Таълим | 11:10 / 15.08.2025
5047
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги фаластинликларнинг фарзандлари таълимга жалб этилади

Фаластиннинг Ғазо секторидан Ўзбекистонга келган ва вақтинча яшаб турган фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ўзбекистондаги бир гуруҳ фаластинлик фуқароларга давлат ғамхўрлиги, меҳр-шафқат тамойиллари асосида кўмак бериш тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон қабул қилинди.

Унга кўра, фаластинликларнинг ҳар бир оиласига бирламчи зарурий воситалар (оилада ишлатиладиган ноозиқ-овқат маҳсулотлари тўплами) хариди учун бир марталик кўтарма пул тўлаб берилади.

Фаластинликларнинг оила аъзоларига шахсий ҳамроҳлик қилиш ва индивидуал кўмак бериш мақсадида маҳалладаги ижтимоий ходим бириктирилади.

Фаластинликлар яшаш манзиллари бўйича уларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга жойлаштирилади.

Фаластинликлар давлат мактабгача таълим ташкилотларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловидан 2028 йил 1 январигача озод этилади. Уларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда, «Инсон» марказлари талабномаси асосида жойлаштирилади.

Фаластинликларнинг яшаш манзиллари бўйича оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида ҳисобга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 26 декабрь куни фаластинлик оилаларнинг бир гуруҳи Рафаҳдан Ўзбекистонга эвакуация қилинган эди. Улар даволаниш ва саломатлигини тиклаш учун реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид