Ўзбекистон | 09:49 / 22.05.2019
8356
6 дақиқада ўқилади

«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири тасдиқланади

Фото: Getty Images

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Янги таҳрирдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига кўра, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидир.

Халқ депутатлари Кенгашлари тегишли вилоят, туман, шаҳар ҳудудида истиқомат қиладиган фуқаролар томонидан сайланади, уларнинг иродасини ифода этади ва қонунчиликка мувофиқ уни амалга ошириш учун зарур чора-тадбирларни белгилайди.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими вилоят, туман ва шаҳарнинг олий мансабдор шахси ҳисобланади ва тегишли ҳудуддаги ижроия ҳокимиятини бошқаради. Вилоят, Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордирлар. Туман, шаҳар ҳокими юқори турувчи ҳоким ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга бўладилар.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ижтимоий адолат, демократизм, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларни барқарор ривожлантириш, очиқлик ва фаолиятнинг шаффофлиги, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши қарорлар қабул қилади. Вилоят, туман, шаҳар ҳокими қарорлар қабул қилади ва фармойишлар чиқаради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарорлари лойиҳалари мажбурий тартибда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарорлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари ёки Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради, башарти қарорларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бошқа ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, улар имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарори вилоят, туман, шаҳар ҳудудида жойлашган барча давлат бошқаруви органларининг таркибий бўлинмалари, мансабдор шахслар, фуқаролар ва юридик шахслар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

Юқори турувчи маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари, қуйи турувчи давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий йўналишлари:

вилоят, туман ва шаҳар учун умумий бўлган иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланиш вазифаларининг амалга ошириш;

аҳолининг ҳаёти даражаси ва сифатининг мунтазам равишда ўсишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

ҳудуднинг саноат салоҳиятини ривожлантириш;

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида таркибий ўзгартиришларни таъминлаш;

тадбиркорликни ривожлантириш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;

тегишли ҳудудда давлат экологик назоратини амалга ошириш, табиий ресурсларни ҳолатини баҳолаш, экологик зарарли объектлар ҳисобини юритиш, чиқиндилар билан боғлиқ объектларни жойлаштириш масалаларини ҳал қилиш;

аҳоли бандлиги соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;

маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш, шунингдек бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш;

маҳаллий коммунал хўжалигига раҳбарлик қилиш;

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболи ва аҳолини жойлаштириш тизимидан келиб чиқиб, шаҳарлар ва шаҳар аҳоли пунктларини қуриш ва ривожлантириш бўйича ишларни ташкил этиш;

оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш, ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда иштирок этувчи органлар ва муассасаларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги тадбирларнинг маҳаллий бюджетдан молиялаштирилишини таъминлаш;

туризмни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;

ижтимоий хизматларга муҳтож шахсларни аниқлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш, ижтимоий хизматлар соҳасидаги давлат бошқарувининг ҳудудий органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

дори воситалари ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;

васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларнинг, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;

терроризмга қарши курашишни, одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи ҳамда солиқ ва божхона қонунчилигига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи давлат органларига зарур ёрдам кўрсатиш;

қонунийликни, ҳуқуқий-тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

давлат стратегик ва захира резервларини шакллантиришни, уларни тўплаш, сақлаш ва янгилашни инобатга олган ҳолда таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш;

аҳоли пунктлари ва бошқа ҳудудлар учун ёнғин хавфсизлиги бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

давлат чегараларини қўриқлаш, фуқароларни ҳарбий тайёргарлигини ташкил этиш ва раҳбарлик қилиш, умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш билан боғлиқ чора-тадбирларни молиявий ҳамда моддий жиҳатдан таъминлаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа фаолиятлар ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид