Иқтисодиёт | 19:19 / 27.12.2021
36721
9 дақиқада ўқилади

«ЕОИИга кириш ташқи савдо сиёсатидаги мустақилликдан воз кечилишини англатади» — Эксперт билан суҳбат

Мутахассис бирор иқтисодий ташкилотга қўшилишда унинг оқибатлари икки жиҳатдан таҳлил қилиниши кераклиги, ЕОИИ билан боғлиқ вазиятда эса фақат қисқа муддатли даврдаги аъзоликнинг оқибатларини аниқлашга қаратилган тадқиқотлар ўтказилаётганига эътибор қаратди.

Фото: themag.uz

МFactor лойиҳасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори Нишонбой Сирожиддинов билан «Евросиё иқтисодий иттифоқига киришнинг таҳдидлари ва имкониятлар» мавзусида овозли суҳбат ташкил қилинди. Унда мутахассис ташкилотга аъзоликнинг Ўзбекистон учун фойдали ва зарарли оқибатлари ҳақида тўхталиб ўтди.

ЕОИИ аъзолик янги имкониятларми ёки таҳдид?

— Ҳукумат ушбу икки жиҳатни таққослаб, оптимал йўлни танлаши керак.

Хўш, ЕОИИга аъзолик Ўзбекистон учун қандай янги имкониятларни тақдим қилиши мумкин:

Биринчидан, бу ташқи иқтисодий алоқаларга таъсир ўтказади. Ўзбекистондаги жуда кўп соҳаларда протекционизм даражаси ЕОИИга нисбатан юқори. Кўп товарларнинг импорт божлари, техник тўсиқлар, миллий маҳсулотларга имтиёзлар тақдим этиш даражаси каби омилларни бунга мисол сифатида кўрсатиш мумкин.

Яъни бизда импорт протекционизмининг даражаси анча баланд. Ташкилотга аъзо бўлишнинг биринчи шарти, учинчи мамлакатларга нисбатан ягона импорт тарифи ўрнатишдир. Бу эса Ўзбекистонда ҳозир амалда бўлган импорт божини умумий кўринишда икки баробарга камайтиради.

Бунинг ижобий томони салбий оқибатларига нисбатан кўпроқ. Четдан олиб кирилаётган хомашё нархи қанча арзон бўлса, мамлакат ичида ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулот нархи ҳам шунча паст бўлади. Рақобатбардошлик ошади. Бу дастлабки даврда миллий ишлаб чиқаришга салбий таъсир ўтказса-да, узоқ муддатли истиқболда рақобат муҳитини вужудга келтиришда ижобий омил ҳисобланади.

Умуман олганда, бирор иқтисодий ташкилотга қўшилишда унинг оқибатлари икки жиҳатдан таҳлил қилиниши керак. Ҳозирда ўтказилаётган тадқиқотларнинг аксарияти қисқа муддатли даврдаги аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатларини аниқлашга қаратилган. Лекин давлат учун энг муҳим жиҳат, узоқ муддатли даврда аъзоликнинг иқтисодиётга қандай таъсир қилиши мумкинлигини таҳлил қилиб чиқиш ва аниқлаш ҳисобланади.

Қисқа муддатли даврда маълум маҳсулотлар нархи ошади, маълум маҳсулотлар нархи эса арзонлашади. Бу кўпроқ структуравий ўзгаришлар билан боғлиқ.

Шу билан бирга, узоқ муддатли даврни таҳлил қилиш жуда ҳам қийин. Ўн ёки ўн беш йилдан кейин Ўзбекистоннинг ташқи савдо алоқалари қандай бўлишини аниқ билмаймиз. Ҳозирда ЕОИИ бизга нисбатан эркинроқ савдо муносабатларини йўлга қўйган. Аммо бу қачонгача ва қандай кўринишда давом этиши номаълум. Беш йилдан кейин Ўзбекистонда ташкилотга нисбатан ҳам эркинроқ ташқи савдо тарифларини жорий қилиш истаги юзага келиши мумкин. Бу тарафдан аъзолик зарар ҳисобланади.

Бир жиҳатга эътибор қаратишимиз керак, ЕОИИ бошқа минтақавий интеграцион ташкилотлар, хусусан Европа Иттифоқи ёки Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари иқтисодий ташкилотидаги каби идеалдаги эркин ташқи савдо муносабатларини таклиф қилгани йўқ, яъни ташкилот доирасида протекционизм кучли даражада ва бу ишлаб чиқаришнинг самарадорлигига таъсир қилувчи асосий восита ҳисобланади. Ўзбекистон ташкилотга кирди дегани ўзининг ташқи савдо сиёсатидаги мустақиллигидан воз кечганини англатади.

ЕОИИга кирганимиз заҳоти барча қоидаларни қабул қиламиз. Бу ташкилотдаги ҳозирда биз учун ижобий ҳисобланадиган стандартларни жорий қилиш билан бирга, кейинги даврда ташқи савдони янада либераллаштириш имкониятларидан ҳам маҳрум қилади. Натижада қачон ташкилот доирасидагина ўзгариш бўлса, уни амалиётга татбиқ қилишимиз мумкин бўлиб қолади.

Кўпчилик ташкилотга аъзо бўлиш мигрантлар учун яхши бўлишини айтмоқда. Ҳа, қисқа муддатли даврда бу ижобий самара беради. Аммо умумий Ўзбекистоннинг ривожланишига таъсири ноаниқ.

Мамлакатнинг ташкилотда кузатувчи мақомида бўлиши – бугунги кун учун оптимал ечим деб ўйлайман. Шу давр оралиғида барча ижобий ва салбий томонларини таҳлил қилиб чиқа оламиз. Ҳозирги кунда Россия билан Ғарб мамлакатлари ўртасида зиддиятлар ортиб бормоқда. Турли санкциялар сабаб Россия ва ташкилот мамлакатларида иқтисодий аҳвол ёмонлашса, бу биздаги иқтисодий вазиятга ҳам таъсир ўтказмай қолмайди. Ҳозир ҳам қайсидир маънода Россия билан иқтисодиётимиз боғлиқ, аъзолик эса уни янада кучайтиради. Шу сабаб аъзоликдан олдин узоқ муддатли давр учун иқтисодий оқибатларни таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Евросиё иқтисодий иттифоқи ёки Жаҳон савдо ташкилоти?

— Ўзбекистон суверен мустақил давлат ва ташкилотларга аъзо бўлиши ёки бўлмаслигини ўзи ҳал қилади. Албатта, босим бўлади, бунга ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин ҳам эмас. Охирги йилларда Россияда ЕОИИга аъзо бўлмаган мамлакатлардан келадиган ишчи кучига нисбатан чекловлар ва тақиқлар кўпайиб боряпти. Кўп соҳаларда учинчи давлатдан борган мигрантларнинг ишлаши мумкин эмас. ЕОИИга аъзо бўлган мамлакатлардан борганлар учун эса бунақа чекловлар йўқ. Бу ташкилотга аъзо бўлишга ундовчи босимлардан бири.

Албатта, Ғарб давлатлари Ўзбекистоннинг бу интеграцион ташкилотга киришига қарши ва буни яшираётгани ҳам йўқ. Икки йил олдин АҚШ ташқи савдо вазири Ўзбекистон ЕОИИга кирса, бу унинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигини жудаям кечиктириб юбориши ёки умуман аъзоликка қабул қилинмаслиги ҳақида айтганди. Ғарб давлатлари ЖСТга киришимизни кўпроқ хоҳлашади. Яна бир бор эслатаман, қайси ташкилотга киришини, аввало, Ўзбекистоннинг ўзи ҳал қилади.

Назарий жиҳатдан қарайдиган бўлсак, ҳар икки ташкилотга аъзо бўлиш бир-бирини инкор этмайди. Чунки ЕОИИ давлатларининг 4таси бевосита ЖСТга аъзо. Лекин қайси кетма-кетликда кириш Ўзбекистон учун жуда муҳим масала деб ҳисоблайман. Менинг фикримча, агар ЖСТга кирмасдан, биринчи ЕОИИга кирадиган бўлсак, Ўзбекистон анча нарса ютқазиши мумкин.

Биринчидан, ЕОИИга кирсак, ташқи савдо бўйича ташкилот қоидаларини тўлиқ қабул қиламиз. Унда ЖСТга кириш учун олиб бораётган музокаралар мантиқсиз бўлиб қолади. Чунки ўзимиз ташқи савдо сиёсатимизни мустақил белгилашдан воз кечиб бўлган бўламиз. Масалан, текстил маҳсулотлари учун божни 15 фоиз қилиб ўрнатмоқчимиз. Бу ЕОИИда 10 фоиз қилиб белгиланган. Биз мустақил 5 фоизга божларни ошира олмаймиз. Шу билан бирга, божни 5 фоизга туширмоқчимиз, аммо буниям мустақил ҳал қила олмаймиз.

Иккинчи масала, хўп, ЕОИИга аъзо ҳам бўлдик, дейлик. Маълумки, бир қанча мамлакатлар, хусусан Туркия, Жанубий Корея, Сингапур билан эркин савдо ҳудудини вужудга келтириш бўйича музокаралар олиб боряпмиз. Агар биз ЕОИИга кирсак, алоҳида мамлакатлар билан эркин савдо ҳудудини вужудга келтиришга ҳаққимиз бўлмайди. Ташкилотда шунақа талаблар бор. Қоидаси бўйича мамлакат эркин иқтисодий ҳудуд ташкил қилмоқчи бўлса, бошқа умумий бож тўлови ўрнатиладиган интеграцион ташкилотларга кирмаслиги керак.

Ушбу масалада Украина билан муаммо пайдо бўлганди. Украина Европа Иттифоқи билан эркин савдо ҳудуди тузишни хоҳлади, бу Европа давлатларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Украина орқали ЕОИИга аъзо мамлакатлар ҳудудига божсиз тарқалишини англатарди. Вазият алалоқибат Россия билан ҳозиргача давом этаётган низоли ҳолатни юзага келтирди.

Учинчи масала, биринчи ЖСТга кирадиган бўлсак, ташкилотга аъзо мамлакатлар билан келишган ҳолда, ўз манфаатларимиздан келиб чиқиб, ташқи савдо божларини белгилаймиз. Масалан, бизда самолёт импорт қилишга бож ўрнатишдан ҳеч қандай манфаат йўқ, чунки самолёт ишлаб чиқармаймиз. ЕОИИда эса самолёт импортига 15 фоиз бож мавжуд, сабаби Россияда самолёт ишлаб чиқарилади. Агар аввал ЖСТга кириб, ташкилот билан келишиб олсак, кейинчалик ЕОИИга кирганимизда ҳам айрим маҳсулотлар учун паст бож тўловларини сақлаб қолишга асосимиз бўлади.

Қанча тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришимиз учун импорт хомашё товарларига бож кам бўлса, таннарх арзонлиги жиҳатдан тадбиркорларимиз шунчалик рақобатбардош бўлади, харажатлари камаяди. Шу сабабли, иқтисодий ривожланишимиз учун муҳим бўлган, асосан импорт қилинувчи маҳсулотларга паст божни ўрнатиб олишимиз керак.

Қозоғистон шунақа қилган. Тахминан 3400 турдаги товарларни олиб кириш божлари, ЕОИИдаги стандартларга нисбатан пастроқ. Асос сифатида ЖСТ доирасидаги мажбуриятларини кўрсатишган. Биз ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар манфаатини ҳисобга олган ҳолда, баъзи импорт маҳсулотларига паст бож тўловларини ўрнатиб, кейинчалик ЕОИИга кирсак тўғрироқ бўлади.

Мавзуга оид