Жаҳон | 16:20 / 02.06.2025
41694
16 дақиқада ўқилади

«Рус авиацияси учун қора кун». «Ўргимчак тўри операцияси» ҳақида ҳозиргача нималар маълум?

«Ўргимчак тўри» деб номланган амалиёт доирасида Россиянинг тўртта регионидаги аэродромларга ёппасига зарбалар берилди, УХХнинг қўли узоқ Сибиргача етиб борган. Амалиёт антиқа кўринишда амалга оширилган – йўлда тўхтаб турган юк машиналаридан зарбдор дронлар учиб чиққан.

Фото: Видеодан кадр

Украина дронлари якшанба куни Россиядаги бир нечта ҳарбий аэродромларга зарба берди. BBC Украина хизматининг Украина хавфсизлик кучларидаги манбаси маълумотларига кўра, Россия босқини давридаги энг йирик ҳужум натижасида 40 дан ортиқ самолёт, жумладан, А-50, Ту-95 ва Ту-22 М3 самолётлари аниқ нишонга олинган. Россия мудофаа вазирлиги Украинанинг Россия ҳарбий аэродромларига ҳужумини тасдиқлади ва «бир нечта авиация техникаси» ёниб кетганини маълум қилди.

Россия ҳарбий идораси маълумотларига кўра, Россиянинг бешта региони – Мурманск, Иркутск, Иваново, Рязан ва Амурдаги ҳарбий аэродромлар дронлар ҳужумига учраган.

Россия мудофаа вазирлиги бу зарбаларни «Киев режими томонидан амалга оширилган теракт» деб атади.

Идора хабарида Иваново, Рязан ва Амур областларидаги ҳарбий аэродромларда барча ҳужумлар қайтарилгани иддао қилинган.

Иркутск ва Мурманск областларидаги ҳарбий аэродромларда FPV-дронлари ҳужумидан сўнг бир нечта авиация техникаси ёниб кетди, дея маълум қилди Россия мудофаа вазирлиги шикастланган самолётлар сонига аниқлик киритмасдан.

«Ёнғинлар бартараф этилди. Ҳарбий хизматчилар ва тинч аҳоли орасида қурбонлар йўқ», – дея маълум қилди ҳарбий идора ва ҳужумнинг айрим иштирокчилари қўлга олинганини қўшимча қилди.

Украина хавфсизлик кучлари Россия авиацияси йўқотишлари ҳақида

Украина хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, Украина дронларининг Россия авиабазаларига ҳужуми натижасида стратегик қанотли ракета ташувчиларнинг 34 фоизи зарар кўрган.

«7 млрд АҚШ доллари. Бугун УХХнинг „Ўргимчак тўри“ махсус операцияси натижасида зарбага учраган душман стратегик авиациясининг тахминий қиймати шундай», – дейилади УХХ телеграм-каналида.

Айрим маълумотларга кўра, дронлар Россия ҳудудидан учирилган – улар юк машиналаридан учиб чиққан. УХХдаги манбанинг ёзишича, «Оленя» (Мурманск области), «Белая» (Иркутск области), «Иваново» (Иваново области) ва «Дягилево» (Рязан области) авиабазалари ҳужумга учраган.

Интернетда Малюкнинг «Ўргимчак тўри» операцияси схемаси билан бирга тушган сурати тарқалган.

Ҳужумга учраган регионлар расмийлари нималар деди?

«Дронлар учирилган манба аллақачон блокланган. Бу – фура», – деб ёзди ижтимоий тармоқларда Иркутск области губернатори Игор Кобзев ва дрон ҳужуми Сибирда биринчи бўлганини қўшимча қилди.

Кобзевнинг сўзларига кўра, дронлар «Средний қишлоғидаги ҳарбий қисм»га ҳужум қилган. Ушбу аҳоли пункти Усоле-Сибирская қишлоғи яқинида жойлашган бўлиб, унинг ёнида Белая авиабазаси жойлашган.

Мурманск области губернатори Андрей Чибис ҳам регион ҳудудига дронлар ҳужуми уюштирилганини тасдиқлади.

Ижтимоий тармоқларда ҳодиса гувоҳи Оленегорск яқинида тўхтаб турган юк машинасидан дронлар уча бошлагани айтилган видеони эълон қилинди. Оленегорск яқинида Россиянинг «Оленя» стратегик авиацияси базаси жойлашган.

Россия телеграм-каналларида дронлар кўринаётгани ва отишмалар овози эшитилаётган кўплаб кадрлар тарқатилди.

«Ўргимчак тўри» операцияси

BBC Украина хизматининг УХХдаги суҳбатдошининг ёзишича, махсус операция «Ўргимчак тўри» деб номланган ва унга махсус хизмат раҳбари Василий Малюк шахсан раҳбарлик қилган.

«Ҳозирда УХХ Россия Федерацияси ҳудудида душман бомбардимончи самолётларини йўқ қилиш бўйича кенг кўламли махсус операция ўтказмоқда. УХХ дронлари ҳар кеча Украина шаҳарларини бомбардимон қилаётган самолётларга қарши ишламоқда. Ҳозирда 40 дан ортиқ самолёт йўқ қилингани маълум, улар орасида А-50, Ту-95 ва Ту-22 М3 бор», – деган суҳбатдош.

Украина махсус хизматлари намойиш этган видеолардан бирида Иркутск областидаги «Белая» аэродроми деб таърифланган жойда ёнғин содир бўлганини кўриш мумкин.

Шу билан бирга, бир вақтнинг ўзида бир нечта Россия телеграм-каналлари дронлар кўриниб турган ва отишмалар овози эшитилаётган видеоларни эълон қилди. Хабарларда бу видеолар «Белая» ва «Оленя» базалари яқинида тасвирга олингани айтилади.

Хусусан, Shot янгиликлар канали Украина дронлари учиб чиққани айтилган юк машинаси суратини жойлаштирди.

«Фурадан учиб чиққан дронларни нафақат Иркутскда, балки Мурманск областида ҳам кўришган. Иккала ҳолатда ҳам маҳаллий аҳоли бир хил манзарани тасвирламоқда: катта юк машинаси трассада тўхтайди ва ундан дронлар учиб кетади», – дейилади хабарда.

Дастлабки маълумотларга кўра, Мурманск областида юк машинаси ҳайдовчиси аллақачон қўлга олинган ва кўрсатма бермоқда.

Иккала ҳолатда ҳам гап FPV-дронлар ҳақида кетмоқда, улар масофадан бошқариш учун махсус дастурга эга бўлган.

«Белая» авиабазаси Сибирда, Украина чегарасидан деярли 4,5 минг км узоқликда, «Оленя» аэродроми Мурманск областида, Украинадан деярли 1,7 минг км масофада жойлашган.

УХХдаги манба: дронлар юк машиналар томига яширилган уйчалардан учиб чиққан

BBC Украина хизматининг УХХдаги манбаси махсус хизмат Россия ҳарбий аэродромларига дронлар билан бу зарбани қандай тайёрлагани ҳақида ҳам гапириб берган.

УХХдаги манба уйчалар томига яширилган дронлар акс этган суратларни юборди.

Хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, тўртта авиабазага берилган зарбалар натижасида Россия стратегик авиациясининг 41 та самолёти шикастланган.

Россия ҳукумати дронлар камида иккита база жойлашган ҳудудларга ҳужум қилганини тасдиқлаган, бироқ самолётларга етказилган зарар ҳақидаги маълумотларга изоҳ бермаган.

УХХдаги манба сўзларига кўра, мазкур операцияга бир ярим йилдан кўпроқ вақт давомида тайёргарлик кўрилган ва унинг боришини шахсан Украина президенти Володимир Зеленский назорат қилган, уни амалга оширишга Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюк ва махсус хизмат ходимлари масъул бўлган.

Манба Украина дронлари авиабазаларга яқинлашган юк машиналаридан учиб чиққанини тасдиқлаган.

«УХХ дастлаб FPV-дронларини, кейинроқ эса кўчма ёғоч уйларни Россия ҳудудига ўтказди. Кейинчалик РФ ҳудудида дронлар юк машиналарига жойлаштирилган уйларнинг томлари остига яширилган. Керакли пайтда уйларнинг томлари масофадан туриб очилди, дронлар Россия бомбардимончи самолётларига зарба бериш учун ҳавога кўтарилди», – дейилади хабарда.

Шу билан бирга, УХХдаги манба «ушбу тарихий махсус операцияда иштирок этган одамлар аллақачон Украинага қайтиб бўлгани»ни таъкидлаган.

BBC Украина хизмати суҳбатдоши амалиётда қўлланган дронлар акс этган фотосуратларни ҳам тақдим этди. 

«Бу русларнинг Перл-Ҳарбори». Z-блогерлар нималар демоқда?

Ҳаво базаларига ҳужум қилиш учун дронлар учиб чиққан қутилар ҳақидаги маълумотни россиялик Z-блогерлар ҳам тасдиқламоқда.

«Дронлар жуда яқин масофадан қўллангани сабабли, табиийки, авиацияни зарба остидан олиб қочиш иложсиз эди, шунингдек, уларга қарши „Панцир“, С-300 ва ҳоказоларни қўллашнинг иложи йўқ эди. Ўйлашимча, ҳужум „жедай қиличлари“ билан жиҳозланган дронларга қарши ҳимоя тизимлари нарядлари учун ҳам кутилмаган ҳол бўлди. Шундай экан, янгиликлар яхши бўлиши даргумон», – деб ёзади Россиянинг ҳарбий авиацияси ҳақидаги Fighterbomber канали муаллифи.

У «бу кун кейинчалик Россия узоқ масофали авиациясининг қора куни сифатида эсда қолиши»ни айтиб ўтган.

«Бунга қандай ва нима билан жавоб бериш мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмайман. Ҳа, бизда самолётларни бера оладиган ўнлаб мамлакатлар йўқ. Бу ҳақда Бош штаб бошлиғи қандай фикрда?» – дея риторик саволлар билан мурожаат қилади Курск области губернаторининг собиқ маслаҳатчиси ва таниқли Z-муаллиф Роман Алёхин. У бу русларнинг «Перл Ҳарбор»и бўлганини қўшимча қилган.

«Хўш, қарама-қаршиликнинг янги босқичи. Аслида, бу бизнинг ичкари ҳудудларимизда FPV-дронлари ишлай бошлаши вақт масаласи эди. Ҳозир ҳақиқатни айтиш муҳим. Қанчалик аччиқ бўлмасин», – дейди «Комсомолская правда» ҳарбий мухбири Александр Коц. 

«Бомбардимончи самолётлар совет иттифоқи даврида қурилган ва „қайта тикланмайдиган стратегик ресурс“ ҳисобланади», – деб ёзади Romanov Лайт ҳарбий канали Россия армияси кўрган йўқотишлар ҳақида. 

«Душман манбаларининг ёзишича, „Белая“ авиабазасида яна иккита Ту-160 борти зарбага учраган бўлиши мумкин. Ту-95 билан биргаликда бу камида тўққизта зарарланган самолётдир», – дейди телебошловчи Руслан Осташко йўқотишларни аниқ баҳолаб.

«Бу кучларнинг ядровий стратегик мувозанатига бевосита путур етказишдир. Бу мамлакатимиз ядровий ҳимоясининг пасайишидир», – дейди «Два майора» канали муаллифлари.

Йирик Rybar ҳарбий канали эса Россия мудофаа вазирлиги бу сафар ҳам содир бўлган воқеага тезкор изоҳ беришга тайёр эмаслигини таъкидлади: «Ҳар сафар тартибсизлик юз берганда, бизни „тор жойда“ калтаклашганда ва Россия Мудофаа вазирлиги чизиғида навбатдаги „тешик“ юзага келганда, ахборот хизмати органлари одатдагидек ишлайди: бошини қумга тиқиб, ҳеч нарсага жавоб бермайди».

Зеленский: «Тарих дарсликларига кирадиган қойилмақом натижа»

 

«Ўргимчак тўри» операциясига махсус хизмат раҳбари Василий Малюк шахсан раҳбарлик қилган.
Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти Володимир Зеленский кечқурунги видеомурожаатида Украина хавфсизлик хизмати ўтказган амалиёт бўйича айрим тафсилотларни айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, амалиётни ўтказишга бир ярим йил давомида тайёргарлик кўрилган.

«Энг қизиғи – ва ҳозир ҳам буни очиқ айтиш мумкин –- Россия ҳудудидаги операциямизнинг „офиси“ Россия Федерал хавфсизлик хизматининг областлардан биридаги бошқармаси қароргоҳи яқинида жойлашган эди», – деди Зеленский.

Украина президентининг айтишича, операцияда жами 117 та дрондан фойдаланилган.

«Ва тегишли миқдордаги дрон операторлари ишлади. Аэродромларда жойлаштирилган стратегик қанотли ракета ташувчиларнинг 34 фоизи шикастланди», – деди Зеленский.

«Одамларимиз Россиянинг турли ҳудудларида – учта вақт минтақасида ҳаракат қилишди», – дея қўшимча қилди Украина президенти.

Зеленский Украина хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюк билан учрашув ўтказиб, операцияси якунлари бўйича ҳисоботини тинглаганини маълум қилди.

«Жуда ажойиб натижага эришилди. Украинанинг мустақил натижаси. Режалаштириш бошланганидан то самарали натижага қадар 1,5 йил ва 9 кун. Энг узоқ муддатли операциямиз. Албатта, ҳозир ҳаммасини ҳам айта олмаймиз, аммо Украинанинг бу ҳаракатлари тарих дарсликларига кириши аниқ. Операцияга тайёргарлик кўрган одамларимиз Россия ҳудудидан ўз вақтида олиб чиқилди. Украина ўзини ҳимоя қиляпти ва бу жуда тўғри – биз Россияга бу урушни тугатиш зарурлигини ҳис қилиш учун ҳамма нарсани қиляпмиз», – деди Зеленский.

Авиабазаларга зарбалар Россия қўшинларининг жанговар қобилиятларига қандай таъсир қилади?

Павел Аксенов, BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси:

Стратегик авиация самолётларига зарба бериш энг самарали усуллардан биридир. Булар очиқ майдонда турган катта нишонлар, улар жуда заиф – бундай бомбардимончига етказилган ҳар қандай зарар уни ишдан чиқариши деярли аниқ.

Украина манбалари, OSINT-тадқиқотчилари ҳамда россиялик ҳарбий блогерлар Ту-95 ва Ту-22М3 йўқ қилингани ҳақида хабар беришмоқда. Ту-95МС ракета ташувчиси – базавий версияси 1950-йилларда яратилган, 1980-йилларда серияли ишлаб чиқарилган бомбардимончи самолётнинг энг сўнгги модификациясидир, Ту-22М3 ҳам ўша пайтларда қурилган.

Яъни бу самолётлар 30 йилдан ортиқ вақтдан бери серияли ишлаб чиқарилмайди, улар учун кўплаб бутловчи қисмлар ва деталлар ишлаб чиқарилмайди. Бошқа самолётлардан нимадир олиш мумкин. Бомбардимончи самолётларнинг шикастланиш даражасини аниқлаш қийин, аммо улар яқин орада уча олмаса ҳам керак, агар қачондир уча олса.

Ҳозирча блоглар ва матбуот хабарларида тўққиз рақами бор – гўёки украинлар айнан шунча самолётни йўқ қилишга муваффақ бўлган. Бу Россия стратегик қўшинларининг жанговар қобилиятига катта таъсир кўрсатиши даргумон.

УХХ эса Россия космик-ҳаво кучларининг йўқотишлари анча кўплиги – 40 та самолёт, жумладан А-50, Ту-95 ва Ту-22М3 учар радарлари йўқ қилинганини айтмоқда. Бундай йўқотишларни, агар бу ҳақиқат бўлса, узоқ ва стратегик авиация учун ҳақиқий фалокат деб ҳисоблаш мумкин.

Энди аэродромлар каби нишонларни қўриқлашни кучайтиришга тўғри келади. Қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари, радиоэлектрон ҳимоя тизимларини жойлаштириш, қўриқлаш ходимларини кўпайтириш талаб этилади. Ниҳоят, Россия блогосферасида кўпчилик анча каттароқ ва қимматроқ бўлган бошпаналарни қуришни бошлашга чақирмоқда.

Буларнинг барини амалга ошириш жуда катта маблағ сарфлашни, шунингдек, катта куч сарфлашни талаб қилади – ахир, ҳозир кўриниб турганидек, зарба ҳатто Сибирда ҳам берилиши мумкин.

Иркутск области губернатори Игор Кобзев телеграм-каналида эълон қилган видеодан скриншот. Унинг ёзишича, видеода Иркутск областининг Средний посёлкасидаги ҳарбий қисмга дронлар ҳужуми оқибатларини кўриш мумкин ва бу Сибирдаги биринчи ҳужумдир.

Таҳлил: Россиянинг ёнаётган бомбардимончи самолётлари акс этган кадрлар – Истанбулдаги Украина делегациясининг карталари

Святослав Хоменко, BBC корреспонденти:

Яқинда мен билан суҳбатда Украина ҳукуматининг бир вакили шикоят қилди: бизнинг америкаликлар билан муносабатларимизнинг асосий муаммоси шундаки, улар негадир урушда аллақачон мағлуб бўлганимизни ўзларига сингдириб олишган. Модомики, улар ана шундай шартлардан келиб чиққан экан, бизга таслим бўлишнинг энг юмшоқ шартларини қўймоқчи бўлишади ва бу саъй-ҳаракатларни қадрламаганимиздан қаттиқ хафа бўлади.

Биз эса, албатта, буни қадрламаймиз, чунки мағлубиятга учрадик, деб ҳисобламаймиз, деб ҳисоблайди суҳбатдошим.

Менимча, бу жуда муҳим сўзлар, айниқса Украина-Россия музокараларининг иккинчи раунди олдидан.

Ҳа, биз гўёки Россия томони тайёрлаган меморандумда айнан нималар борлигини билмаймиз. Аммо Москванинг барча оммавий риторикаси у ерда айнан Киевнинг таслим бўлиш шартлари бўлишидан далолат беради.

Ва тунлари Украинани ларзага солаётган рекорд даражадаги дрон ва ракета ҳужумлари – бу «таклиф»га ҳамроҳлик қилади. Ҳаммаси ёмонлигини кўриб турибсиз-ку. Имзо чекинг, сизда карталар йўқ. Сиз ҳам, ўртоқ америкаликлар, уларга босим ўтказинг, ҳаммаси ҳал бўлганини кўриб турибсиз-ку, маъносида.

Украина дронларининг Россия стратегик авиацияси аэродромларига ҳужуми айнан нима ҳал қилинмаганининг яққол далили бўлиши керак.

Россия ҳарбий-космик кучларининг ёқиб юборилган стратегик бомбардимончи самолётларининг фотосуратлари – бу Украина делегациясининг карталари.

Шунинг учун ҳозир Киев қайсидир маънода Россия билан музокараларни айнан эртага ўтказишдан манфаатдор – бу хариталар, яъни фотосуратлар ҳали барчанинг ёдида эканида.

Ва, менимча, Володимир Зеленский Украина делегацияси барибир Истанбулга боришини ва унга айнан мудофаа вазири Умеров бошчилик қилишини, бу фотосуратлар, яъни карталар бутун дунёга намойиш этилгандан кейингина айтгани бежиз эмас.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид