Жамият | 16:07 / 03.09.2022
71206
17 дақиқада ўқилади

“Мен ҳақимда тарқалаётган гап-сўзлар туҳмат” – рафиқасининг жасадини икки кун машинада олиб юрганликда айбланган эр

Тошкентда эр аёлини ўлдириб, жасадини икки кун давомида машинасининг юкхонасида олиб юргани ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмаслиги, ўрганиш давомида бу ҳолат ўз тасдиғини топмагани айтилганди. Kun.uz марҳуманинг онаси ҳамда турмуш ўртоғидан интервью олди. Таъкидлаш керакки, қайнона ва куёвнинг сўзлари бир-бирига зид.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“У хотинимни номаҳрамга кўрсатмайман деб боламни 12 соат мобайнида уйда сақлаб ўтирган. Бизга ҳам айтмаган касал бўлганини, дўхтир ҳам чақиртирмаган. Ўлиб бўлгандан кейин чақирган бўлишиям мумкин-да. Болам 9 июнь куни касал бўлган. 10 июнь куни обедларга бориб ўлганини билдик. Қизим ўлгандан кейин хабар беряпти-да. Йўқса болам икки кун бурун бинойидай эди. Соппа-соғ эди болам. Унга мен билан гаплашишига рухсат бермаган, бир йил гаплаштирмади қизим билан”, дейди марҳумнинг онаси Гавҳар Жўраева.

Маълум бўлишича, марҳума Дилноза Жўраева биринчи турмуши ўхшамагани учун 2020 йилда ҳозирги эрига турмушга чиққан.

“Қизим унинг 3-хотини бўлган. Биринчи хотини Америкада, ундан тўртта боласи бор. АҚШ суди уни оила учун хавфли деб топган ва 5 йил давомида фарзандларига яқин келишни тақиқлаган. Иккинчи хотинидан иккита ўғли бор, у билан ҳам яшамайди. Қизим билан никоҳларидан битта қизлари бор.

Майитни экспертизадан олиб чиққанидан сўнг машинага солиб қўйган, ўзи бозорлик қилгани бозорга кетган. Июнь ойи, тасаввур қилинг, 50 даража иссиқ бўлганди, ҳамма билади. Яккасаройдаги “дом”ига бориб сингилларим тўполон қилгандан кейин қўшнилари тушиб келган.

Интернетда тарқалган видео ўша пайтда олинган. Бу вақтда мен Россияда эдим. Ҳаммасини видеога олишни, “участкавой”ни чақиртиришни айтдим уларга. Видеода “участкавой” ҳам турибди машинанинг ёнида, кўргандирсиз. Боламни пиллани ўрагандай ўраб машинадан туширмаган, уйига олиб киришга ҳазар қилган”, дейди марҳуманинг онаси.

Гавҳар Жўраева, марҳум Дилноза Жўраеванинг онаси. Фото: YouTube’даги видеодан скриншот

Марҳуманинг эри Отабек Ҳасан қайнонасининг сўзларини инкор қилди.

“Раҳматли Дилноза менинг учинчи турмушим бўлгани рост. Унгача икки марта уйланиб, ажрашганман. Ҳеч қачон никоҳимда биттадан ортиқ аёл бўлмаган.

Биринчи аёлим билан 15 йил яшаганман. У билан баъзи бир сабабларга кўра, ўзаро келишув асосида 2019 йили қонуний ва шаръий ажрашганман. Биринчи турмушимдан тўрт нафар фарзандим бор. Улар билан ҳалигача кўришиб тураман, фарзандларим мени жуда яхши кўришади, таъминотларини бериб тураман. АҚШдаги ҳеч бир суд мени оталик ҳуқуқидан маҳрум қилмаган, фарзандларимга яқинлашишни тақиқламаган. Буларнинг барчаси бўҳтон.

Кейин бошқа аёлга уйландим. Ундан бир ўғил, бир қизим бор. Никоҳдан кейин уйдагилари хотинимни АҚШга олиб кетишимга рози бўлмагани, шу ерда қолиб яшашимизни сўрагани учун маълум муддатдан кейин унинг талоғини беришга мажбур бўлдим. Чунки мен Америка фуқаросиман, ишим, ҳаётим шу мамлакатга боғланган. Қонуний ажрашиш учун ариза берганмиз. Лекин Ўзбекистон судлари талоғини бериб бўлган хотиним билан ярашишим учун қайта-қайта муддат беравергани, ажратиб юбормагани учун ҳалигача қонуний никоҳимиз бекор қилинмаган. Жараён икки йилдан бери чўзилмоқда.

Дилнозага уйланган вақтим никоҳимда бошқа аёл бўлмаган. Гавҳар Жўраева ҳамда унинг қариндошлари ҳамма жойда бизнинг ЗАГСимиз бўлмаганини айтиб юрибди. Аслида ундаймас. Биз Дубайда расмий никоҳни қайд эттирганмиз. У ернинг қонун-қоидалари асосида бу мумкин. Ана шу ҳужжат асосида аёлимга АҚШ фуқаросининг рафиқаси сифатида виза расмийлаштириш учун Америка элчихонасига ариза топширганмиз. Тез орада қизим ва аёлимни АҚШга олиб кетишимиз керак эди, буни текшириб кўриш қийин эмас. Гавҳар Жўраева Дилнозанинг ўлимида мени айблаб келмоқда, қотил бўлсам шу ишларни қилармидим”, дейди у.

Отабек Ҳасан, марҳум Дилноза Жўраеванинг турмуш ўртоғи. Фото: Kun.uz

Отабек Ҳасан 10 июнда содир бўлган воқеанинг видеоси орадан икки ярим ой ўтиб тарқатилаётгани бежиз эмаслигини таъкидлади. Маълум бўлишича, рафиқасининг майитини Андижонга олиб борганда ўзи ва етмишга яқинлашган отаси Гавҳар Жўраева ҳамда унинг қариндошлари томонидан тошбўрон қилинган, хотинининг қабрига қўйилган қабр тошни ҳам бузиб ташлашган. Шундан сўнг рўй берган ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза берган, айни пайтда тергов давом этмоқда. Эркакнинг сўзларига кўра, қайнонаси ва унинг яқинлари терговни чалғитиш, жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида бу туҳматларни уюштиришмоқда.

“Аёлимнинг жасадини икки кунлаб машинамда олиб юрганим ғирт туҳмат. Экспертизадагилар майитни ўраб, муҳрлаб бераркан, унга қўлингизни ҳам теккизманг, ўрамни очманг. Тўғри қабристонга олиб бориб ўша ерда очинг деб тайинлашди. Мен уни Тошкентда дафн эттирмоқчи эдим, лекин қариндошлари Андижонга олиб кетамиз деб туриб олишди. Отам ва қайнотамнинг сўзларига кириб, бунга қаршилик қилмадим.

Ҳали Андижондагилар етиб келишмаганди. Экспертизадан чиқиб, тўғри Тошкентдаги “дом”имизга қайтдим. Чунки бир ёшдаги Марям қизимни қўшни аёлга ташлаб кетгандим, уйда мен, Дилноза ва қизимдан бошқа одам яшамасди. Уйимизга етиб борган вақтим ота-онам ҳам Қаршидан етиб келиб қолишди. Улар билан кўришиб бешинчи қаватга – қўшнимникида қолган боламнинг ёнига югурдим. Шукур, хархаша қилмай ўтирган экан.

Қолдириб кетган егуликларим тугагани учун “дом”имиз ёнидаги дўкондан сут, NAN, йогурт кабиларни олиб уйга қайтаётганимда андижонликлар келиб қолди. Улар қўлимдагиларни кўриб, майитни машинада қолдириб бунинг бемалол бозор қилиб юрганини қаранглар, деб менга ёпишиб кетишди. Дилнозани тоғасининг ўғли телефонида видеога ола бошлади, йўқ жойдан мени иккки кундан бери жасадни машинамда олиб юришда айблади.

Ҳолбуки Дилноза ўша куни вафот этганди, буни улар ҳам яхши билади. Жасад ўша куни экспертизадан олиб чиқилган, қўлимда у ердан берилган ҳужжатлар ҳам бор. Шаллақилик қилаётганларга эътироз билдирмоқчи эдим, отам “Болам, улар ҳозир куйиб турибди, сен оғирроқ бўлақол. Ҳадемай ўзларига келиб қолишади” деганлари учун жим туришга мажбур бўлдим.

Майитни машинамда Андижонга олиб бордим. У ерда кексалигига қарамай отамни ва мени тошбўрон қилишди, мени ётқизиб олиб тепкилашди ҳам. Отамнинг бошлари ёрилди, бадани моматалоқ бўлди. Шунга чидолмай муштумзўрларга чора кўришларини сўраб ариза бердим. Иш ҳозир терговда. Мен ҳақимда турли иғво ва бўҳтонлар тарқалаётганининг, 10 июндаги видео орадан шунча вақт ўтиб интернетда шов-шув қилинаётганининг сабаби шу”, дейди Отабек Ҳасан.

Отабек Ҳасан рафиқаси Дилноза Жўраеванинг катта фарзандлари билан. Фото: Kun.uz

Марҳуманинг биринчи турмушидан 11 ва 8 яшар иккита қизи бор. Айни пайтда қизалоқлар Андижонда, бувисининг қарамоғида яшаяпти. Иккинчи турмушидан ҳам битта қизи бўлиб, у бир ёшга тўлган. Айни пайтда гўдак отаси Отабекнинг қўлида қолгани айтилмоқда.

“Биринчи турмушидан иккита қизи бор. Катта неварам бу йил 5-синфга, кейингиси 2-синфга чиқади. Кейинги турмушидан битта қиз дунёга келган, у бир ёшда. Олдинги турмушидан ажралгач, интернет орқали ҳозирги эри билан топишганди. Шаръий никоҳ асосида яшашган, биринчи оиласи билан қонуний никоҳдан ўтганди.

Биринчи куёвимга ўзим узатгандим, турмуши ўхшамагани учун қизим кейинги ҳаётимга аралашманг деганига ҳеч нарса қилолмагандим. Ўттиз иккига кирган қиз эди ўша пайтда. Бор-йўғи икки йил яшашди, 2020 йилда турмуш қурганди.

Қизимнинг катта фарзандлари менда. Улар қизим эрга теккандан кейин ҳам 8 ой мен билан яшашганди. Ҳозир уларни васийлигимга оляпман. Чақалоқ отасида қолган, менга кўрсатмайди ҳам, шу пайтгача кўрмаганман ҳам”, дейди Гавҳар Жўраева.

 Дилноза Жўраеванинг қабри. Суратдаги қабртош  марҳуманинг онаси ва қариндошлари томонидан бузиб ташлангани айтилмоқда. Фото: Kun.uz

Отабек Ҳасанга кўра қайнонаси қизи ҳақидаги ҳамма ҳақиқатни айтмаяпти, ижтимоий тармоқларда фақат ўзига қулай маълумотларни улашмоқда.

“Дилноза мендан олдин ҳам уч марта турмушга чиққан, мен унинг тўртинчи эриман. Қайнонам айтгандай иккинчи эри эмас. Буни онаси жуда яхши билади.

Аёлим гўдаклигида қайнотам билан ажрашиб кетган. Кейин яна икки марта эрга теккан. Улардан биридан бир ўғил кўрган. Ҳозир боши очиқ. Дилноза бувисининг қўлида катта бўлган. Уни кўзимнинг олдида юрасан деб девор-дармиён қўшниси ҳам қариндошига мажбурлаб узатган. Аёлим менга биринчи эри бошқа вилоятдаги қамоқхонада қўриқчи бўлиб ишлагани учун 11 ой ишда, 1 ой уйда бўлиши, бундай ҳаёт маъқул бўлмагани учун ажрашганини айтганди.

Кейин онаси уни Россияга чақириб олиб, андижонлик бир йигитга юборади ва Дилноза у билан 4 ой бирга яшайди. У буни яширади. Интернетда турли бўҳтон маълумотлар тарқатиб, мени одам савдосида айблаяпти, лекин аслида унинг ўзи шу ишларни қилиб келган. Раҳматли хотиним менга онаси Андижондаги совчилик хизматлари орқали уни Кореяда 62, Туркияда 56 ёшдаги эркакларга 100 ва 35 минг долларга сотиб юбормоқчи бўлганини айтиб берган. Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бунинг тагига етишни истаса етарлича далил топиш мумкин.

Дилноза иккинчи эри билан бир ойгина яшаган экан. Кейин йўллари айрилган. Ўша пайтда мен жуфти ҳалол қидириб юргандим, таниш аёлларга айтгандим, улар интернетга эълон берган экан. Дилноза менга интернетда ёзиб қолди. Учрашиб кўрайлик, балки бир-биримизга маъқул бўлсак яшаб кетармиз. Бизнинг ҳам бахтли бўлишга ҳаққимиз бор-ку, дегач рози бўлдим.

Учрашганимизда унинг замонавий кийинган аёллигини кўриб, мен қидираётган аёл бошқа эканини айтиб дарҳол хайрлашдим. У қандай аёл хоҳлайсиз деди. Мен айтдим. Февралда танишшган бўлсак март ойида ҳижобга кирди. Ўз ихтиёри билан. Бу вақтда у никоҳимда эмасди. Қолган гапларимга ҳам итоатли эканини кўрганимдан кейин уйланишга қарор қилгандим. Яъни унга уйланиб, мажбуран ҳижобга киритганим ҳақидаги гаплар ёлғон.

Аёлимнинг биринчи турмушидан туғилган қизлари маълум муддат мен билан яшади. Кейин уларга 15 минг долларга уй олиб бердим. Икки йил давомида уларнинг еб-ичиши ҳам зиммамда бўлди. Лекин қайнонам болаларга деб берган пулларимни бошқа нарсаларга ишлатиб юборди. Имкон топди дегунча аёлим ва болаларимни ўртага қўйиб мендан нимадир ундирмоқчи бўлиб келди. Баъзи пайтларда ниятига эришди ҳам. Интернет орқали ўзидан фариштасифат аёл образини яратишга қанчалик уринмасин таниган-билганлар унинг кимлигини жуда яхши билишади”, дейди Отабек Ҳасан қайнонаси ҳақида.

Марҳуманинг онаси қизини шифокорларга кўрсатмасдан уйда олиб ўтирган куёви фарзандининг ўлими учун жавоб бериши кераклигини айтмоқда.

“Қизимнинг ўлимига сабабчи бўлган эри жавобгарликка тортилиши керак. Чунки дўхтирга олиб бормай 12 соат олиб ўтирган. Шу заҳоти шифохонага олиб борилганда қизим ўлмай қолиши мумкин эди.

Қизим ўлимидан 15 кун аввал эри онаси касал бўлгани учун Қашқадарёга кетганидан фойдаланиб, Тошкентда Андижондаги уйимизга қочиб келган. Менга телефон қилиб “Ая, қочиб келдим, бошқа яшамайман у билан” деб айтди. Бир йил давомида биринчи марта телефонда гаплашдик ўшанда. Россияда эдим ўша кезлари.

Эри қизимнинг ҳамма ҳужжатларини олиб қўйган, устидан қулфлаб уч кунлаб йўқ бўлиб кетган, болам гўдаги билан оч қолиб кетган. “Яшамайман, тўйдим”, деб айтди. Мен ҳам у билан ажраш деб айтдим. Чунки қизим жуда озиб кетганди. Аммо қайтиб борсанг сени ўлдиради дегандим. Чиндан шундай бўлиб чиқди.

Қизим бизникига қочиб келгандан кейин телефон қилиб “Сен мендан бесўроқ кўчага чиқдинг, бунга ҳаққинг йўқ эди. Менинг қўлимдан фақат ўлиб қутуласан. Сени бошқасига бериб қўймайман. Мендан бесўроқ уйдан чиқиб, кечки пайт кўчада ёлғиз юргансан” деб айтган. Бу суҳбатни катта неварам ҳам эшитган. Илтимос, ҳақиқат рўёбга чиқсин. Менинг болам ўлиб кетаверадими”, дейди Гавҳар Жўраева.

ЖИДУ битирувчиси бўлган Отабек Ҳасан магитсратура ва аспирантурада президент стипендияси соҳиби бўлган. БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида, БМТ Наркобизнес ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш ваколатхонасида, БМТ бош қароргоҳида (Нью Йорк), Халқаро валюта фондида (Вашингтон) ишлаган. 2008 йилда Америкада ўзининг юридик консалтинг фирмасини ташкил этган. Фото: Kun.uz

Отабек Ҳасан аёли уйга тез ёрдам ходимлари келгач, 45 дақиқадан сўнг вафот этгани, улар ҳам марҳумада ички қон кетиш кузатилаётганини аниқлолмаганини айтмоқда.

“Аёлим кечки овқатдан кейин қайт қила бошлади. Овқатдан заҳарланибди деб ўйладим, бундан бир-бир ярим йилча олдин ҳам шундай бўлганди, уйда дори-дармон билан яхши бўлганди. Дўхтир чақирайлик десам юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетиб қолади, гўдагимизга қаролмаймиз, бола увол бўлади, деб унамади.

Аптекадан дорилар олиб чиқдим. Бир неча бор қайт қилди. Тинчлантирувчи укол қилиб қўйдим аёлимнинг илтимоси билан. Тиббий тайёргарликдан ўтганим учун бу қўлимдан келарди. Уколлардан кейин ухлади. Тонгга яқин яна тоби қочганди, аёлимнинг қаршилигига қарамай тез ёрдам чақиртирдим. Бир эркак, икки нафар аёл келишди. Қусиқларини кўришди, беморни кўздан кечиришди ва овқатдан заҳарланганини тасдиқлашди. Энди қайтиб кетамиз деб туришганда аёлимнинг юрак уриши секинлашиб қолди. Дўхтирлар югургилаб қолишди. Сунъий нафас бериб, юракни массаж қилишгандан кейин аҳволи яхшиланди,

Шифохонага олиб кетамиз дейишди. Нарсаларини йиғиштира бошладим. Яна юрак уриши секинлашиб қолди. Аммо бу сафар юракни уқалаш ҳам, сунъий нафас бериш ҳам фойда бермади. Дўхтирлар жони узилганини айтишди. Мен ўша пайтда қотиб қолгандим. Дўхтирлар ички ишларга хабар беришган экан бирпасда уйимизда одам кўпайиб кетди. Тезкор қидирув ходимлари, криминалистлар, суд тиббиёт экспертлари... Мендан воқеа қандай бўлгани ҳақида оғзаки кўрсатма, ёзма тушунтириш хати олишди. Дўхтирларни ҳам сўроқ қилишди.

Кейин майитни экспертизага олиб кетишди. Мени ёнига яқинлаштиришмади. Ёриб кўриш натижасига кўра бачадон найида ҳомила бўлиб қолгани, най ёрилиб кетиши оқибатида раҳматли аёлимда ички қон кетиш кузатилгани, шу сабабли юракка қон етиб бормагани, ўлимига мана шу омиллар сабаб бўлганини айтди.

Аёлим мен билан бахтли эди. Мен ҳам уни жонимдан ортиқ кўрардим. Эндигина яхши умр йўлдош топгандим. Афсус, тақдиримда шу синовлар ҳам бор экан. Ўлимига қаттиқ қайғурдим, ўзимга келишим осон бўлмади. Гавҳар Жўраева ҳамда яқинлари мен ҳақимда тарқатаётган туҳмат-бўҳтонларга сабр қилиб келдим. Улар буни нотўғри тушуниб ҳаддидан ошишди. Энди ушбу хатти-ҳаракатлари учун жавоб беришларига тўғри келади, буёғига туҳматларни эътиборсиз қолдира олмайман”, дейди Отабек Ҳасан.

Мазкур видеони эфирга тайёрлаётган вақтимизда ижтимоий тармоқларда мавзуга доир янги айбловлар пайдо бўлди. UzGlobal TV ютуб-каналига интервью берган Гавҳар Жўраева Отабек Ҳасанни қизининг катта фарзандларини ҳужрага берганликда айблайди.

Отабек Ҳасан қайнонасининг сўзларини туҳмат деб атади. Kun.uz’га тақдим этган видеомурожаатида у ушбу айбловлар тасдиғини топса қонун олдида жавоб беришга тайёрлиги, акси исботланган тақдирда туҳмат қилаётган шахслар жавобгарликка тортилиши кераклигини таъкидлайди.

Айни пайтда ўлимга сабаб бўлган ҳолатларга янада аниқлиш киритиш учун судга оид комиссиявий экспертиза тайинланган. Бош прокуратурага кўра, экспертиза хулосасидан келиб чиқиб, қонуний қарор қабул қилинади.

Жамшид Ниёзов, журналист

Тасвирчи ва монтаж устаси Мирвоҳид Мирраҳимов

Муаллиф:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид