Жамият | 18:34 / 23.05.2018
5036
2 дақиқада ўқилади

ЙҲХ соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун йўл ҳаракати иштирокчилари жавобгарлиги кучайтирилади

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун йўл ҳаракати иштирокчиларининг жавобгарлиги кучайтирилади. Бу 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йул ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини 2018-2019 йилларда амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси"да назарда тутилган.

Хусусан, қуйидагиларни назарда тутадиган қонун лойиҳаси тайёрланади:

“йўлда безорилик”, шу жумладан транспорт воситасини бошқариш маданиятига узлуксиз риоя этмаслик, қайрилиш сигнали билан огоҳлантирмай, эгаллаб турган ҳаракатланиш полосасини кескин ўзгартирганча автомобилни агрессив бошқаришда, баланд овозли сигналдан зарурат бўлмасада, асоссиз фойдаланишда ва бошқа ҳолатлар билан ифодаланадиган била туриб қасддан содир этилган хатти- ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш;

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик, жумладан, транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлик учун, шу жумладан мазкур ҳуқуқбузарлик учун маъмурий қамоқ тарзидаги жазо қўлланилишини назарда тутган ҳолда маъмурий жавобгарликни кучайтириш;

ДЙҲХХ ходимларининг транспорт воситасини тўхтатиш бўйича қонуний талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш;

йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган жойни тарк этганлик учун маъмурий жавобгарликни ва хавф остида қолдирганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш;

йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчилари бўлган ва ДЙҲХХ рухсатисиз транспорт воситаларини таъмирлаб олган шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш.

Бу борада ИИВ, Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар масъул этиб белгиланди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид