Ўзбекистон | 17:29 / 07.12.2023
39880
5 дақиқада ўқилади

Дунё бўйича тестостероннинг энг баланд миқдори Ўзбекистонда кузатилган – тадқиқот

Тестостерон гормони дунё миқёсида йилдан йилга тушиб кетаётгани аниқланди. Бунга озиқ-овқатлар таркибидаги кимёвий моддалар кўпайгани, синтетика кийимлар сабаб бўлиши мумкин. Гормоннинг энг баланд миқдори Ўзбекистон ва Камерунда қайд этилган.

Тестостерон гормони дунё давлатларида қандай миқдорда экани кўрсатувчи ўрганишлар маълум қилинди. Турли давлатлардан тўпланган юзлаб статистикалар орқали эркаклардаги тестостерон миқдор таҳлил қилинган. Унга кўра, гормоннинг энг юқори миқдори Ўзбекистон ва Камерунда кузатилган. Энг паст даража эса Чехия, Латвия давлатларида аниқланган.

Энг баланд тестостерон

Маълум қилинишича, эркаклардаги тестостерон гормонининг пасайиши 1980 йиллар бошларида бошланган. Унинг энг баланд миқдори 2012 йилларда Россиянинг Чита шаҳрида – 34 ёшли эркакларда 1022 нг/дл даражада қайд этилган. Ҳозир Читадаги эркаларда 905 нг/дл аниқланиб, бу рўйхатдаги энг юқори рақам. Лекин бу россияликларнинг тестостерон миқдорини акс эттирмайди. Чунки русларнинг энг асосий қисми Читадан минглаб километр узоқда яшайди. Шунинг учун Россиядаги тестостерон ўртача 545 нг/дл деб ҳисобланган.

Кейинги ўриндаги энг баланд тестостеронли мамлакатлар Покистоннинг Пешовар шаҳри бўляпти. Бу ерда 18-25 ёшлар оралиғидаги эркакларда 2016 йилларда 1090 нг/дл миқдор бўлган. Ҳозир 893 нг/дл даражага тўғри келади.

Чиангмайда (Таиланд) Ҳмонг халқининг 37 ёшлилари 975 нг/дл тестостеронга эга. Ўртачаси – 884 нг/дл га тўғри келади.

Нигериянинг Ибадан шаҳрида 38 ёшли эркакларда 940 нг/дл тестостерон аниқланган. Ўртачаси – 858 нг/дл га тўғри келади.

Тестостерон бўйича ТОП5 давлат

Юқорида энг юқори деб келтирилган 4 ҳудудда тестостерон миқдори баланд. Лекин мамлакатларнинг турли ҳудудларида миқдорлар ўртасида катта фарқ бор. Шунинг учун тадқиқот аҳолисининг асосий қисмида юқори тестостерон аниқланган қуйидаги ҳудудларни энг юқори миқдор деб ҳисоблаган.

Тестостерон энг яхши бўлган топ-5 мамлакат:

  1. Ўзбекистон – 773 нг/дл тестостерон (Тошкент)
  2. Камерун - 731 нг/дл тестостерон (Джутитса)
  3. Озарбойжон – 694 нг/дл тестостерон (Боку)
  4. Мўғулистон - 693 нг/дл
  5. Эфиопия – 671 нг/дл (Аддис-Абеба)

1960 йилдан 2020 йилгача бўлган статистикага кўра, Ўзбекистонда тестостерон гормони ошгани кузатилган.1960 йилларда 700 нг/дл дан бошланиб, 1980 йилларда 767 нг/дл, 2000 йилларда 770 нг/дл ва 2022 йилларга келиб 773 нг/дл ва ундан юқорилаш кузатилган.

Дунёнинг турли минтақаларида ҳолат қандай?

Тадқиқот Марказий Осиё учун тестостеронни ўртача 511 деб қайд этган. Лекин бу аниқ кўрсаткич эмас. Чунки Марказий Осиёнинг давлатлари орасидаги фарқ анча катта.

Масалан, бу гормон Қозоғистонда ўртача 356 нг/длни кўрсатган. Бу ҳудудда тестостероннинг пасайиб боришига қозоқларда урологик касалликлар билан боғлиқ катта муаммо борлигини, бу эса кўпроқ у ердаги экологик ҳолатга боғлиқ эканини ёки пестицидларнинг кучли таъсири, Совет ядровий синовлари натижалари сабаб бўлиши мумкинлиги маълум қилинган.

Дунёнинг турли ҳудудлари бўйича эркаклардаги ўртача тестостерон миқдори қуйидагича:

Марказий Европа – 410 нг/дл

Шарқий Европа 404 нг/дл

Шарқий Осиё – 494.25 нг/дл

Шимолий Европа – 475 нг/дл

Жанубий Европа – 482 нг/дл

Болтиқбўйи давлатлари – 367.7 нг/дл

Форс кўрфази давлатлари – 399.7 нг/дл

Шарқий Ўртаер давлатлари – 430 нг/дл

Ўрта Шарқ – 530 нг/дл

Жанубий Америка – 398,3 нг/дл

Жанубий Осиё – 477 нг/дл

Жанубий Шарқий Осиё – 466 нг/дл

Тестостероннинг камайиб бориши сабаблари нимада?

Тадқиқот тестостероннинг дунё бўйлаб пасайиб кетаётганига озиқ-овқат маҳсулотларига кимёвий моддаларнинг қўшилаётгани, қишлоқ хўжалигида турли пецистеидлардан фойдаланилаётганини сабаб қилиб кўрсатяпти. Шу билан бирга далалар суғорилганда ўсимликлар учун сепиладиган кимёвий моддалар шу сувга қўшилиб сув ҳавзаларига бориши мумкин. Шунинг учун энг асосий сувнинг филтрдан ўтказилганлигига кўпроқ эътибор қаратиш керак.

Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларини пластик қадоқлаш, косметика, ювиш воситалари ва синтетик кийимлар, масалан, полестер ички кийимлари ҳам танага таъсир қилади. Ҳатто овчилик билан шуғулланиб, ҳайвон терисидан кийинадиганларда тестостерон 900гача аниқланган. Уруғлик мойлари ҳам тестостеронни камайтириши мумкин. 

Мавзуга оид