Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вазирлар Маҳкамаси кадастр соҳасига алоқадор қарор қабул қилиши кутиляпти
Ер участкаси, бино ва иншоотлар кадастри соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентлари тасдиқланади
Фото: Shutterstock
Вазирлар Маҳкамасининг “Ер участкаси, бино ва иншоотлар кадастри соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қуйидагилар ер участкаси, бино ва иншоотлар кадастри соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:
ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш, тегишли тизимларни давлат органларининг электрон маълумотлар базаларига интеграция қилиш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнини соддалаштириш;
соҳага оид давлат хизматларини композит тарзда кўрсатишни амалга ошириш;
кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш ва кўчмас мулкни сотишда ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида ўзаро яқин идоралараро электрон ҳамкорлик ўрнатиш;
Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталини (ЯИДХП) давлат хизматлари кўрсатиш учун ягона ахборот майдончаси сифатида белгилаш.
Қуйидагилар тасдиқланади:
Кўчмас мулк объектларига кадастр паспортини тақдим этиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Ипотекани давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Бино ва иншоотларни ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) тўғрисидаги келишувни рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Фуқароларнинг номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти;
Кадастр паспортини ва кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи давлат реестридан кўчирмани бир вақтда тақдим этиш бўйича композит давлат хизматини кўрсатиш схемаси;
Кадастр паспортини расмийлаштириш, қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасини ва кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи давлат реестридан кўчирмани бир вақтда тақдим этиш бўйича композит давлат хизматини кўрсатиш схемаси;
Кўчмас мулк объекти бўйича кадастр маълумотларини ва кадастр йиғма жилдини тайёрлаш хамда кадастр паспортини расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом.
Белгиланишича, ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентларга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахслар қуйидагилар орқали мурожаат қиладилар:
давлат хизматлари марказлари;
ягона интерактив давлат хизматлари портали;
давлат нотариал идоралари;
Давлат активларини бошқариш агентлиги;
риэлторлик ташкилотлари;
тижорат банклари.
Кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, у жисмоний ва юридик шахсларга уларга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мулк объектини кадастр паспортини бериш ҳамда талаб этилганда объектни манзилини белгилаш тартибини белгилайди.
Кўчмас мулк объектини кадастр ҳисобига олиш ва кадастр йиғмажилдини шакллантириш натижасида кўчмас мулк объекти бўйича электрон шаклда кадастр паспорти расмийлаштирилади.
Кадастр паспортининг шакллари қуйидаги турлар бўйича белгиланади:
кўп квартирали уйдаги турар жойнинг кадастр паспорти;
якка тартибдаги турар жойнинг кадастр паспорти;
нотурар жой тоифасидаги кўчмас мулк объектининг кадастр паспорти;
ер участкасининг кадастр паспорти;
кўп квартирали турар жойда жойлашган нотурар жойнинг кадастр паспорти;
қурилиши тугалланмаган объектнинг кадастр паспорти;
Кўчмас мулк объектига кадастр паспорти қуйида келтирилган ҳаракатлар вужудга келганда расмийлаштирилади ёки қайта расмийлаштирилади:
кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи инвентаризация ишлари бажарилганида;
кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда (бунда икки қисмига алоҳида кадастр паспорти шакллантирилади);
айрим бинолар ва иншоотларга ёки уларнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқнинг бошқа шахсга ўтиши муносабати билан ер участкасини бўлишда;
қурилиши тугалланган объектни фойдаланишга қабул қилишга қадар;
ер участкасининг майдони ўзгарганда;
бино ва иншоотлар майдонлари ўзгарганда;
кўчмас мулк объектининг манзилини белгилашда ёки ўзгартиришда;
кўчмас мулк объектининг тоифаси ўзгаришида.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри давлат ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси филиаллари кадастр йиғма жилдини шакллантириб, унинг натижаси бўйича электрон шаклда кадастр паспортини тақдим этадилар.
Кўчмас мулк объектига кадастр йиғма жилдини шакллантириш ва унинг натижаси бўйича кадастр паспортини тақдим этиш ДК филиаллари ва қуйидаги давлат органи ва ташкилотлар билан электрон рақамли имзони (ЭРИ) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади:
Давлат хизматлари марказлари;
Давлат нотариал идоралари;
Давлат активларини бошқариш Агентлиги;
Риэлторлик ташкилотлари;
Тижорат банклари.
Кўчмас мулк объекти бўйича кадастр паспортини бериш схемага мувофиқ амалга оширилади.
Ариза берувчилар кадастр паспортини олиш учун ваколатли органга ўзи келиб мурожаат этади.
Ўзи келиб мурожаат этганда ваколатли орган масъул ходими ариза берувчи номидан давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани электрон шаклда тўлдиради.
Сўровномага кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.
Ваколатли органлар томонидан ариза берувчилардан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
Ваколатли орган сўровнома тўлдирилгандан сўнг тегишли ДК филиалига юборади.
ДК филиали белгиланган тартибда кўчмас мулк объектининг ўлчов ишларини амалга оширади хатловдан ўтказади, талаб этилганда кўчмас мулк объектининг манзилини белгилайди ёки ўзгартиради.
Кадастр паспортини тайёрлаш объектнинг мураккаблигига қараб қуйидаги муддатларда амалга оширилади:
кўчмас мулк объектларининг турар жойга оид қисми бўйича:
кўп квартирали уйдаги квартира — 5 иш кунгача;
якка тартибдаги турар жой (дала ҳовли) — 7 иш кунгача;
кўчмас мулк объектларининг нотурар жойга оид қисми бўйича:
умумий майдони 100 кв.м. гача бўлган кўчмас мулк — 7 иш кунгача;
умумий майдони 100 кв.м дан 1000 кв.м. гача бўлган кўчмас мулк — 10 иш кунгача;
умумий майдони 1000 кв.м дан 5000 кв.м. гача бўлган кўчмас мулк — 15 иш кунгача;
умумий майдони 5000 кв.м дан 15000 кв.м. гача бўлган кўчмас мулк — 20 иш кунгача;
умумий майдони 15000 кв.м дан 50000 кв.м гача бўлган кўчмас мулк — 25 иш кунгача;
умумий майдони 50000 кв.м дан ортиқ бўлган кўчмас мулк — 30 иш кунгача.
Малака шаҳодатномасига эга бўлган кадастр муҳандиси томонидан тайёрланган техник кадастр иши мавжуд бўлса, кадастр паспортини бериш 5 иш куни мобайнида амалга оширилади.
Кадастр йиғма жилди шакллантирилганидан сўнг ДК филиали кадастр паспортини бериш ва манзилни белгиланганлиги ёки ўзгартирилганлиги (талаб этилганда) учун тўлов миқдори қиймати кўрсатилган хабарномани (инвойс) ваколатли органга юборади ёки рад этишнинг аниқ сабабларини ва қонунчилик нормаларини кўрсатган ҳолда уни юборишни рад этади.
Кадастр паспорти тақдим этиш ва манзилни белгилаш ёки ўзгартириш (талаб этилганда) учун ундириладиган тўлов миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 майдаги “Давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини белгилашда табақалаштирилган ёндашув тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 186-сон қарорга асосан белгиланади.
Ариза берувчи хабарномани олгандан сўнг 10 кун мобайнида кадастр паспорти беришнинг тўлов қийматини хабарномада қайд этилган миқдорда тўлайди.
Кадастр паспорти бериш учун тўлов қиймати тўланганлиги ахборот-коммуникация тизими орқали тасдиқланади.
Белгиланган муддатда тегишли тўлов миқдори тўланмаслиги кадастр паспортини беришни рад этиш учун асос бўлади. Ушбу ҳолатларда ариза берувчи умумий тартибда давлат хизматидан фойдаланиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли.
Қуйидаги ҳолларда кадастр паспортини расмийлаштириш бепул амалга оширилади:
кўчмас мулк объекти бўйича бирламчи кадастр йиғмажилди (паспорти) мавжуд бўлиб, бегоналаштирилганда ёки объектда ўзгаришлар (реконструкция, қўшимча ва алоҳида қурилиш) мавжуд бўлмаганда;
кўчмас мулк объектининг бир қисми бегоналаштирилганда ёки тоифаси ўзгарганда объектнинг қолган қисмига;
кўчмас мулк объектининг фақат манзили ўзгарганда. Бунда манзилини белгилаш учун тўлов ундирилади.
Тўлов миқдори қуйидаги тартибда тақсимланади:
а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:
20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;
қолган маблағлар тўлиқ миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри давлат ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси ҳисоб рақамига ўтказилади;
б) Давлат нотариал идоралари, Давлат активларини бошқариш Агентлиги, риэлторлик ташкилотлари ёки тижорат банклари орқали мурожаат этганда:
10 фоизи — Давлат нотариал идоралари, Давлат активларини бошқариш Агентлиги, риэлторлик ташкилотлари ёки тижорат банклари ҳисоб рақамига ўтказилади;
қолган маблағлар тўлиқ миқдорда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри давлат ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси ҳисоб рақамига ўтказилади.
ДК филиали томонидан кадастр паспортини расмийлаштиришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
ариза шакли тўлиқ эмас ёки хато тўлдирилиши;
кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги;
ариза берувчи ёки унинг вакили келишилган вақтда ва манзилда бўлмаган тақдирда ва ўлчов ишларини амалга оширишни имкони бўлмаганда;
ваколатли орган томонидан фақат кадастр паспортини расмийлаштириш бўйича кўчмас мулк объектига тақиқ ёки хатлов қўйилганлиги.
ДК филиаллари томонидан объектнинг кадастр паспортини расмийлаштиришда ушбу бандда кўрсатилмаган асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.
Тўлов амалга оширилганидан сўнг, ДК филиали QR-код (матрик штрихли код) қўйилган кадастр паспортини электрон шаклда расмийлаштиради ва тегишли ваколатли органга юборади.
Ваколатли орган кадастр паспорти тушганидан сўнг ўн дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва талабгорни бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Ваколатли орган талабгорнинг сўровига кўра унга кадастр паспортини электрон шаклда ёки қоғоз шаклида бериши мумкин.
Мавзуга оид
15:57 / 29.12.2025
Тошкентда кадастр ходими 5 минг доллар пора билан қўлга тушди
11:59 / 17.12.2025
Дала четларидан фойдаланган фермерларга солиқ имтиёзлари берилади
08:10 / 08.12.2025
Ер майдони ва кадастр ҳужжатлари учун пора талаб қилганлар қўлга олинди
14:39 / 22.10.2025