинг сони овчилик саноати туфайли камайди: браконьерлар уларни катта қайрилган шохи ва гўшти учун ўлдириб юборди. Кубокларни қўлга киритиш йўлида уларни ҳатто совет даврида пайдо бўлган расмий тақиқ ҳам тўхтатиб қолмади. 1970 йилдан бери архарлар сони етти марта қисқарди. Қўйларнинг сонини барқарорлаштиришда улар яшайдиган жойларни алоҳида қўриқланадиган табиий ҳудудга айлантириш ва Олтой аҳолисининг ёрдами қўл келди: маҳаллий аҳоли учун тоғ қўйи муқаддас саналади.
3. Дзерен (мўғул антилопаси)
Ҳозирда Россия ҳудудида 13,5 мингга яқин дзерен яшайди, бироқ ҳар доим ҳам бундай бўлмаган. XX аср ўрталарига келиб, ушбу тур мамлакатда бутунлай йўқолиб кетди ва Мўғулистондагина қолди. Бунга бир неча омиллар сабаб бўлди: даштларнинг ҳайдалиши ва машина ҳамда мотоциклларнинг пайдо бўлиши билан антилопаларни овлаш осонлашди, шу билан бирга айрим вақтларда улар ғилдираклар остида нобуд бўлди. Озиқ-овқат учун Жаҳон уруши вақтида кўплаб дзеренлар қириб ташланди. Россияга уларни қайтаришда Даур қўриқхонасига асос солиниши ҳамда рус-мўғул ҳамкорлигининг йўлга қўйилиши ёрдам берди: ҳозирда антилопалар давлатлар чегарасини бемалол кесиб ўтиши мумкин.
4. Амур йўлбарси
Амур йўлбарси чиройли ва қалин мўйнага эга. Шунинг учун у ХХ асрнинг биринчи ярмида браконьерларнинг севимли ўлжасига айланди. 1940 йиллар бошига келиб, бор-йўғи 50тага яқин ана шундай йўлбарс қолди. Қирилиб кетишни тўхтатиш учун йўлбарс болаларини овлаш ва тутишга тақиқлар жорий этилди. Улар яшайдиган ҳудуднинг тўртдан бир қисми алоҳида қўриқланадиган табиий ҳудудга айлантирилди. Бу ўз натижасини берди. 2015 йилда Узоқ Шарқда 523-540тага яқин йўлбарс бор эди. Улар ўзи яшайдиган ҳудуд чегарасини ҳам кенгайтирди. Ҳозирда уларни Приморск ва Хабаровск ўлкалари, Амур ва Еврей автоном областларида учратиш мумкин.
5. Пржевальск оти
Ушбу от ҳақидаги илк қайдлар 1881 йилда пайдо бўлган. 1969 йилга келиб эса, Мўғулистонда сўнгги отни учратишган. Уларнинг қирилиб кетишига ов ҳам, инсон томонидан от яшайдиган ҳудудларнинг ўзлаштирилиб, уларни одатдаги суғориш ва яйлов жойларидан маҳрум этилиши сабаб бўлган. Мазкур тур батамом йўқолмаслиги учун уларни кўпайтиришда ҳайвонот боғи ва питомниклардаги Пржевальск отларидан фойдаланилди. Ҳозир тирик бўлган турлар, 2000-2500тага яқин, жониворнинг аждодлари саналади. Россияда уларнинг сони 69та. Ушбу тур Пржевальск отларини қайта тиклаш маркази ҳудудида яшайди.
6. Сайғоқ
1950 йилда Россияда қарийб 800 мингта, 2015 йилда эса бор-йўғи 5 мингта сайғоқ бўлган. Сайғоқларни тиббиётда қадрланадиган шохлари учун овлайдиган браконьерлар туфайли уларнинг сони қисқариб кетди. Сайғоқни ўлдирганлик учун жиноий жавобгарлик – миллион рублгача жарима ва озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилган. Бироқ бу пул ишлаш дардида бўлганларни тўхтата олмаяпти. Улар сонини сақлаб қолиш учун чора-тадбирлар мажмуидан фойдаланилади: улар яшайдиган ҳудудни қўриқлаш, суғориш жойларини сунъий яратиш ва йиртқичлар сонини тартибга солиш. 2020 йилга келиб, Россияда сайғоқлар сони 6 350тагача ўсди, бироқ улар орасида нар сайғоқлар улуши кўп эмас – бор-йўғи 11 фоизни ташкил этади.
7. Узоқ шарқ леопарди
Бу энг ноёб ёввойи мушук Россия Приморск ўлкасининг жануби-ғарби ва Хитойда яшайди. ХХI аср бошида узоқ шарқ леопарди сони бор-йўғи 30та эди. Бундай бўлишига браконьерлар, ўрмонлар кесилиши, йўллар кенгайиши ва ўрмон ёнғинлари сабаб бўлган. Табиий яшаш ҳудуди қисқаргач, леопардлар озиқланадиган туёқлилар сони ҳам камайган. Ҳозирда улар Халқаро табиатни қўриқлаш иттифоқи Қизил китобига киритилган. Ушбу тур сонини тиклаш учун 2012 йилда йиртқич яшайдиган ҳудуднинг 80 фоизини қамраб олган “Леопард ери” ташкил этилган. Ҳозирда бу ҳудудда 113та леопард яшайди.
8. Осиё леопарди
XX асргача бу йиртқич ҳайвон кўп сонли эди. У Кавказдаги барча тоғларда яшарди. Ҳозир эса узоқ масофадаги ерларда яшайдиган бир-икки леопардни учратиш мумкин. Бунга сабаб леопардни ўлдиришга тақиқ мавжуд эмаслиги бўлган. Жонивор инсоният учун таҳдид сифатида қаралган. Шунинг учун у исталган усулда ўлдирилиши мумкин эди. 2007 йилда Россияда Осиё леопарди реинтродукцияси дастури амал қила бошлади. Ҳайвонларга тутқунликда ўсишга ёрдам берилади ва кейин табиий яшаш ҳудудларига кўчирилади. 2016 йилда учта леопард табиатга кўчирилган.
9. Оқ айиқ
Дунёда бор-йўғи 20–35 мингга яқин оқ айиқ бор. Россияда эса 3 мингдан 4,5 мингтача. Агар ҳеч қандай чора кўрилмаса, 30 йилдан кейин уларнинг сони икки марта қисқаради. Уларга нафақат овчилар (браконьерлар йилига 150-200та оқ айиқни ўлдиришади), балки музликлар эриши, шунингдек, табиат ифлосланиши ва Арктиканинг ўзлаштирилиши таҳдид солмоқда. Оқ айиқларни қирилиб кетишдан сақлаш учун ушбу турни ўрганиш бўйича давлат дастури яратилган ва уларни сақлаб қолиш бўйича стратегия ишлаб чиқилган. Олимлар ҳозирда ҳайвоннинг яшаш ҳудудини аниқлаб, кўчишини кузатиб боришади.
10 ва 11. Гренланд ва кулранг китлар
Гренландия китларининг Охота денгизидаги популяцияси Россиядаги энг кичиги саналади. Қачонлардир у мингта китдан иборат бўлган. Бироқ кит овлаш саноати, туризм, музликлар эриши ва бошқа сабаблар уларнинг сони 300-400тагача камайишига олиб келди. Гренландия китлари Охота денгизида йил бўйи яшаса, кулранг кит популяцияси у ерга ёз ва куз фаслида сузиб боради. Уларнинг сони ҳам кўп эмас – 250тага яқин. Ҳайвонларни қутқариш учун алоҳида давлат стратегияси ишлаб чиқилган. Олимлар уларнинг популяциясини ўрганиш, жумладан, озуқа базаси ва ҳамда яшаш ҳудуди хусусиятларини текширади. Бу эса кейинчалик қандай ҳаракат қилиш кераклигини аниқлаб беради.
12. Қор барси (ирбис)
Қор барси дунёнинг 12та мамлакатида яшайди ва уларнинг барчасида йўқолиб бораётган ва ноёб тур мавқейига эга. Россияда бу ҳайвон популяцияси 70-90та қор барсидан иборат. Улар Олтой-Саян эко минтақасида яшайди. Браконьерлар барсларни кам овлайди, бироқ улар овчилар томонидан бошқа ҳайвонларга қўйилган қопқонга вақти-вақти билан тушиб қолади. Россияда ирбисни сақлаб қолиш учун унинг эркин кўчишини ва Мўғулистон ҳамда Хитойдаги турлар билан контактини таъминлаш зарур. Яна Россияда ана шу турни ўрганадиган дастур мавжуд. Унда қор барсининг кўчиши мониторинг қилинади.
13. Сибир турнаси (Оқ турна)
Турнанинг иккита популяцияси – Ёқут ва ғарбий Сибир турналари мавжуд. Ёқут турнаси 3000тага яқин. Ғарбий Сибир турнаси эса анча кам, бор-йўғи 10та. Қушлар одамлар бориши қийин бўлган жойларда, дарёларнинг қуйи оқимида яшайди. Шунинг учун узоқ вақтгача уларнинг мавжудлиги ҳақида билишмаган. Улар сонининг камайишига сув омборлари қуриши сабаб бўлди. Фақат Россиядагина эмас: қишлаш учун турналар Хитойга учиб кетади. Популяцияни сақлаб қолишга рақобатчи қушлар – Канада турнаси ва Тундра оққуши зарар келтирмоқда. Ҳозирда Окс табиат қўриқхонасида мазкур турни кўпайтириш билан шуғулланишади.
Лайфхакер сайтидан олинди.
Мавзуга оид
13:52 / 02.03.2025
Фарғонада Қизил китобга киритилган қушни ноқонуний сақлаб келган фуқаро ушланди
21:13 / 31.10.2024
Типратикан йўқолиб кетиш арафасидаги тур сифатида Қизил китобга киритилди
13:08 / 05.09.2024
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлардан фойдаланиш тартибига ўзгартириш киритилди
17:30 / 22.03.2024